Ўзбекистон Судьялар клуби: эҳтиёж, тажриба ва натижалар
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилганига икки йил тўлди. Янги тузилма пайдо бўлишини чақалоқ дунёга келишига қиёсланади одатда. Бироқ чақалоқ то йўлга киргунча маълум вақт талаб қилса, янги тузилма дарҳол чопқиллаб кетиши керак. Судьялар клуби фаолияти билан танишган одам ушбу тузилма “туғилиши” ҳамоно чопқиллаб кетганининг гувоҳига айланади.
Муболағали гап бўлди?
Унда бу ёғини эшитинг.
Фақат андак сабрки, асосий гапга ўтишдан аввал кичик чекиниш қилишга тўғри келади.
1
...Замон шиддатини қаранг, ўзгаришларга ақл бовар қилмайди гоҳо. Ижтимоий тараққиёт ижтимоий муносабатларга-да таъсир этаётгани рост (ижтимоий тараққиёт – ижтимоий муносабатларнинг ҳосиласимикан ё?). Нима бўлгандаям ўзаро муомала-муносабатлар доим ҳам бир хил кечиши қийин. Икки ўртада пайдо бўлган муаммо эса юридик тилда “низо” дейилади. Ижтимоий муносабатлардаги ўзгаришлар-эврилишлар илгари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган низолар пайдо бўлишига, бу эса янги қонунлар қабул қилиш ёки борига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига сабаб бўлаётгани кундай равшан. Қонунларни амалиётда тўғри қўллаш орқали ижтимоий адолатни таъминлаш судлар гарданидаги вазифа. Моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш хамирдан қил суғуришдек осон иш эмаслигини биров билар, биров йўқ... Қонунларга муттасил шарҳлар битилиши, шу мавзуда турли семинарлар ўтказилиб, ҳуқуқий қўлланмалар нашр этилиши ёинки вақти-вақти билан Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришлар берилиб борилиши қонунларни тўғри қўллаш масаласи қанчалар нозик ва мураккаб эканини кўрсатиб турибди.
2
Бундан хулосаки, айнан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга тузилмага эҳтиёж бор эди. Айни шу эҳтиёж давлат раҳбарининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони (07.12. 2020 й.) ижроси доирасида Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилиши билан қондирилди. Янада соддароқ айтилса, клуб ягона суд амалиётини шакллантириш, суд қарорлари сифати ва судьялар масъулиятини янада ошириш орқали ижтимоий адолатни таъминлашга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган ҳамда жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи тузилма ҳисобланади. Бироқ бундан Судьялар клуби суд ишларига аралашар экан-да, деган хулосага келмаслик керак. Судьялар клубининг маслаҳат ва тушунтиришлари “тавсиявий характерга эга”лиги қайд этилган фармонда алоҳида таъкид этилди. Яъни, мажбурий эмас - охирги хулоса барибир судьянинг ўзига тан.
3
Ўзбекистон Судьялар клубига барча судьялар аъзо экани ўз-ўзидан аён. Аммо аъзолик бадали деган нарса йўқ. Клубнинг ишлаш тартиби ҳам ўзгача. Яъниким, ҳуда-беҳуда мажлис қилинавермайди. Шунга қарамай клуб фаолияти вақт ўлчови билан чегараланмаган. Судья куннинг исталган вақтида клуб эшигини қоқиши мумкин.
Қандай? Оддий.
4
Замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш қандай самара беришини Судьялар клуб фаолияти мисолида кўриш мумкин. Яъни, Судьялар клубининг асосий иш фаолияти унинг электрон платформаси ҳисобланиб, қайси судьяда иш юзасидан қандай савол туғилса, ўша заҳоти (электрон платформага) ёзиши мумкин. Масала онлайн муҳокама этилади. Айни жараёнда масалага ойдинлик киритилиши бир фойда бўлса, муҳокамада иштирок этган (ёки кузатаётган) бошқа судьялар учун тажриба мактабини ўташи - иккинчи фойдадир. Бунда клуб масъул аъзоларининг беминнат тавсияларини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Чунки, Судьялар клубининг ҳар бир йўналиш (фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий судлар) бўйича жамоатчилик асосида доимий масъул аъзолари бўлиб, улар кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялар ҳамда назариётчи олимлардан таркиб топган.
5
2022 йил давомида Судьялар клубининг электрон платформасида иқтисодий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 1350 та масала муҳокама қилинган бўлса, маъмурий судлар судьялари 850 та масала бўйича тавсиявий характерга масалага эҳтиёж сезишганини кўриш мумкин. Жиноят ишлари бўйича судлар йўналишида бу миқдор 904 тани, фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолияти бўйича муҳокама этилган мавзулар сони 2308 тани ташкил қилади.
Айни рақамлар ҳисобот ёки маълумот учунгина ёзилаётгани йўқ. Аксинча, улар муҳокама этиладиган мавзулар етарли эканини кўрсатиши баробарида шундай клубга зарурият нечоғли эканини намоён этаётгани учун ҳам келтирилмоқда.
6
Шу ўринда яна бир гап: Судьялар клубининг электрон платформасида муҳокамалар қизғин кечиши аниқ. Муҳокамаларда ҳиссиётлар жунбушга келиши эҳтимоли ҳам катта (Абдулла Қаҳҳор бежизга айтмаган: муштлашишдан баҳслашиш ёмон, деб). Ёки, аксинча: айрим судьялар ҳамкасби ёки суд раисидан истиҳола қилиб, фикр билдиришдан тийилиши мумкин. Клубнинг электрон платформасини яратишда шу ва шу каби омиллар эътиборга олинган: ҳар бир судьяга логин-пароль берилиб, улар шахссизлантирилди. Яъни, онлайн муҳокамаларда ҳеч ким бир-бирини танимайди. Бу ҳол судьялар ўз фикр-мулоҳазаларини бемалол ифода этишга кенгроқ имконият беради. Рост-да, муҳокамаларда кимлар фикр билдиргани эмас, балки қандай фикрлар билдиргани муҳим.
7
Муҳокамаларда нима гаплар? Қайд этилган рақамлар ҳам айтиб турибдики, фикр кўп, таклифлар етарли... Уларни мухтасар ифода этсак, иқтисодий ишлар бўйича судлар судьяларига кўра, банклар фаолиятига боғлиқ шартномавий муносабатлар, компенсация ундириш, ерга оид низоларни билан оид ишлар юзасидан суд қарорлари қабул қилишда муайян мураккабликлар бор. Улар бўйича аниқ ҳуқуқий тушунтиришларга эҳтиёж катта. Маъмурий судлар судьялари ер билан боғлиқ низолар, суд ҳужжатлари ижроси бўйича давлат ижрочиларининг қарорлари ёки уларнинг хатти-ҳаракатига оид (ҳаракатсизлиги) аризаларни кўриб чиқишда айрим жумбоқ, ҳуқуқий бўшлиқларга дуч келинаётгани билдиришмоқда. Жиноят ишлари бўйича судлар судьялари ўртасида жазо тайинлашда колония турини белгилаш, Жиноят кодексининг 59-модаси (бир нечта жиноятлар учун жазо тайинлаш) ва 60-моддасини (бир нечта ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) қўллаш, маъмурий назорат масалаларида ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим номувофиқликлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари эса кўпроқ меҳнат, оила, мулк ва уй-жой, шунингдек, алимент, моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар кўпроқ муҳокама қилганини кўриш мумкин.
8
Судьялар клубининг электрон платформасида кўтарилган масалалар ҳар олти ой ва йил якунида кенг доирада муҳокама этилиб, умумлашма таҳлил қилинмоқда. Қайсики масалада қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки Олий суд Пленуми қарори шаклида тушунтириш бериш талаб қилса, Судьялар олий кенгаши томонидан тегишли тақдимнома киритиш амалиёти йўлга қўйилган.. Натижалар йўқ эмас, айнан клубдаги муҳокамалар натижасида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган бунга мисол.
Шунинг учун ҳам клуб фаолияти, ишлаш шакли хорижлик ҳамкор экспертларнинг ҳам ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Чунки, электрон платформада муҳокама этилаётган ҳар бир масала замирида қонун устуворлиги таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси ётади.
9
Ўзбекистон Судьялар клуби таркибида алоҳида “Аёл судьялар жамоаси” мавжуд. Аёл судьяларнинг “алоҳида”лиги улар клубнинг умумий фаолиятидан ажратиб қўйилганини англатмайди. Улар учун алоҳида электрон платформа қилинганинг сабаби бошқа. Тизимдаги хотин-қизларнинг хизмат юзасидан ёки хизматдан ташқари ҳолатлар билан боғлиқ хос масалалар, хос муаммолари бўлиши мумкин, улар “дастурхон қилинмай” тор доирада муҳокама этиш талаб қилинади. Шу сабаб ҳам “Аёл судьялар жамоаси” электрон платформасига уларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким киролмайди – чеклов бор. Зеро, Ўзбекистон Судьялар клуби нафақат “моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича маслаҳатлар, балки “судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш”лар бериш ваколатига ҳам эгалиги юқорида айтилди.
Турсунали Акбаров,
Судьялар олий кенгаши раисининг
матбуот котиби – ахборот сиёсати
масалалари бўйича маслаҳатчиси