Янгиланаётган Конституция. Исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг
Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, халқининг хоҳиш ва иродасидан келиб чиқиб, тинч ва фаровон турмуш тарзига ҳуқуқий асос бўлувчи тартибларниАсосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Асосий Қонунда баён этилган тартиблар шу қадар аҳамият касб этадики, ҳеч бир фуқаро усиз яшай олмайди, негаки инсоннинг кундалик тўқнаш келадиган муаммолари ечими бевосита унга боғлиқ бўлади.
Шиддат билан ўзгараётган дунёда рўй бераётган геосиёсий вазиятлар, энг аввало, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун нафақат қонунларимиз мустаҳкамланиши, балки Конституциямизда ҳам инсон шаъни, унинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилган нормаларни янада такомиллаштириб, бугунги кун талабларига мослаштириш эҳтиёжини пайдо қилди. Натижада халқимизнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида янгиланган Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокамлар якунида мамлакатимиз тарихида биринчи марта Бош қонун ҳужжати референдумда бевосита халқ томонидан қабул қилинади.
Янгиланаётган Конституциямиз инсон қадрининг биринчи ўринга қўйилиши, шулар билан бир қаторда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини шакллантириш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратиш кўзда тутилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, унда аҳоли саломатлигини сақлаш, таълим ва илм-фанга оид нормалар кўпайтирилмоқда, жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Амалдаги Бош Қонунимиз қабул қилинганидан буён унга киритилган 15 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аксарияти давлат қурилиши ва бошқарувига, хусусан Парламент, Президент, Ҳукумат, сайлов тизимига оид бўлса, янгиланаётган Конституциясининг ярмидан кўпи айнан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқлиги, унинг 45 фоиздан ортиғи ижтимоий-иқтисодий соҳаларга алоқадор нормалар эканлигини таъкидлаш жоиз.
Лойиҳада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари, жумладан, “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” умумэътироф этилган институтларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш орқали сезиларли кучайтирилаётганлигини кўриш мумкин.
Хусусан, лойиҳа 28-моддасининг иккинчи қисмида айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланмоқда.
Бу норма айбсизлик презумпцияси принципининг муҳим кафолатидир. Мазкур инсонпарвар қоидага кўра, жиноят иши бўйича ҳар қандай далилларга нисбатан шубҳа пайдо бўлса, бундай шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши зарур.
Шахсни айбдорлигига оид ҳар қандай шубҳаларга таяниб, айблаш учун етарли бўлмаган далиллар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Борди-ю, терговда айб эълон қилинса ҳам, бундай вазиятда судда айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни, “исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг” деган халқаро стандарт амал қилади.
Конституцияга киритилаётган мазкур норма суриштирув, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортишни олдини олишга хизмат қилади.
Маълумки, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суднинг қарори асосида амалга оширилиши лозим, бу эса айнан “Хабеас корпус” қоидасининг ҳам талабидир.
Келгусида терговчи, суриштирувчи ва прокурор томонидан тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувини эшитиш заруратини судга асослантириши зарур бўлади, агар суд рухсат берсагина унинг телефон сўзлашувлари эшитилиши, уй-жойи тинтув қилиниши мумкин бўлади. Шахснинг конституциявий дахлсизлик ҳуқуқини чеклашга оид бу ҳаракатларни суд рухсати билан амалга оширилиши эса терговда фуқароларни шахсий ҳаёт ҳамда унга оид маълумотлари дахлсизлиги асоссиз бузилишининг олди олинади.
Шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, нотўғри маълумотларнинг тузатилиши, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.
Замон шиддат билан ривожланмоқда ва бундай шароитда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишга эҳтиёж тобора ортиб бориши ҳам табиий. Давлат эса шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаши лозим.
Конституцияга фуқаронинг ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини кафолатловчи янги қоида киритилмоқда.
Бундай мазмундаги норманинг белгиланиши инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни таъминлаш йўлидаги кафолат бўлиб хизмат қилади, шу билан бирга, хорижий мамлакатларда “унутилишга бўлган ҳуқуқ” (right to be forgotten) деган ном билан қўлланилувчи ушбу ҳуқуқ шахснинг ўзи ҳақидаги қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларни ахборот ресурсларидан, жумладан, Интернетдан, йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқини англатади.
Мухтасар қилиб айтганда, Янги Конституция “инсон-жамият-давлат” парадигмасига асосланганлиги, унда барча тоифаларнинг – ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчилар, ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганлиги билан амалий аҳамиятга эга, унда барча саволларга жавоб бор.
Сарвар Солиев
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси