Ёлғон ҳам эви билан-да?!
Ижтимоий тармоқ шундай воситаки, битта нотўғри ахборот билан жуда қисқа фурсатда жамоатчилик фикрини бошқа ўзанга буриб юбориш мумкин. Шу маънода блогер Э. Жумаев мўлжални тўғри олгани аниқ. У Youtube ижтимоий тармоғида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг судьялари ҳақида “сенсацион” лавҳа эълон қилдики, воқеликдан бехабар тармоқ фойдаланувчилари ростдан ҳам уларни ( судьяларни) “халқни қонун бузишига мажбур” қилиб, “йўлларни ўзбошимчалик билан беркитиб”, ҳатто “ички ишлар ходимлари талабига қаршилик қилаётган” кимсалардек тасаввур қилишаётган бўлса керак (блогер орасида шундай хомхаёллари йўқ эмас: ўзича нуфузлироқ идорани боплаб танқид қилса-ю обуначилари сонига барака кириб, “лайк” босувчилар кўпайиб, остонасида мурожаатчилар турнақатор бўлишса...)
Аслида-чи?
Ўтган ҳафтадаги кетма-кет уч кунлик ёғингарчилик натижасида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг ҳовли ер майдони сувга тўлди, катта кўлмаклар ҳосил бўлди. Бу ҳол фуқароларнинг суд биносига кириш имконини чеклаши сабаб зудликда муаммони батараф қилиш зарурияти туғилди. Шу мақсадда суд ҳовлисида тўпланиб қолган ёмғир сувларини насос ва шланг қувур орқали Дўстлик-Арнасой йўналишидаги йўлнинг бир қисмидан ўтказиб, зовурга тўкиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Бу йўловчиларга вақтинчалик ноқулайликлар туғдириши боис фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди раиси жорий йилнинг 17 февраль куни Дўстлик тумани ИИБ ва йўл ҳаракати хавфсизлигининг бўлинмасига мурожаат қилиб, ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли ходим ажратиш сўрган.
Буни блогер тарқатган тасвирлардаги ЙҲХ ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаётгани, “судьялар дастидан қоидани бузишга мажбур бўлаётган” бирорта ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузмаётганини, ҳатто унинг (Б. Жумаевнинг) саволларига жавоб беришни-да лозим топмаётганидан ҳам илғаш қийн эмас.
Шунга қарамай блогер ваҳиманинг каттасини қилмоқда: мана, аҳвол, кўриб қўйинглар, керак бўлса, бу ерга раисни чақиртираман (!), вилоят суди раисига чиқаман... ва ҳоказо, ҳоказо...
Ҳолатни бир томонлама талқин қилиб, ёлғон гапириш эви билан-да?!
Ушбу изоҳдан кейин тавсирлар яна бир бор синчиклаб кўрганларнинг наинки судьялар, балки блогер Б. Жумаевнинг ўзи ҳақидаги тасаввурлари ҳам ўзгарса, ажабмас.
Иқтидоридан иддаоси баландлиги шундоқ кўриниб турган блогер ёлғон ахборот тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини биладими-йўқми – ўзи тан. Иккинчидан, ўзини ҳурмат қилган одам ўзгаларга ҳам шундай муносабатда бўлиши одоб алифосининг биринчи ҳарфи эканини ҳам эслатиб қўйсак, биров бизни айбситмас.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати