“8-март санаси”: тарихий адолатнинг бугунги ифодалари

7 Март 2023 11:51 2107 Чоп этиш

    “Аёл" сўзи “оила" калимаси билан ўзакдошдир. Бироқ 8-март санаси  ҳақида гап кетганда “аёл" эмас, балки “хотин-қизлар" сўзи кенг қўлланилади. Ушбу сана тарихига қараладиган бўлса, хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқлари учун курашиш кунига боғлиқлигини кўриш мумкин.

...1857-йил 8-март куни Нью-Йоркнинг пойафзал ҳамда тикув фабрикаси ишчи хотин-қизлари намойиш ўтказадилар. Улар 10 соатлик иш куни, ёруғ ва қуруқ иш хоналари ҳамда эркаклар билан бир хил маош ва сайлаш ҳуқуқини талаб қилиб чиқадилар.Чунки, ўша пайтларда жуда кам маош олувчи аёллар кунига 16 соат мехнат қилган бўлса,. эркаклар 10 соат меҳнат қиларди.  Шу воқеадан сўнг аёллар ташкилоти тузилади ва биринчи марта хотин-қизлар унга аъзо бўладилар.

1910 йил Дания пойтахти Копенгагенда бўлиб ўтган хотин-қизларнинг II Халқаро конференциясида 8-март санасини Халқаро хотин-қизлар куни, деб эълон қилиш ва ушбу кунни ҳар йили дунё миқёсида байрам қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бунинг ортидан жаҳондаги кўплаб мамлакат аёллари қашшоқликка қарши курашиш, тенглик, яхши шароитларда ишлаш, ўзларининг шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришиш ҳамда тинчлик йўлидаги ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 1911 йилга келиб Австрия, Дания, Германия ва Швейцария сингари Европа давлатларида 8-март байрам сифатида нишонланди.

Биринчи марта Халқаро хотин-қизлар куни 1911 йил 8 март куни нишонланди. Аста-секин ушбу санани у ёки бу даражада нишонланадиган мамлакатлар сони кўпайиб борди. 1957 йилда БМТда 8 март — Халқаро хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқлари учун кураш куни, деган ёзув пайдо бўлди.

1965 йилдан бошлаб,  8-март Халқаро хотин-қизлар куни дам олиш куни, деб белгиланди.

 Шу тариқа ХIX аср ўрталарида асос солинган ҳамда бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида байрам сифатида кенг нишонланаётган “Халқаро хотин-қизлар куни» аёлларга эҳтиром, ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси, уларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг  ифодаси бўлиб келмоқда. Йилдан йилга БМТ аёллар манфаатларини ҳимоя қилувчи устувор мавзуларни танламоқда. 2013 йилда бу кунда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши чиқиш мавзуси муҳокама қилинган бўлса, 2014 йилда Аёллар учун тенглик — ҳамма учун тараққиёт мавзуси кун тартибига қўйилади.

Бу йил ушбу байрам халқаро миқёсда 113 марта нишонланмоқда.

...Мамлакатимизда хотин-қизларга эътибор, уларнингижтимоий ҳаётда фаоллиги ошириш давлат сиёсатининг устувор йўланилишига айланган.  Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкид этганидек:“Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”.

  Кейинги икки йилнинг ўзида давлатимиз раҳбари томонидан бир нечта муҳим ҳужжатни имзоланди. Хусусан,  “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни тилга олиш мумкин. Шунингдек, “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон  билан хотин-қизларнинг мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур ҳам тасдиқланди. Республикамиз тарихида илк бор қабул қилинган мазкур Миллий дастур ёши, ирқи, эътиқоди, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, мамлакатимиздаги барча хотин-қизларни қамраб олиши билан муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, ҳар қандай мамлакатда гендер тенглик қанчалик таъминланганлиги хотин-қизларнинг давлат бошқарувида энг юқори поғоналарни эгаллаган ўрни билан ҳам белгиланади. Нега деганда, уларнинг мамлакат тақдири билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилинадиган давлат идораларида етарлича вакилликка эга бўлиши, хотин-қизларнинг манфаатлари шунчалик самарали илгари сурилиши ва мазкур ҳужжатларда амалда ўз аксини топишида катта рол ўйнайди. Парламентлараро Иттифоқ маълумотига кўра, унга аъзо 130 давлат ичида Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича 45-ўринни эгаллаган.

Давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари ҳамиша долзарб вазифа сифатида кун тартибидан жой олмоқда.

Президентимизнинг 2019-йил 7-мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини яна-да кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилганидан кейин бу борадаги ишлар янгича йўлга қўйилди. Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур қонунларга мувофиқлаштирилди. Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Хотин-қизларга бўлган эътибор, гендер тенглиги таъминлашга масалалари суд тизимида ҳам яққол ифодасини топмоқда. Судьялар олий кенгаши маълумотига кўра, бугун тизимда 180 нафар аёл судьялар фаолият кўрсатмоқда.Уларнинг 25 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.. Аёл судьяларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. Хусусан, пойтахт судларида 42 нафар  аёл судьялар фаолият кўрсатаётган бўлса, Тошкент вилоятида судларида бу миқдор 19 нафарни ташкил этади.

Судьялар олий кенгаши ҳузурида  ташкил этилган Ўзбекистон Судьялар клуби  таркибида алоҳида “Аёл судьялар жамоаси” фаолияти йўлга қўйилгани тизимда хотин-қизларга бўлган эътиборнинг яна бир намунасидир. Мазкур тузилма хотин-қизларнинг хизмат юзасидан ёки хизматдан ташқари ҳолатлар билан боғлиқ хос масалалар, хос муаммоларига самарали  ечим топишда  аҳамияти катта бўлмоқда.

 Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилишига шубҳасиздир.

 Шоира Эрметова,

 Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича

Чирчиқ туманлараро судининг судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech