Қаршида халқаро тадбир ташкил этилди

16 Апрель 2023 18:47 669 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши томонидан Қарши давлат университетида Одил судлов тизимини демократлаштиришнинг конституциявий асосларини такомиллаштириш – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг энг муҳим омили" мавзусида халқаро давра суҳбати  ташкил этилди.

 Халқаро экспертлар, суд тизими масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва уларнинг ижобий натижалари эътироф этилди. Хусусан, судьялик лавозимга тайёрлаш, уларни танлаш ва тайинлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. 

Номзодларни очиқ танлов ва муқобиллик асосида тайинлаш, айни жараёнга илғор ахборот технологиялари  жорий этилиши натижасида  инсон омили кескин чеклади. Бунда ўзгаришлар тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш баробарида одил судлов тизими демократлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Тарихан қисқа даврда инсон ва унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган бундай муҳим ўзгаришлар мавжуд конституциявий-ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш эҳтиёжини пайдо қилди. Шундан келиб чиқиб, Янгиланаётган Конституцияда одил судлов тизимини демократлаштириш борасида конституциявий асосларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, судлар мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини кучайтиришга билан боғлиқ янги нормалар киритилмоқда.

Шу боис тадбирда  одил судловни самарали амалга оширишда суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига оид янги нормалар  аҳамияти ва мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталинди.

Жумладан, судьяларнинг муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, улар муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга, унинг ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши мустаҳкамланиши ҳам судьялар мустақиллигининг муҳим кафолати эканлиги ҳақли равишда эътироф этиб ўтилди.

 Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам белгиланаши   инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканининг яна бир ҳуқуқий  асоси  сифатида қайд этилди.

 Тадбир ниҳоясида одил судловни амалга оширишдаги узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган бир неча нафар нафақадаги судьяларга “Суд фахрийси” кўкрак нишони, тадбир иштирокчиларига Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech