Инсонга эътибор ва қайта тарбиялашнинг муҳим мезони

24 Февраль 2023 17:06 731 Чоп этиш

Жиноятнинг тоифалари кўп, шунга монанд жазонинг ҳам бир неча турлари мавжуд. Жиноят учун адолатли жазо тайинлаш орқали жабрланувчи, давлат ҳамда жамиятнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинади, етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш билан қонун устуворлиги таъминланади. Бироқ жазонинг тури қандай бўлмасин, мақсад битта — маҳкумни ахлоқан тузалишига имконият бериб, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш.

Жиноий жазо турлари орасида “ахлоқ тузатиш ишлари” жазоси ҳам бор. Шунинг ўзи ҳам жазодан мақсад тарбия эканини кўрсатиб турибди. Бағрикенглик, инсонпарварлик шу, аслида. Ушбу тамойилни ҳатто умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосида ҳам кўриш мумкин. Мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилиниб, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилгани ҳам инсонпарварлик намунаси ҳисобланади.

Барча давлатларнинг қонунчилиги миллий ва маҳаллий қадриятларидан келиб чиқиб қабул қилиниши маълум. Ўзбекистон қонунчилиги ҳам бундан мустасно эмас. Миллий қонунчилигимиздаги инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари кейинги пайтларда янада яққол намоён бўлаётганини халқаро экспертлар ҳам ҳақли равишда эътироф этмоқда. Бундай ижобий ўзгаришлар силсиласида озодликдан маҳрум этилганларга нисбатан қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига алоҳида эътибор яққол кўзга ташланмоқда.

 “Жаслиқ”нинг ёпилиши, бошқа жазони ўташ муассасаларидаги шарт-шароитлардаги ўзгаришлар, маҳкумларнинг шаъни ва қадр-қимматига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби талаблар қонун билан мустаҳкамланди. Бундан мурод озодликка чиққан шахс эрта бир кун қилмишига пушаймон бўлгани ҳолда, қайта жиноятга қўл урмаслик чорасини кўрмоқдир.

Яқинда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги қонун кучга кирди.

Мазкур ҳуқуқий-норматив ҳужжат билан “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга айнан маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига оид янги нормалар киритилди. Унга кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида (жазони ўташ даврида) бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Гап маҳкумлар меҳнати ҳақида кетар экан, бир воқеа ёдга тушди. Уч йил муқаддам жазони ижро этиш муассасасида ўтказилган очиқ суд мажлисидан сўнг маҳкумлар билан суҳбатлашдик. Аҳвол қандай? Шарт-шароитлар, муносабатлар-чи?

Маҳкумлардан айтарли шикоят бўлмади. Аксинча, оғир жинояти учун жазо ўтаётганлардан бири надомат билан айтдики, озодликда юрган пайтим ғирт дангаса, ишёқмас, ичмаган куним йўқ эди, оқибатда жиноятга қўл уриб, келганим шу жой бўлди. Бу ерда меҳнат қилишни ўргандим, ишлаяпман, энг муҳими, қамоқда бўлсам-да, озодликда юрган пайтим боқмаган оиламга иш ҳақимни юбориб турибман. Бу менга ҳақиқий тарбия ва ўзимни англашим учун сабоқ бўлди...

Демоқчимизки, қонун йўли билан маҳкумларнинг меҳнат ва пенсия таъминотига оид ҳуқуқлари кафолатланиши натижасида ижтимоий адолат янада самарали таъминланади. Бундай кафолат унинг дунёқараши ўзгаришига туртки бўлиши шубҳасиз. Яна бир эътиборли жиҳати — жиноят кўчасига кирган шахснинг тузалиш йўлига ўтиши унинг дунёқарашидаги ўзгаришга боғлиқ.

Қонундаги мазкур янги норманинг муҳим нуқтаси ҳам шунда. Шунингдек, “Жиноят-ижроия кодекси”га маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари киритилди. Эътиборлиси, янги мезонларда маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шакллангани, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши устувор аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, маҳкумнинг маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, бу борада бошқа маҳкумларга ибрат бўлиши ҳам унинг тузалиш йўлига ўтганлиги белгиси сифатида кўрилиши ҳам қайд этилди. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки жиноятнинг ҳар қандай кўриниши жаҳолат бўлса, унга қарши фақат маърифат билан курашиш мумкин. Маънавиятдай эзгуликка ундовчи куч йўқ.

Юқорида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтириш бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг иккитасигина тилга олинди. Ушбу янги нормалар жамоатчилик билан тўғридан-тўғри мулоқотларнинг ҳосиласи, маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича олдинга ташланган яна бир муҳим қадам бўлди. Шунингдек, бундай ижобий ўзгаришлар замирида бугунги давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлган “Инсонга эътибор” тамойили ётибди. Зеро, маҳкум ҳам инсон, фақат жазонинг ўзи билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги яқин ўтмишнинг аччиқ тажрибаларидан маълум. Адашиб жиноят кўчасига кириб қолганларни “давлатга дўст қилиш”, бунинг учун қандай омилларга эътибор бериш лозимлиги ҳақида давлатимиз раҳбари бир неча бор куйиниб гапирганди.

Ўтган қисқа вақт ичида ўзини оқламаган “қора рўйхатлар” батараф этилди, қанчалари кечирилди, йилига бир неча мартадан афв эълон қилинмоқда. Бу борадаги ишларнинг изчил давоми сифатида қонунчиликка маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтиришга оид янги нормалар киритилди. Токи, муқаддас манбаларда айтилганидек, “Нафс маъсиятнинг ширин таъмини тотиб кўргани каби, тоатнинг аччиқ таъмини ҳам тотиб”, тўғри хулосага келганлар қайта адашмасин, ҳаётдан рози бўлиб яшамоқ ҳаракатида бўлсин.

 

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси

Судьялар олий кенгаши раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси.

2023 йил, 24 февраль, 38(827)-сон

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech