Ҳолат тасдиқланди, муаммо – ҳал...
“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқда тушуниш ва бироз писанда билан ёзган ҳолат тасдиғини топди.
Аввал тасаввур ҳосил қилиш учун иш тафсилотлари ҳақида икки оғиз.
Даъвогар К. Эрматова уч нафар жавобгар – М. Абдураимова, А. Мамадалиев ва И. Юсуповга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво ариза киритиб, улардан қарздорликни ундиришни сўрайди.
Фуқаролик низоси бўйича барча жавобгарлар суд мажлисида даъвони тан олиб, тушунтиришлар берган.
Якунда суд қарори билан бошқа жавобгарлар қатори А. Мамадалиевдан даъвогар фойдасига 94 миллион сўм қарз ундириш белгиланади (04.01.2023 й.).
Суд қарорига нисбатан тарафларда шикоят йўқ, муаммо ижро жараёнида юзга келган ҳолатда.
Даъвогар судга онлайн шаклда даъво ариза киритар экан, унда (даъво аризада) жавобгарлардан бири А. Мамадалиевнинг яшаш манзилини “Қашқадарё вилояти Нишон тумани Балхия МФЙ”, деб кўрсатади ва асос сифатида ИИБнинг тегишли бўлинмасидан бериладиган ҳужжат (Ф-1) илова қилади. Ваҳоланки, ҳақиқий жавобгар бошқа А. Мамадалиев бўлиб, у Қашқадарёда эмас, Андижоннинг Хонобод шаҳарида истиқомат қилган. Ҳар икки шахснинг адаш экани, уларнинг исми, фамилияси, ҳатто отасининг исми бир хил бўлгани боис яшаш манзилни аниқлашда хатолик юз беради. Натижада (даъво аризадаги маълумотлардан келиб чиқиб), электрон дастурга ҳақиқий жавобгар А. Мамадалиевнинг доимий истиқомат қиладиган жойи “Қашқадарё вилояти, Нишон тумани, Балхия МФЙ” тариқасида нотўғри киритилгани сабаб суд қарори ижро учун (Хонободга эмас) шу манзилга юборилади.
Икки ўртада тушунмовчилик келиб чиқдими? Ҳа. Бунга сабаб суднинг эътиборсизлигими? Инкор этилмайди. Оқибатда Андижонда кўрилган фуқаролик низосидан бу ишлардан мутлақо бехабар ва алоқаси йўқ қашқадарёлик фуқаронинг хотиржамлигини бузилдими? Шубҳасиз.
Юзага келган ҳолат бўйича фуқародан узримиз, бор, албатта. Айни пайтда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди томонидан Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармасига суд қарорини ижросиз қайтариш тўғрисида хат юборилди. Демак, муаммо ҳал.
Бундан ташқари ҳолат юзасидан Андижон вилояти судлари судьялари малака ҳайъти томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати