Суд, аёл ва жамият

11 Март 2023 21:56 764 Чоп этиш

Бугун Тошкентда Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан  «Одил судловни амалга оширишда аёл судьяларнинг ҳиссаси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда суд тизими мутасаддилари,  сенаторлар, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимиздаги хотин-қизлар фаолиятига масъул республика раҳбарлик идоралари етакчилари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова ва Сербия давлатлари Олий судлари вакилалари ҳамда  юртимизнинг фаол аёл судьялар ҳам иштирок этди.

Халқаро анжуманни Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров бошқарди.

Таъкидландики, жамият тараққиётда аёлларнинг азалдан муносиб ўрни бор. Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босиқичида гендер тенглиги, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш давлат сиёсатининг устувор йўланишиларидан бирига айланди. Бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини йўқки, фаол хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

 БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелидаги  резолюциясига асосан 10 март “Халқаро аёл судьялар куни” деб эълон қилиниши бежиз эмас.

Халқаро экспертлар хулосаси кўра, қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда.

Ўтган қисқа даврда Ўзбекистон суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар сони  кўпайиб, 181 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини ошириш 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган.  Шу маънода бу борада ишлар изчил давом этаётганини таъкидлаган ҳолда бугунги тадбир суд тизимида хотин-қизларнинг улушини оширишни таъминловчи ташкилий ва ҳуқуқий асосларни халқаро ва хорижий тажриба асосида такомиллаштиришда  катта фойда беради.

 Шу нуқтаи назардан судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилишига шубҳасиздир.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий халқаро шартномалари доирасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индекслар доирасида баҳоланадиган ҳолатлар ва баҳолаш мезонлари таҳлилини кўриб чиқиш имкони беради.

Тадбирда суд тизимида гендер тенгликнинг таъминлашнинг халқаро меъёрлари, уларни  татбиқ этишнинг ўзига хос хусусиятлари, бу борада муайян муаммолар ва уларнинг  самарали ечимлари бўйича фикр алмашилди.

Конференция  муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Анжуманда зиммасидаги вазифаларни бенуқсон ва ҳалол  адо этиб, одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ  аёл судьялар Судьялар олий кенгашининг “Суд фахрийси” кўкрак нишони  ва эсдалик совғалари ҳамда  Олий суднинг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди.

Қанчалик муҳим мавзулар муҳокама қилинмасин, хотин-қизларга доир тадбирлар куй-қўшиқсиз ўтмаслиги  ўз-ўзидан равшан. Бугунги тадбир ҳам бундан мустасно бўлмади.

Анжуманда  ўзбекнинг  атоқли ва ардоқли икки санъаткори – Севара Назархон ва Женисбек Пиязов ўз қўшиқлари билан ўзимизникиларни хушнуд, меҳмонларни эса ҳайратда қолдирдилар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech