Шошма-шошарлик эмас, андек эътиборсизлик...
Қурилмани бузиш ёки кўчиришга оид суд қарорлари ёки уларнинг ижроси доир хабарлар кишининг хушёр торттириши аниқ. “Advokat_Abdullayev”да (“Telegram” мессенжеридаги канал) эълон қилинган шу мазмундаги хабар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Унда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди томонидан Игамбердиевага нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш ва ер майдонини аввалги ҳолатига келтиришга оид суд қарори ҳақида гап кетар экан, муаллиф ҳали қонуний кучга кирмаган суд қарори ижрога қаратилганига урғу беради. Яъниким, 2023 йилнинг 6 январда чиққан ҳал қилув қарори судья томонидан гўёки 15 янаврь куни қонуний кучга киргани билдирилиб, Мажбурий ижро бюросига хат чиқарилган...
Хабарни ўқиган тармоқ фойдаланувчилари қандай муносабат билдираётганини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак?
Аслида-чи?
Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида юқори қайд этилган низоли иш кўриб чиқилгани тўғри. Қабул қилинган ҳал қилув қарори ижрога қаратилгани ҳам рост. Айни жараёнда муаллиф гумон қилганидек судья шошма-шошарликка эмас, бироз эътиборсизликка йўл қўйган. Эътиборсизликки, ҳал қилув қарори (ижрога чиқарган ҳужжатда қайд этилганидек) “15 янаврь” куни эмас, балки “6 февраль” куни қонуний кучга кирган. Буни суд ҳужжати ижрога айнан “6 февраль” санасида чиқарилгани ҳам айтиб турибди. Демакки, муаллифнинг "...судьяларга суд қарорларининг қонуний кучга кириши муддатларини мустақил белгилаш ваколати берилдими?" деган писандаси ортиқча.
Мавжуд ҳолат техник хусусиятга эгалиги ва ўз вақтида бартараф этилгани, муҳими, жиддий оқибат келтириб чиқармагани эътиборидан судьяга янада хушёр ва эътиборли бўлиш лозимлигини таъкид этиш кифоя. Қолаверса, ижро ҳаракатлари аллақачон тўхтатилган. Негаки, мазкур фуқаролик иши айни пайтда юқори суд инстанциясида кўриб чиқилмоқда.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати