Низолар тармоқда эмас, судда ҳал этилади
Шу кунларда Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судида Избоскан ҳамда Андижон туманларидаги жами 175 та (Избоскан туманида 113 та, Андижон туманида 62 та) фермер хўжаликлари манфаатида Фермерлар кенгаши ва “Соҳиб омад баракаси” МЧЖ кластери ўртасидаги иқтисодий низо (2022 йил ҳосили учун етказиб берилган пахта хом - ашёси ҳақини ва кечиктирилган кунлар учун жарима ва пеня ундириш ҳақида) кўриб чиқилмоқда.
Ҳозир гап иқтисодий низо ҳақида эмас.
Гап ушбу суд ишига бевосита ва билвоста боғлиқ бўлган икки блогернинг “виртуал жанги” ва бошқа ҳолатлар ҳақида.
Фермерлар томонидан таклиф этилган блогер Ф. Жўраева иш бўйича жавобгар “Соҳиб омад баракаси” МЧЖ кластери фаолияти хусусида ижтимоий тармоқларда танқидий чиқишлар қилиб келмоқда. Бунга гўёки жавобан Dalil.uz ходимлари эса тармоқдаги каналларида кластер манфаатидан келиб чиқиб, материал эълон қилаётир (?!).
Бундай манзара кимларгадир одатий ҳолдек кўринар, бироқ икки ҳамкасбнинг қарама-қарши томондан туриб қилаётган хатти-ҳаракатлари суд ишига таъсир ўтказиш эҳтимоли юзага келтираётгани ўз-ўзидан равшан. Чунки, юқорида айтилди, мазкур иқтисодий низо судда кўриб чиқилмоқда, ҳали якунига етгани йўқ. Блогерларнинг “Сен зўрми-мен зўрми?” қабилидаги тутаётган бундай ишлари жамоатчиликда нафақат ўзлари, балки судлар ҳақида ҳам нотўғри тасаввурлар пайдо қилмоқдаки, ушбу муносабатнинг сабаби ҳам шунда.
Иккинчидан, блогер Ф. Жўраева ижтимоий тармоқлар орқали навбатдаги чиқишида раислик этувчи гўёки даъвогар тарафга суд мажлиси жараёнини видеотасвирга олишга ижозат бермагани, аксинча, жавобгар томоннинг манфаатини ифода этаётган dalil.uz вакилига эса рухсат берганини иддао қилади.
Аниқланишича, суд мажлисларидан бирига ташриф буюрган dalil.uz вакили суд залига ҳали раислик қилувчи кириб келмасидан аввал видеотасвирга олишни бошлаб юборади. Қачонки, судья келиб, блогернинг шахсига аниқлик киритиш жараёнида тасвирга олиш масаласи тарафларнинг фикрини эшитгандан сўнг ҳал этилишини тушунтирганидан сўнг залдан чиқиб кетган, кейинчалик ҳам жараённи тасвирга олиш тўғрисида илтимоснома тақдим этмаган.
Бор гап шу ва бу суднинг “блогерлар нисбатан иккиёқлама муносабати” хусусидаги эътирозлар асоссиз эканини кўрсатади.
Шу ўринда суд мажлисларида ҳеч қандай монеликсиз иштирок этаётган Ф. Жўраева раислик этувчининг огоҳлантиришларига қарамай луқма ташлаб, тарафларнинг фикрини бўлиб, жорий тартибларга риоя этмагани учун (суд мажлисидан) четлатилиб, бу ҳақда далолатнома тузилганини қайд этиш ортиқчалик қилмайди.
Албатта, тарафлар судга адолат истаб келади. Блогерларнинг нияти ҳам шундай эканига шубҳа йўқ. Низога ижтимоий тармоқларда эмас, судда қонуний нуқта қўйилади. Бунинг учун суд ишларига ҳалал бермаслик лозим. Бу наинки бурч, балки мажбурият ҳамдир.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати