“Учтаси – биттада”: адвокат постларига мухтасар муносабатлар

3 Апрель 2023 12:39 1007 Чоп этиш

1

Адвокат ва блогерликни бирдай уддалаётган А. Абдуллаев ижтимоий тармоқ орқали муносабат билдиришни такрор сўраган масала Судьялар олий кенгаши ваколатига кирмайди. Яъниким, судья ўзи мазмунан кўриб чиқаётган  жиноят иши бўйича  судланувчига на оқлов, на айблов ҳукми чиқарди, балки, унга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақида ажрим қабул қилди.  Кўринадики, жараён судьянинг процессуал хатти-ҳаракатларига оид бўлиб, гап қабул қилинган суд ҳужжатига бориб тарқалмоқда. Суд ҳужжатига фақат юқори инстанция  суди ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга.

Судьянинг процессуал хатти-ҳаракати иш бўйича тарафларнинг сарсонлигига олиб келиши, бу ҳол интизомий жавобгарлик масаласини келтириб чиқариши мумкинми? Аввалдан башорат қилиш мавриди эмас, чунки, суд ажрими юқори инстанцияда кўрилиб, ҳуқуқий баҳосини олмагунча хизмат текшируви масаласини кун тартибига  қўйиб бўлмайди-да.

 Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, муаллифнинг “айни бир процессуал модда бўйича икки хил амалиётга йўл қўйилмаяптими?” мазмунидаги саволи кенг доирада муҳокама этиладиган мавзудай, бироқ суд амалиётини умумлаштириб борган ҳолда ягона суд амалиётини шакллантириш масаласи ҳам Кенгаш ваколатидан ташқарида.

2

А. Абдуллаевнинг жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди судьяси  томонидан Д. Э.га доир жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилгани, бироқ  ҳимоячи ва унинг ҳимояси остидаги шахсга суд мажлиси баённомаси билан  ўз вақтида таништириш имконияти берилмагани оид яна бир чиқиши ўрганилганда  икки ўртада тушунмовчилик келиб аниқланди.  Мазкур жиноят иши апелляция инстанциясида кўрилиши арафасида адвокатнинг оғзаки илтимосномаси қаноатлантирилиб, ишини қайта расмийлаштириш учун  биринчи инстанцияга юборилиши билан мавжуд ҳолат бартараф этилди.

Шу билан масала ёпилдими? Албатта, йўқ. Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъатига юзага келган ҳолат ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаш  тавсия этилди.

3

Судьялар олий кенгаши фаолияти тартибга солинган қонунга кўра, суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш Кенгашнинг асосий вазифалари сирасига киради.  Бу борада  кўрилаётган чора-тадбирларнинг бири ўлароқ, олти ой аввал Кенгаши ташаббуси билан барча вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари учун икки кунлик малака ошириш курслари ташкил этилди. Дастурга суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситлари ўртасидаги конструктив мулоқот самардорлигини янада оширишга оид мавзу ҳам киритилгандики, унинг аҳамиятидан келиб чиқиб, тадбирга оммавий ахборот воситалари вакиллари-да таклиф этилди. Суд мутасаддилари ва ОАВ ходимлари иштирокидаги тадбирлар доим қизғин баҳс-мунозаларга бой ўтиши, баъзан ҳиссиётлар жўш уриб кетиши тажрибалардан маълум. Ушбу тадбирда ҳам шундай манзаралар кузатилди, хуллас.

Бугун айрим каналларда, хусусан, Advokat Abdullayev Telegram-каналида айланаётган Хоразм вилоят суди раисининг журналист ва блогерлар ҳақидаги шахсий мулоҳазалари ўша, олти ой бурун бўлиб ўтган тадбирдаги гапларининг “кесиб олинган” парчаси бўлиб, бу ҳол умумий маъно бузилишига олиб келган. Натижада масала моҳиятидан бехабар фойдаланувчилар воқелик қандай кечганини билмаслиги сабаб турли шубҳа-иштибоҳларга бориши табиий.  Хусусан, А. Абдуллаев каби эътиборли ҳуқуқшунос ҳам. Акс ҳолда, “одил судловга журналист ва блогерларга оид сирли топшириқ берилганми?” дея савол қўйиб,  “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасини эслатишига эҳтиёж сезмасди.

Мана, тадбир ҳақида ўша пайтдаёқ эълон қилинган лавҳа. Уни кўриб, тадбир мвзуси ҳақида янаям кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

 

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech