Тўғри чизиқ оғдирилса, эгри бўлади

13 Март 2023 14:01 686 Чоп этиш

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш, судьялар ҳамжамияти ролини кенгайтириш бўйича ишлар изчил олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шу билан бирга, соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам йўқ эмас. Мухбиримизнинг Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин ЁДГОРОВ билан суҳбатида ушбу йўналишдаги ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги вазифалар хусусида сўз борди.

— Холмўмин Буврабоевич, суҳбатимиз аввалида ­Судьялар олий кенгашининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби ва жорий йилдаги янги режалари ҳақида тўхталсангиз.

— Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом этмоқда. Тўғри, ўтган беш-олти йилда тизимда кўпгина ишлар қилинди, натижалар ҳам кўп куттирмаяпти. Бироқ амалга ошириш лозим бўлган ишлар ҳам етарли.

Хусусан, давлат раҳбарининг яқинда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.

Олдинда мазкур фармонларнинг сифатли ижроси турибди. Бу ҳазилакам масъулият талаб қилмайди. Айни жараёнда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

— Судьяларнинг мус­тақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш масаласини тилга олдингиз. Кенгаш бу борада ваколати доирасида муайян ишларни амалга ошириб келаётганидан жамоатчилик яхши хабардор...

— Албатта, кенгаш судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш йўналишида ваколати доирасида қатор таъсирчан ишларни амалга ошириб келмоқда. 2022 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 2 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, натижалари юзасидан Бош прокурорга киритилган тақдимномаларга асосан 1 та жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 14 та қарори бекор қилинди. Шу кунларда яна 3 ҳолат бўйича судьялар дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш борасида Бош прокуратурага тақдимнома киритилди. Юқорида тилга олинган фармонлар бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишига ­шубҳа йўқ. Айни пайтда мазкур фармонлар ижросини таъминлаш мақсадида судьялар дахлсизлигига эришиш ҳамда суд ишларини соддалаштириш, судьяларни ўзига хос бўлмаган қўшимча ишлардан халос қилиш, бунинг ҳуқуқий ­асосини янада такомиллаштириш масалаларида ҳам таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда.

— Профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш йўналишида-чи?

— Судьялик лавозимларига муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёни очиқ танлов ва муқобиллик асосида ўтказилаётганидан хабардорсиз. Очиқ танловларда жамоатчилик вакиллари, ­оммавий ахборот воситалари ­ходимлари мунтазам иштирок этиб келмоқда. 2022 йилда очиқ танловлар асосида 459 нафар судьялик лавозимига тайинловлар амалга оширилди.

Тайинланганларнинг 71 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик, 169 нафари ўн йиллик, 2 нафари муддатсиз даврга, 210 нафари ваколати муддатига қайта тайинланди.

Жорий йил 1 февраль ҳолатига кўра, суд тизимида вакант ўринлар сони 14 тани ташкил этди, ўтган йили бу пайтда бўш судьялик лавозимлари сони 145 та эди.

Яна бир статистика, айни пайт­да тизимда аёл судьялар 179 нафар бўлиб, шундан 25 нафари ­раҳбар судьялик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, Судьялар олий мактабида ўтган йили 75 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 59 нафари илк бор судьялик лавозимига тайинланди. Жорий ўқув йилида Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида 138 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Яқин келажакда улар орасидан муносиблари судьялар корпусини тўлдириши кутилмоқда. Умуман, Судьялар олий мактаби фаолияти бошлангандан буён ушбу даргоҳнинг судьялик лавозимига тайёрлаш курсларида таҳсил олган 207 нафар номзоддан 179 нафари лавозимга тайинланган.

— Тайинловлар ҳақида гап кетганда ваколати муддатидан илгари тугатилган судьялар ҳақида сўз очмасликнинг иложи йўқ. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Бу мавзуда гапириш оғриқли. Катта ишонч ва умидлар билан судьяликка тайинлансаю ишонч оқланмаса... Ўз хоҳишига кўра ёки бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилганларни тушуниш мумкин.

Бироқ одил судловни амалга оширишда қонунийликни ёки ­Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани сабаб айрим судьяларнинг лавозимидан озод қилиниши тизим учун оғриқли масала.

Ўтган йили 58 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Улардан 2 нафари вафот этгани сабабли, 2 нафари бошқа ишга ўтгани боис 30 нафари аризасига биноан, қолганларини эса минг таассуфки, судьялик ­қа­самёди ва одобини бузганлиги учун тизимдан четлатишга тўғри келди.

— Бу ўринда гап судьялик масъулиятига бориб тақаляпти. Судья қандай бўлиши кераклиги маълум: давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: “Судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик устувор бўлиши лозим”.

— Ҳақ гап. Бунинг учун судья ўз маънавий дунёсини бойитиш устида доимий ишлаши лозим. Чунки адолат ва маънавият доимо ёнма-ён туради. Маънавий юксалиш орқали ирода тобланади. Бу судья учун ўта муҳим сифат.

Маънан юксак шахсгина лавозим ва ваколатнинг имтиёз эмас, масъулият эканини теран ҳис қилади, ўз виждони олдида ҳисоб беришни ўрганади. Масъулият чуқур ҳис этилган жойда адолатга озор етмайди. Судья бирор ишни кўриб ҳукм ёки қарор чиқарар экан, қабул қилаётган суд ҳужжати инсон тақдири билан боғлиқ эканлигини доимо ёдда тутиши ­лозим.

Шундай экан, судья “ишни бугун бўлмаса, эртага кўраман ёки хато қилсам, юқори инстанция суди тузатар, иш кўп жойда хатолик бўлади-да”, деган хаёлга боришга ҳаққи йўқ.

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида қозилар (судьялар) хусусида шундай деган: “...Қози қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги — тўғри йўлдан чиқмаслиги лозим. Ахир тўғри чизиқ оғдирилса, эгри бўлади. Чолғу асбобининг тори созланмаган бўлса, овози бузилади. Модомики, ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим”.

— Ҳақиқатан ҳам, судья­лик катта масъулият талаб қиладиган лавозим эканини айтдингиз. Шундан келиб чиқиб, судьялик вазифаси билан боғлиқ чекловлар ҳам мавжудми?

— Саволингиз билан ўта долзарб масалани кўтардингиз. ­Судьяларга нисбатан наинки ­хизмат вазифаси билан боғлиқ, балки хизмат вазифасидан бошқа пайтларда ҳам муайян чекловлар қўйилган.

Бу борадаги талаблар “Судьялар одоби кодекси”да баён қилинган бўлиб, ҳар бир судья унга риоя этиши шарт. Мазкур ҳужжатда ­судьянинг юриш-туришидан ташқари кийиниши, жамоат жойларида ўзини тутиши, ҳатто дўст танлашда ҳам эҳтиёткор бўлиши шарт қилинган. Чунки судья кишилик тараққиётининг барча даврида кенг жамоатчилик эътиборидаги шахс бўлиб келган...

— Кенгаш томонидан бу борада амалга оширилган реал ишлар билан суҳбатни давом эттирсак...

— Ўтган йили кенгаш судьялар масъулиятини кенгайтириш борасида қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Яъни вилоят ҳамда унга тенглаштирилган судлар ­судьяларининг малака ҳайъатлари қошида Судьялар одоб комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касб­га муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилиб, 900 дан зиёд судьялар психологик тестдан ўтди. Психологик тест натижаларидан келиб чиқиб, жойларда психологик тренинглар ўтказилмоқда. Бундай ишлар, албатта, судьялар масъулиятини янада ошириш, уларнинг осон бўлмаган фаолиятига кўмаклашувчи чоралар сирасига киради.

Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Ўтган йилги натижалардан келиб чиқиб, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган 20 нафар судья жорий йилда ­“Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.

Рейтинг баллари — судьяларимиз учун ойна. Масъулиятни теран ҳис қилиб, яхши ишласа, мана шундай рағбатлантирилади. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши одил судловни амалга оширишда узоқ йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган 107 нафар судья ҳамда нафақадаги устозларни “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлади.

Айни чоғда ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоблар, ҳужжатли фильмлар тасвирга олиниб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқдаки, булар ёш судьялар учун ибрат мактаби бўлиши шубҳасиз.

Рейтинг натижаларига қайтсак, унга кўра, ўтган йили 646 нафар судьянинг фаолияти “намунали”, 339 нафариники “яхши”, 141 нафариники эса “қониқарли”, деб баҳоланди. Бу ёмон кўрсаткич эмас. Фаолият кўрсаткичи қониқарсиз (56 баллдан паст) 30 нафар ­судьянинг малакасини ошириш бўйича эса комплекс чоралар кўрилмоқда.

— Кенгаш томонидан ­судьялар касбий билимини ошириш, ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида ҳам қатор ишлар қилинмоқда. Шулар ҳақида батафсил тўхталсангиз.

— Саволингизга юқорида ­қисман жавоб бериб ўтилди. Шу мавзуни давом эттирсак, Кенгаш ташаббуси билан “Судьянинг ­мустақиллиги ва дахлсизлиги: Суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари” қўлланмаси нашр қилинди.

Судьяларнинг касбий билимини ошириш, ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида “Халқаро ҳуқуқ нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши”, “Судлар фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиёти: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари” қўлланмалари (ушбу қўлланма тегишли вазирлик қарори билан олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик сифатида тавсия қилинди), тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар учун “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” амалий қўлланмаси, судьялар учун ибрат мактабини яратиш мақсадида “Уч машҳур ўзбек аёли” ва “Муносиб яшамоқ бахти” номли бадиий-публицистик тўпламлар чоп этилди.

— Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби фаолияти ҳақида нималар дея оласиз?

— Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби шаклланиш босқичидан ўтиб бўлди. Бироқ унинг самарадорлигини ошириш учун изланишдан тўхтамаслик ­керак.

Шу мақсадда бу йил Судьялар клубининг жамоатчилик асосидаги бошқаруви Олий суд судьясига юклатилди. Бу — ишга ёндашиш, қарашлар, фикрлар хилмахиллигига кенг имконият очади. Клубнинг электрон платформасида муҳокама этилган масалалар юзасидан ҳар олти ойда умумлашма таҳлил қилиб, зарур чоралар кўриш ҳам мақсадга мувофиқдир. Клубнинг электрон платформасида муҳокама этилаётган масалалар сони ойдан-ойга кўпайиб бормоқдаки, бу судьяларимизнинг фаоллиги ошаётганидан дарак.

Ўтган йили Судьялар клубининг электрон платформасида:

— иқтисодий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 1350 та;

— маъмурий судлар фаолиятидаги муаммолар юзасидан 850 та;

— жиноят ишлари бўйича судлар амалиётида эса 904 та;

— фуқаролик ишлари бўйича судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 2308 та мавзу муҳокама қилинган.

Қайсики масалада қонунчиликка ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш ёки Олий суд Пленуми қарори шаклида тушунтириш бериш талаб қилинса, Судьялар олий кенгаши томонидан тегишли тақдимнома киритиш амалиёти йўлга қўйилди.

Натижалар йўқ эмас, айнан клубдаги муҳокамалар натижасида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилгани бунга мисол.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ («Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech