Суд органлари мустақиллигининг асосий талаблари

18 Апрель 2023 11:17 1036 Чоп этиш

БМТ Бош Ассамблеясининг 1985 йил 29 ноябрдаг тасдиқланган Суд органлари мустақиллигининг асосий принципларига оид резолюцияда судьяларнинг мақоми, жумладан, уларнинг ваколат муддати, мустақиллик, хавфсизлик, иш ҳақи, хизмат кўрсатиш шартлари, нафақа ва нафақа ёши бўйича масалаларни тартибга солади.

Маълумки, “принцип” (тамойил) тушунчаси — бош ғоя, асосий қоида маъноларини англатади, шу билан бирга у «қонуният», «моҳият» каби тушунчалар билан узвий боғлиқдир. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Суд органлари мустақиллигининг асосий тамойиллари сифатида:

– суд органларининг мустақиллиги;

– сўз ва уюшмалар эркинлиги;

– малака ва танлов эркинлиги;

 – лавозим шартлари ва ваколат муддатлари;

– касбий сир ва дахлсизлик ҳуқуқи;

 – жазолаш, лавозимдан четлатиш ва бўшатиш каби тушунчалар англашилади.

Суд органларининг мустақиллиги тамойили

 Мустақил ва бетараф судлар инсон ҳуқуқлари кафолатининг муҳим омили ҳисобланади. Конституция, қонунлар ва давлатнинг умумий йўналиши одил судловнинг давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан тўлиқ мустақиллигини таъминлайди. Суд органларининг мустақиллиги тамойили уларга қатор ҳуқуқлар беради ва улардан судлов ишини адолатли олиб боришни ва томонлар ҳуқуқлари тенглигига риоя қилинишини талаб этади. Ҳар бир аъзо давлат суд органларига талаб даражасида ўз вазифаларини бажаришларига имкон берувчи тегишли воситаларни таъминлаб беришга мажбур.

 Сўз эркинлиги ва уюшмаларга аъзо бўлиш тартиб-тамойиллари

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига мувофиқ, бошқа фуқаролар каби суд органлари аъзолари ҳам сўз, эътиқод, уюшиш ва аъзо бўлиш эркинликларидан фойдаланадилар, бироқ мазкур ҳуқуқлардан фойдаланиш давомида судьялардан ўз лавозимларига бўлган ҳурматни таъминлаш ва суд органларининг дахлсизлиги ҳамда мустақиллигини сақлаб қолиш талаб этилади. Судьялар   ўз уюшмасига ёки бошқа ташкилотларни тузиш эркинлигига ҳамда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий малакасини такомиллаштириш ва дахлсизлигини сақлаб қолиш мақсадларида уларга аъзо бўлиш ҳуқуқига эгадир.

 Малака, танлов ва тайёргарлик тамойили

 Судьялик лавозимига танлаб олинган шахслар юқори ахлоқий сифатлар  ҳамда ҳуқуқ соҳасида тегишли тайёргарлик ва билимларга эга бўлишлари керак. Судьяларни танлаб олишнинг ҳар қандай усули ғайриқонуний далиллар бўйича судьяларни тайинлашдан ҳимояни кафолатлаши лозим. Судьяларни танлаб олишда мазкур шахс ирқи, жинси, дини, сиёсий ва бошқа эътиқодлари, моддий, табақавий ёки бошқа ҳолатларига боғлиқ равишда камситилмаслиги керак, бироқ юридик лавозимга номзод тегишли давлат фуқароси бўлиши зарурлиги ҳақидаги талабга камситилиш сифатида қаралмаслиги лозим.

 Лавозим шартлари ва ваколат муддатлари кафолатлари

 Судьяларнинг ваколат муддатлари, уларнинг дахлсизлиги, хавфсизлиги, хизмат шартлари, нафақа ва нафақага чиқиш ёши тегишли тарзда қонун билан белгиланиши ва кафолатланиши зарур. Танлаб олинган ёки сайланган судьялар мажбурий пенсияга кузатилгунча ёки ваколатларнинг белгиланган муддатлари тугагунга қадар кафолатланган  фаолиятга эга бўлади. Судьяларнинг мансаб поғоналаридан кўтарилишларини, агар шундай тизим мавжуд бўлса, объектив омиллар, хусусан, уларнинг қобилияти, ахлоқий сифатлари ва тажрибасига асосланиб амалга ошириш талаб этилади. Суд ишларини  тақсимлаш суд маъмуриятининг ички иши ҳисобланади.

 Касбий сир ва дахлсизлик ҳуқуқи тамойили

 Судьялар касбга оид  ва ўз мажбуриятларини бажариш мобайнида олинган махфий маълумотларни сир сақлашлари керак, фақат бундан очиқ судда кўриладиган ишлар мустасно. Улар бундай масалалар бўйича кўрсатмалар беришга ҳам мажбур қилинмасликлари лозим. Қайсидир интизомий тартиблар ёки миллий қонунчиликка мувофиқ равишда давлат томонидан апелляция ёки товон ҳуқуқларини бузмаган ишда судьялар (ўз фаолиятларига доир вазифаларини амалга оширишлари чоғида) нотўғри ҳаракатлар ёки камчиликларга йўл қўйишлари оқибатида келтирилган молиявий зарар учун фуқаролик даъволарига нисбатан шахсий дахлсизликдан фойдаланишлари лозим.

 Жазо, лавозимидан четлатиш ва ваколатини тугатишга оид тамойиллар

Судьянинг хизмат юзасидан судлов ёки касбий мажбуриятларини бажариши давомида унинг устидан тушган айблов ёки шикоят аризаси тегишли тартибда одилона кўриб чиқилиши шарт. Судья жавоб бериш ва ҳаққоний текширув ўтказилиши ҳуқуқига эга. Ҳар бир судьянинг бошқа талаби бўлмаса, дастлабки босқичда шикоят аризасини кўриб чиқиш махфий равишда амалга оширилади. Судьялар ўз мажбуриятларини бажаришга лаёқатсиз деб топилса ёки эгаллаб турган лавозимига ахлоқий жиҳатдан зид бўлган ҳаракатларни қилса, лавозимдан вақтинчалик четлаштирилиши ёки ишдан бўшатилиши мумкин. Интизомий жазо, лавозимдан вақтинча четлатиш ёки вазифасидлан озод этиш ҳақидаги қарор мустақил текширув предметга эга бўлиши даркор. Мазкур тамойил Олий суд қарорларига ёки қонун чиқарувчи органлар ишлартни импичмент тартибида кўриш ёки шунга монанд чораларга риоя этиш давомида қаул қилинган қарорларига нисбатан қўлланилмаслиги мумкин.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойили ҳокимиятнинг бўлиниши тамойилидан келиб чиқади. Ушбу принципга мувофиқ, ижро, қонунчилик ва суд ҳокимиятлари бошқарувнинг учта алоҳида ва мустақил тармоғини ташкил этади. Давлатнинг турли органлари фавқулодда ва фарқли мажбуриятларга эга. Бундай бўлиниш туфайли ҳокимият тармоқларининг биронтасига иккинчи тармоқ ваколатларига аралашувига рухсат берилмайди.

Ҳокимият бўлиниши тамойили мустақил ва холис суд тизимининг тамал тоши ҳисобланади. Ишнинг адолатли ҳал қилиниши учун суднинг мустақиллиги таъминланиши керак. Инсон ҳуқуқлари бўйича барча халқаро ҳужжатлар ишнинг “мустақил ва холис судлар” томонидан адолатли кўриб чиқилиши ҳуқуқини кўзда тутади. Қачонки суд тизими ва судья мустақил бўлсагина инсон ўз ишининг судда адолатли кўрилишига ишонч ҳосил қилиши мумкин. Суд тизимининг мустақиллиги унинг ишига ва қарорлари ижросига аралашмаслик орқали қўллаб-қувватланиши шарт.

БМТ ўз резолюциясида Суд органлари мустақиллигининг асосий тамойилларини қатъий мустаҳкамлаб, барча давлатларга ушбу қоидаларга амал қилишларини кўрсатиб ўтган.

 

Шавкат ХАҚНАЗАРОВ,

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги

 Судьялар олий мактаби кафедра мудири

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech