Кимга шов-шув керак, кимга адолат: жиноят ишлари бўйича Асака туман судидаги ҳолат юзасидан мухтасар изоҳ
Ёлғон ёки текширилмаган ахборот тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши озмунча таъкид этилаётгани йўқ. Мазкур эслатмани кимдир тўғри қабул қилса, яна кимдир пўписа, ҳатто вазиятни хаспўшлаш, деб талқин қиладиганлар ҳам бор. Бу энди ҳар кимнинг ҳуқуқий маданиятига боғлиқ.
Шу маънода ким нима десин-демасин, ижтимоий тармоқларда бугун тарқалган жиноят ишлари бўйича Асака туман судига оид лавҳа ҳам асл воқеликни акс эттирмайди.
Лавҳага кўра, мазкур туман судида автоҳалокат содир этган ички ишлар ходимига оид жиноят иши беш ойдан бери кўрилмай гўёки асоссиз равишда ортга суриб келмоқда. Шундан келиб чиқиб айтиладики, Асакада қонун йўқми?
Лавҳа жабрланувчининг қариндоши томонидан суд биносига рухсатсиз кирган ҳолда хоналарга бир-бир бош суқиб, ҳиссиёт билан дуч келганни савол-сўроққа тутиши ва уяли телефони орқали тасвирга олиб, тармоқларда тақатиши жамоатчиликни чалғитиб, уларда нотўғри қарашлар пайдо бўлишига олиб келиши аниқ. Ваҳоланки, мазкур жиноят иши гўёки беш ойдан буён кўрмай келинаётганига оид гаплар нотўғри. Чунки, жиноят иши туман судига 2023 йилнинг 10 апрель куни келиб тушган. Орадан етти кун ўтиб (17 апрель), айбланувчи ва ҳимоячиларининг айрим далилларни номақбул деб топиш ва ишдан чиқариб ташлаш тўғрисидаги илтимосномасига асосан, суд томонидан дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисида ажрим қабул қилинади.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув жараёни қонунга асосан ёпиқ суд мажлисида кўрилишини лавҳа муаллифи билмаган кўринади. Акс ҳолда, “суд мажлиси қандай ҳолатда ёпиқ шаклда ўтказилади?” деб, йўлида дуч келган суд ходимларини ҳам, ўзини ҳам тушуниб-тушунмай қийнамаган бўларди.
Воқеалар ривожига қайтсак, суднинг 2023 йил 28 апрель кунги ажрими билан адвокатларнинг илтимосномасини қаноатлантириш рад этилган. Ўз навбатида илтимосномаси рад этилган адвокатлар ажрим устидан Андижон вилояти судига шикоят киритади. Мазкур шикоят тегишли тартибда расмийлаштирилиб, то юқори суд инстанциясида кўриб чиқилиши салкам бир ҳафта (28 апрель – 3 май) вақт олади.
Вилоят суди адвокатларнинг шикояти бўйича қандай ажрим чиқаргани баёнига ҳожат йўқ. Айтиш керак бўлган гап шуки, айни пайтда жиноят иши Асака туман судига қайтарилиб, суд мажлиси эса 8 май кунига белгиланган.
Мазкур жиноят иши бўйича жабрланувчи тарафнинг изтироб ва ҳиссиётларини тўғри тушунамиз. Бундай мусибатни кўрмоқ осон эмас. Аммо масаланинг асл моҳиятига эътибор бермай ёки ўрганмасдан туриб, тармоқларда лавҳа тарқатиш уларнинг мушкулини осон қилишдан кўра кўпроқ яраси янгиланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин, буни айрим блогер ва телеграм-канал маъмурлари эътибордан соқит қилмаслиги мақсадга мувофиқдир. Чунки, кимгадир арзон шов-шу керак бўлса, суддаги тарафларга адолат керак. Қонун устуворлиги эса ижтимоий тармоқларда эмас, суд органларида таъминланади. Бунинг учун судга таъсир ўтказишга беҳуда уринмаслик лозим.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати