Ёшлар тарбиясига эътибор – келажакка эътибордир
“...Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатдан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда. “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди” дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”. Ш.М.Мирзиёев
Бугун ёшлар тарбияси ва уларни илмли, омилкор фарзанд сифатида камолга етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бола тарбияси билан кичик ёшидан бошлаб шуғулланиш масаласига катта эътибор қаратилиб, республика миқёсида барча шарт-шароити бор боғчалар ташкил этилиши, мактабгача ва мактаб таълими тизимида ҳамда олий таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлар – барчаси фарзандлар тарбияси, эртанги кун учундир.
Амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида узоқ гапириш шарт эмас, чунки уларнинг натижасини барча кўриб турибди. Лекин, бугун ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир этаётган ҳолатлар ҳам бор ва бу борада айрим мулоҳазаларни айтиш ўринлидир.
Зеро, донишманд бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб ёмон, ёмонликни ҳар куни таҳқирла, яхши, яхшиликни ҳар кун тақдирла, деб бежиз айтмаган.
Барчага маълум, бугун ахборот тайёрлаш ва тарқатишга монелик йўқ. Ҳар ким турли усулда ахборот тайёрлаши ва тарқатиши мумкин.
Фақат, ахборот тайёрлаш ва тарқатишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонунларимизга кўра, ҳар қандай шахс инсон ҳуқуқи ва қадр-қимматига ҳурмат билан қарашга бурчли эканлиги доим ёдимизда бўлмоғи даркор.
Ҳар қандай ахборот тарқатувчи тарқатаётган маълумоти учун жавобгарликни ўз бўйнига олиши, шунингдек, ушбу материали ўқирман ёки кўрарманга нима бериши юзасидан ўз виждони олдида жавоб бериши лозим.
Оммага етказилаётган ахборотнинг сифати, нимага қаратилгани, яъни, ғояси уни тайёрловчининг билими, дунёқараши, интилиши ва маънавияти билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Афсуслар бўлсинким, бугун интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган хабарларнинг барчасини ҳам инсоният учун маълум маънода керакли ёки жамият ҳаёти учун зарур ёки фойдали, дея олмаймиз.
Аксинча, айни пайтда интернет тармоқлари орқали кўпроқ хиёнат, фаҳш, жаҳолат ҳақидаги, ҳатто мазмунини тилга ҳам олиб бўлмайдиган турли шов-шувли хабарлар, маънавиятимизга буткул ёт маълумотлар тарқатилмоқда. Ҳатто айримлар муомала маданиятини буткул унутган ҳолда одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда бир-бирини очиқ ҳақоратлаган холда чиқишлар қилмоқда-ки, бунга бефарқ, томошабин бўлиб қараб туриб бўлмайди.
Таҳлилий қараганда, фаҳш, зўравонлик ёки иғводан иборат маълумотни тарқатаётганларнинг мақсади битта, у ҳам бўлса “лайк” йиғиш, ўқувчисини кўпайтириш, моддий манфаат кўриш. Тайёрлаган материалининг кўпчиликка, айниқса, ёшларга салбий таъсир этиши билан уларнинг иши йўқ. Улар учун кимнингдир шахсий фожиасидан фойдаланиш уят эмас.
Ушбу ахборот тарқатувчиларда, “Бу тайёрлаган материалимдан одамларга нима наф? Мен ўзи нимани тарғиб қилаяпман? Буни фарзандим, аёлим ёки ота-онам кўрса, нима дейди?”, деган ўй бўлганида, қани эди?!...
Ачинарлиси, ушбу тарқатилаётган маълумотларни барча, шу жумладан, ҳали оқ-қоранинг фарқига бормайдиган фарзандларимиз ҳам кўраётганида! Уларда, “шундай қилиш мумкин экан”, деган тушунча шаклланаётганида ва уларнинг аста-секин азалий қадриятларимиздан узоқлашиб бораётганида! Алал-оқибат ота-бола, она-қиз, эр-хотин ўртасидаги муносабатларга путур етаётганида!
Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг бош омили ҳам ана шунда. Яъни биз катталар уларнинг тарбиясига беъэтиборлигимиз натижаси эмасми?
Зеро, минг йилликларга бориб тақалувчи, асрлар синовидан, ота-боболаримиздан ўтиб келаётган қадриятларимиз топталишига йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекона муомала, андиша, ҳурмат, анъана, бир сўз билан айтганда, ўзлигимизга, ёшлар тарбияси ва эртанги кунимизга бундай муносабатда бўлишга хеч кимнинг хаққи йўқ.
Кимдир, бундай салбий таъсир этувчи маълумотларни тарқатаётганлар эмас, кўраётганлар айбдор, кўрмасин, олам гулистон, дейиши ҳам мумкин.
Психологиядан маълумки, тақиқнинг ўзи қизиқишни келтириб чиқаради. Шунинг учун “биргина кўрманглар”, деган билан масала ҳал бўлиб қолмайди. Яна, бугунги кунда аксарият ёшларимиз, ҳатто мактаб ўқувчиси ҳам интернет тармоқларининг фаол фойдаланувчиси эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Укаларимиздан бири оила, фарзанд тарбияси борасидаги суҳбатимиз асносида, ўн тўрт ёшга тўлиб-тўлмаган ўғли очиқ фаҳш акс этган видеолавҳани телефонига (адашиб) ташлаб юборганлигини сўзлай туриб, кўзига ёш олиб, “болам бу ёшда шу нарсани кўриши керак эмас эди, у маънавий жароҳат олди, буни энди қандай тузатиб бўлади”, деб афсусланди.
Дарҳақиқат, ёшларимизнинг кўнгил мулкига, дунёқарашига салбий жароҳат етказишнинг, ахборот технологиялари орқали тарқатилаётган миллий қадриятларимизга ёт бўлган турли-туман ҳаёсизлик, иғво, жаҳолат, зўравонлик каби иллатларнинг сингдирилиши ва шу йўл билан уларнинг онги заҳарланишининг олдини олиш энг долзарб масаладир.
Айниқса, уларни интернет каналлари ва телевидение орқали намойиш этилаётган видеомаҳсулотларнинг салбий таъсиридан асраш масаласи ўта муҳимдир.
Зеро, кўпгина хориж кинофильмларида бизнинг асрий маънавиятимизга ёт ғоялар, хусусан, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, эр-хотин ўртасидаги бир-бирига ҳурмат, садоқат ўрнига бир-бирини менсимаслик, ҳурматсизлик ва хиёнат салбий ёндошилган ҳолатда эмас, аксинча оддий ҳолат сифатида ёритилаётгани нафақат ёшлар айрим катта ёшлилар онгига ҳам аста-секинлик билан таъсир этиши табиий.
Шу ўринда, ёшларни қўя турайлик, салбий тарғиботнинг катта ёшлилар онгига таъсири борасида ҳам ҳаётий бир ҳолатни келтириб ўтиш жоиз.
“Ота” қисқа метражли фильми сценарийси устида ишлаш жараёнида режиссёр Дилмурод Масаидов ўзи эшитган, ҳаётда бўлган бир воқеани гапириб берган эди.
Танишларидан бири ишдан қайтиб уйига кирса, турмуш ўртоғи намойиш этилаётган чет эл сериалини берилиб кўраётган экан-ки, ҳатто турмуш ўртоғининг кириб келганини ҳам сезмай қолибди. Сериалда эри бор аёл бегона эркак билан учрашиб турган жойга аёлнинг эри келаётган саҳнани кўраётган аёли, фильмдаги хиёнаткор аёлга қарата “Қоч, қоч тез, эринг келаяпти”, дебди.
Буни эшитган эр хотинидан “Нега сен хиёнаткор аёл тарафини оляпсан?”, деб сўраган экан...
Яна савол туғилади, аждодларимиз авайлаб ардоқлаб келган қадриятларимиз – шарқона шарм-ҳаё, уят, ор-номус деган тушунчалар ҳам бугун айримларимиздан бегоналашиб бораётгани сабаблари нима-да, ёшларимиз “бундай маданиятни” қаердан ўрганмоқда?
Албатта, ота-онасидан эмас. Интернет ва айрим телеюлдузлар кўрсатаётган ўрнакнинг натижаси бу, шундай эмасми?
Оммавий ахборот воситаларида берилган нафақат маълумот, оддий бир саҳна кўриниши ёки айтайлик унда чиқувчининг кийиниши, ўзини тутиши, нутқи бошқалар учун ўрнак манбаи эканлигини унутмаслигимиз кеарк. Интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали маънавиятимизга қилинаётган тажовузлардан ёшларни асраш жуда долзарблашди.
Шунингдек, бугун кичик ёшли фарзанду набираларимиз топағонликка чорловчи, гуруҳ бўлиб ишлашни ўргатадиган сизу биз ўйнаган турли ўйинларни ўйнаб эмас, балки телевизор, планшету смартфонлардаги ўйинларни кўриб катта бўлаётгани, турли мультфильм “қаҳрамонлари”дан улги олаётганидан бохабар ва эҳтиёт бўлишимиз, тўғрироғи уларни эҳтиёт қилишимиз лозим.
Шунинг учун ҳам, ҳар қандай фильм ва бошқа кино маҳсулотлари, ҳатто болалар учун тайёрланиб тарқатилаётган интернет ўйинлари-ю, мультипликацион фильмларни ҳам миллат маънавиятига қандай таъсир этиши нуқтаи назаридан, унда нима тарғиб қилинаётганидан келиб чиқиб баҳолаш ва кенг намойиш этишга рухсат бериш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган кўрсатмаларга жиддий эътибор қаратиш зарур.
Ҳақиқатдан ҳам, таълим ва тарбия масаласи ўта муҳим. Айниқса, бугун ахборот тарқатиш чегара билмас даражага етган бир пайтда, биз ушбу масалага бефарқ қарасак, фарзандларимизнинг таълим ва тарбиясига беэътибор бўлсак, улар маънавиятида миллий қиёфани асраш чораларини кўрмасак, эртага биргина “бу нотўғри, бу мумкин эмас”, деган тушунтиришларимиз мисқолча хам наф бермаслиги аниқ. Маънавий тарбияга салбий таъсир – бу эртанги кунимизга, миллатимиз келажагига хиёнат деб баҳоланмоғи жоиз.
Бугун ёшларимизни чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси қилиб тарбиялаш муаммоси олдимизда кўндаланг турган бир пайтда уларни интернет тармоқларида ташвиқ этилаётган ёт ғоя, урф-одат ва анъаналар ҳамда жаҳолат ва фаҳш намойишининг салбий таъсиридан асраш мутафаккир бобомиз айтганидек ростдан-да “ё ҳаёт – ё мамот” масаласидир.
Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.
ЎзА