Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик нима учун муҳим?
Бундай тадбир кўпинча қуруқ маъруза ёки сунъий лутфларга тўла ўтади кўпинча. Бу сафар на зерикарли маъруза эшитилди, на амалга оширилиши лозим ишлардан кўра қилинганлари ҳақида кўпроқ гапирилди?!
Таклиф этилган таниқли медиа экспертлар машғулотларни интенсив мулоқот шаклида ва усулда ўтказдики, ҳеч ким “қачон тугаркан-а?” дея тез-тез соатига қарагани йўқ, таассуротларни-ку, айтманг...
Жўшқин ва қувноқ ўтган тадбирни бир неча жумлада тасвирлаш қийин. Шу сабаб унинг мазмун-моҳиятини ахборот кўринишида баён қилиш билан чекланишга тўғри келади.
Алқисса, бугун Тошкентда илк бор лавозимига тайинланган судьялар учун “Оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, жамоатчилик билан мулоқот қилишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур халқаро анжумандан мақсад тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ёш судьяларни жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш орқали ҳуқуқий тарғибот самарадорлигини оширишдир.
Маълумки, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бу жараёнда суд тизими вакиллари ҳам муносиб ҳисса қўшиши лозимлиги ўз-ўзидан маълум. Ҳуқуқи тарғиботни самарали амалга оширишда эса оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни беқиёсдир.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг жамиятдаги ўрнидан келиб чиқиб, “Судьялар одоби кодекси”да судьяларнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги ва бунинг зарурияти алоҳида модда билан тартибга солинган. Чунки, судлар фаолиятининг самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд томонидан қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига боғлиқ. Шунинг учун ҳам судья оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик қилиши ҳамда суд ишларини ОАВда профессионал даражада ёритишга кўмак бериши зарур. Зотан, бу нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга, балки судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Семинар-тренингда судьяларнинг жамоатчилик билан алоқалари, бу борадаги жорий тартиблар, суд органларининг ижобий медиа қиёфасини шакллантиришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда судьялар фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга объектив ва тезкорлик билан муносабат билдиришнинг ҳуқуқий асослари ҳамда соғлом, хавфсиз ва самарали тартиб-усуллари хусусида кенг тушунчалар берилди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати