Гендер тенгликка эришиш стратегияси: Сенат ва Кенгаш ҳамкорлиги

26 Январь 2023 16:30 860 Чоп этиш

Бугун  Судьялар олий кенгашида  Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш борасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Шунингдек, бу борада 2022йилда суд тизимида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

 Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Кадирханова, сенатор Г.Маруфова,  Судьялар Олий кенгаши раҳбарияти, Олий суд ва қуйи суд судьялари, фахрий судьялар ва “Аёл судьялар клуби” масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

  Давра суҳбатида:

-Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти иштирокчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасида фикр алмашинилди.

Иштирокчиларга бу борада суд тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Тадбирда 2023 йилда амалга оширилиши лозим ишлар муҳокама қилиниб, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ва Судьялар олий кенгаши биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар келишиб олинди.

Давра суҳбатида суд тизимида аёл судьялар улушини ошириш масаласи ҳам қизғин муҳокама қилинди, бунда:

-ҳуқуқшуносликка ихтисослашган олий таълим муассасалари  талаба қизларидан тортиб, судда ходим, суд ёрдамчиси вазифасида ишлаётганлардан ташқари бошқа соҳада ҳам фаолият кўрсатаётган ҳуқуқшунос хотин-қизлар билан судьялар ўртасида учрашувлар ўтказиш;

- Судьялар олий мактабига қабул жараёнида хотин-қизлар учун махсус ҳудудий квоталарни белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш;

-хотин-қизлар учун судьялик касби жозибадорлигини ошириш мақсадида айни пайтда фаолият юритаётган аёл судьялар ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиб бориш;

-судья аёллар билим ва тажрибасидан фойдаланган ҳолда жойларда учрашув ва бошқа тадбирлар ўтказиш орқали хотин-қизларга ҳуқуқларини тушунтириб бориш ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

 Аёл раҳбар кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, айни кунда суд тизимида аёл судьялар сони 183 нафарни ташкил этгани ҳолда уларнинг 25 нафари раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатаётганлиги  қайд этиб ўтилди.

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи “Аёл судьялар клуби” фаолияти ҳам сарҳисоб қилинди.

2022 йилда “Аёл судьялар жамоаси” онлайн платформасида
148 та
мавзу бўйича 991 та масала муҳокама қилиниб, бунда касбий фаолиятидаги қонунни қўллаш масалаларидан ташқари маънавий-маърифий ва ахлоқий мавзулар юзасидан фаол фикр алмашилган.

Аёл судьялар меҳнат шароити, ижтимоий муҳофазаси ҳамда одил судловда гендер тенглик масаласида 100 ортиқ таклифлар келиб тушган.

Асосийси, 2023 йилда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ва Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида гендер тенглигини таъминлаш борасидаги ишлар йўл харитаси ишлаб чиққан ҳолда биргаликда амалга ошириладиган бўлди.

 

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech