Икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади

4 Май 2023 18:47 573 Чоп этиш

Бугун Тошкентда «Инсоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар» мавзусида  судьялар учун икки кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади.

 Судьялар олий кенгаши томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирдан мақсад инсоннинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлари билан судьяларни яқиндан таништириш ва амалиётда қўлланишини янада кенгайтиришдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада конституциявий-ҳуқуқий, қонунчилик, институционал ва амалий кафолатларни мустаҳкамлаш йўлидаги туб янгиланиш ислоҳотлари изчил давом эттирилмоқда.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон қадри устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашда “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилига асосланган истиқболдаги устувор мақсадлар ва асосий вазифалар белгилаб берилгани буни яққол тасдиқлайди.

Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланиши, имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, тадбирда халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликдаги ифодаси, уларни қўллаш тажрибаси, бу борадаги ёндошувлар ҳамда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида  фикр алмашилмоқда.

Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилиши кўзда тутилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech