Туғма ақл бўлмаса, суқма ақл бефойдами?!

28 Февраль 2023 19:08 1207 Чоп этиш

 Ижтимоий тармоқлардаги оммавий каналлар “ади-бади айтишадиган” майдон ёки пойлаб туриб, кесак отадиган пистирма эмас. Бу гап “Telegram” мессенжеридаги “Bastion” канали азаматларига ҳам тегишли. Негаки, илгари ҳам айтилганидек, канал эгаларининг даъвоси улкан: “биз ҳақиқат ва адолатни(нг) ҳимоя қўрғонимиз”! Бундай даъводагилар биринчи навбатда ички маданияти ва маънавияти билан ажралиб туриши керак. Акс ҳолда, писанда қилмоқ ўринли бўладики, Адолат ва Ҳақиқат “қўлбола қўрғон”га сиғмайди, қолаверса, унга (Адолат ва Ҳақиқатга) қоровуллик ёки баковуллик ҳам ушбу канал муаллифлари “маҳрига” тушмаган. Иккинчидан, бундай “мақом”га даъвогарлар  очиқ ва холис бўлиши ҳам керак. Бироқ каналнинг номи маълум, “аъмоли” номаълум экани очиқлик ва шаффофлик четга суриб қўйилганини, судлар фаолиятига оид эълон қилинаётган танқидий материаллар адвокат шикоятидан фарқи йўқлиги эса нохолислигини кўрсатади. Аёнки, аниқ иш бўйича адвокат позициясини холис деб бўлмайди, чунки, у, ҳар қандай ҳолатда, мижозининг манфаатидан келиб чиқиб гапиради.

Устига устак, каналда берилаётган материалларда мурожаатчининг номи кўрсатилмай  “обуначиларимиздан. таҳрирсиз”, дея кифояланиши ниқобдан бошқа нарса эмас. Ниқобки, унинг тешигидан “Bastion”нинг "фаол муаллифлари" орасида қачонлардир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларида ёлтичиб ишлолмагани сабаб чиқиш эшиклари кўрсатилган ва айни пайтда адвокатлик амалиёти билан шуғулланаётганлар борлигини илғаш қийин эмас. Бундай хатти-ҳаракатлар билан мижоз кўпайтириши мумкиндир, илло, обрў-мавқе топиш қийин. Чунки, бугунги жамоатчилик аноий эмас, фикримизни футболга менгзаб тушунтирсак, майдонда коптокни ким оёғи, ким боши, яна кимдир қўли билан ўйнаётгани кўриниб-билиниб турибди...

У гап-бу гапдан садқа: асосий гапга ўтсак энди.

Каналда М. Тиллаевга оид жиноят иши озмунча ёритилгани йўқ. Мазкур иш бўйича  ҳукм ҳали кучга кирмаганига қарамай суд жараёни тафсилотлари адвокат томонидан “Санта Барбара” сериали мисол бериб борилдики, бу ҳол жамоатчиликни чалғитиш, судга босим ўтказиш эҳтимолини юзага келтирса-да, Кенгаш матбуот хизмати, иддо қилинганидек, “оғиздан олиб ёқага ёпиштиргани” йўқ.

Андижон вилоят суди судлов ҳайъати иш бўйича ўз ажримини эълон қилинганидан сўнг адвокат Олий судга шикоят ёзгани ҳақида  каналда (17 февраль) яна бонг уриб чиқди. Мамлакат бўйича Олий судга суд қарорларига нисбатан озмунча шикоят ёзилмайди, бироқ бирорта адвокат бу ҳақда тармоқларда бонг урмайдики, М. Тиллаевнинг ҳимоячиси ушбу иш бўйича ҳар бир ҳаракатини “Bastion” орқали жамоатчиликка маълум қилаётганини кўриб, бу унинг адвокатлик бюросига қарашли каналмикан, деган фикр такрор уйғонади. Энг қизиғи, каналда эълон қилинаётган постларда ҳатто адвокатнинг ҳам исми-шарифи кўрсатилмайди, балки,  “#адвокат мурожаати, таҳрирсиз” деган “рукн” билан ниқобланадики, узрку-я, бу ҳол ёш болаларнинг беркинмачоқ ўйини ёки туяқушнинг қумга калла тиқволишини эслатади, рости?!

 Орадан кўп ўтгани йўқ: канал яна  (23 февраль)“ ўз услубида” қайд этилган жиноят ишига оид суд мажлиси баённомаси сохталаштирилгани айтиб, Судьялар олий кенгаши ҳолатни холисона, объектив ва қонуний ўрганиб, ўзини муносабатини билдирилиши сўралди.

Қонунда “аноним мурожаат”га қандай тавсиф берилгани маълум, “Bastion”да эълон қилинаётган постларда мурожаатчилар кимлиги кўрсатилмаслиги бунга жуда мос келади. Шундан келиб чиқиб, муаллифи номаълум мурожаатларни кўриб чиқмасликка қонуний монеълик йўқ. Шунга қарамай ижтимоий тармоқлардаги бошқа каналларда эълон қилинаётган Кенгаш ваколатига кирувчи масалаларга оид танқидий хабарлар қатори ушбу каналда чиқаётган ахборотларга ҳам муносабат билдириб келинаётир: нотўғри бўлса - раддия, тўғри бўлса – эътироф шаклида.

“Bastion”да чиққан “суд мажлиси баённомаси сохталаштирилгани”га оид хабар ҳам бундан мустасно эмас. Ундаги важларга хизмат текшируви ўтказиш йўли билан аниқлик киритиш тақазо этилиши сабаб  лозим ҳаракатлар бошлаб юборилганди ҳам.

 Нима дейсизки, мазкур хабардан чиққанидан бор-йўғи  беш кун ўтиб (28 февраль), ушбу канал яна мавзуга қайтаркан, гўёки “оғиздан олиб ёқага ёпиштиришга” одатланган Кенгаш матбуот хизматини сукут сақлашда, “бошқа пайт адолат пешвоси эканини рўкач қилиб, ўзларидан фаришта ясашда” айблайди.  Ва бу сукутни жиноят иши бўйича маърузачи судья “аввал Олий суд ва Судьялар олий кенгашида” ишлагани билан боғлайди.

Хизмат текшируви йўли билан аниқлик киритиш талаб этадиган масала  маълум муддат талаб қилиши, беш кунда (шунинг икки куни дам олиш кунлариига тўғри келади!) жавоб бермоқ маҳол эканини англаш учун наҳот катта ақл керак бўлса?!

Судьянинг хатти-ҳаракатидан норози тараф Судьялар олий кенгашига осилишдан аввал вилоят суд судьялари малака ҳайъатига мурожаат қилиши маъқулроқ ва маъқбулроқ эканига-чи?!

Шундаям муроди ҳосил бўлмай Кенгашга мурожаат қилинса, бу -  бошқа гап.

Ҳар ким ҳар нени ўз қаричи билан ўлчаши рост. Шунинг ўзи “Bastion”нинг "фаол муаллифлари" тор қўрғони қобиғига тобора ўралашиб қолаётганини кўрсатаётгандай. Чунки, Кенгашга нисбатан айтилган таъна, иддао ва асоси пуч башорат курак тугул, тувакда турмаяпти-да?!.

Такрор айтишга тўғри келади: шошилманг ва шоширманг, шошилганлар муродига етмаслиги ҳақида ҳикматлар кўп. Мурожаатларга жавоб бермоқнинг қонуний муддати бор, унгача турли башоратларга берилиб, оммани чалғитишга уриниш наинки оқиллар, ҳатто ўзидан доно-ю зукко ясовчи ҳавасмандларга ҳам ярашмайди.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech