“Улар виждон овозига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилишади…” - Япония суд тизимининг ўзига хос тартиблари
Япония бош қомуси 76-моддасининг учинчи қисмига кўра, барча судьялар мустақил ва фақат Конституция ва қонунларга бўйсунади, улар виждон овозига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилишади.
Судьяларнинг ўзгартирилмаслиги тамойили эса Конституциянинг 78-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, судьялар ошкора импичмент жараёнисиз лавозимидан озод этилиши мумкин эмас (судьянинг суд қарори билан ақлий ёки жисмоний жиҳатдан ўз вазифаларини бажаришга қодир эмас деб топилган ҳоллар бундан мустасно).
Ушбу тамойил судьялар холислигининг қўшимча кафолати бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, ижро этувчи органларга судьяларга нисбатан ҳар қандай чора кўриш, уларнинг иш ҳақи миқдорини камайтириш бош қонун билан таъқиқланган.
Японияда одил судлов тўрт босқичли суд тизими орқали судлар амалга оширилади: умумий юрисдикция судлари, оилавий ишлар бўйича судлар, округ судлари, Юқори судлар ва Олий суд.
Умумий юрисдикция судлари уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш ҳуқуқига эга эмас. Агар судья судлвнувчини 3 йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш муддатини белгилаш зарур деб ҳисобласа, у ишни округ судига юбориши керак. Бундай судларнинг қарорлари устидан шикоят қилишда округ судига апелляция берилади. Агар томон округ судининг қароридан қониқмаса, Олий судга мурожаат қилиши мумкин.
Япониянинг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 45-моддасига мувофиқ, умумий юрисдикция суди судьялари ҳар доим ҳам профессионал судьялар бўлавермаслиги мумкин. Судьялик учун ягона давлат имтиҳонини топширганларидан ташқари, суд ёки прокуратурада маълум вақт ишлаган шахс судья этиб тайинланиши мумкин.
Япония фуқаролик процессуал кодексида кичик миқдордаги даъволарни кўриб чиқишнинг алоҳида тартиби кўзда тутилган. Даъво миқдори 600 000 иендан кам бўлган ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин (368-модда). Ушбу жараён суд томонидан низони бир кунда ҳал қилишни назарда тутади, томонлар талаб ва далилларини суд муҳокамаси куни тақдим этишлари шарт (370-модда), бу тоифа ишларда гувоҳлар қасамёдсиз гувоҳлик беришлари мумкин (372-модда).
ОИЛАВИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛАР (THE FAMILY COURT)
Бундай судлар оилавий ишлар ва вояга етмаганлар томонидан содир қилинган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишга ихтисослашган. Ушбу судлар фаолиятини 200 нафар судья ва 150 нафар судья ёрдамчилари, шунингдек, 1500 нафар шартли ҳукм қилинганларни назорат қилувчи инспекторлар амалга оширади.
Оилавий ишлар бўйича суд 1947 йилда - урушдан кейинги ислоҳотлар натижасида ташкил этилган. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлиги ва оилавий низоларга ихтисослашган судни ташкил этиш ғояси Японияга Aмерика Қўшма Штатларидан кириб келган. АҚШда барқарор оилавий муносабатлар вояга етмаганларни тарбиялаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг зарур шарти ҳисобланади. Ўз табиатига кўра, фақат суд қарори билан ҳал қилиниши мумкин бўлган васийлик ва ҳомийлик, бедарак йўқолган деб топиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари билан боғлиқ масалалар оилавий ишлар судида кўриб чиқилади. Баъзи ҳолларда, масалан, никоҳни бекор қилиш натижасида эр-хотин ўртасидаги мулкини тақсимлаш, биринчи навбатда, ярашув жараёнидан ўтиши керак. Бу жараён битта судья ва яраштирув комиссиясининг икки аъзосидан иборат таркиб томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчилар ва комиссия аъзолари суд томонидан давлат хизматчилари орасидан ярим кунлик асосда жалб қилинади. Тарафлар ярашувга эришмаса, иш судда кўриб чиқилади.
Мазкур судларда низолар судья томонидан суд маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади. Суд қарори устидан юқори суд инстанциясига шикоят қилиш мумкин.
Оилавий ишлар бўйича судлар вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, яъни 20 ёшга тўлмаган шахслар, шунингдек вояга етмаганларнинг фаровонлигига қарши содир этилган жиноят ишлар ҳам кўриб чиқилади. Бундан ташқари ушбу суд жиноят содир этишга мойил вояга етмаганларни назорат остига олиш ҳуқуқига эга. Вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш тартиби ва юрисдикцияси Япониянинг 1948 йилдаги “Вояга етмаганлар тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинади.
ОКРУГ СУДЛАРИ (THE DISTRICT COURT)
Округ судлари биринчи инстанциянинг асосий судлари ҳисобланади. Ҳозирда ҳар бир префектуранинг марказида (мамлакат бўйича 50 та )округ судлари фаолият юритади. Ушбу судларда 910 га яқин судья ва 580 нафар судья ёрдамчиси ишлаб келмоқда.
Округ судлари фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқади. Округ судлари умумий юрисдикция судларнинг фуқаролик ишлари бўйича қарорлари устидан апелляция шикоятларини кўриб чиқадилар. Йирик округ судлари ўз бўлинмаларига эга. Масалан, Toкио округ судида маъмурий ишлар, автотранспорт низолари, интеллектуал мулк, банкротлик ва бошқа ишларга ихтисослашган бўлимлар мавжуд.
ЮҚОРИ СУДЛАР (THE HIGH COURT)
Юқори судларда биринчи навбатда округ ва оилавий ишлар бўйича судларнинг қарорлари устидан келиб тушган апелляция шикоятларини кўриб чиқилади. Улар 8 та йирик шаҳарларда жойлашган бўлиб, 345 нафар судьялардан таркиб топган.
Умумий юрисдикция судларининг жиноят ишлари юзасидан қабул қилган қарорлари устидан шикоятлар округ судларига эмас, балки тўғридан-тўғри Юқори судларга тақдим қилинади ва кўриб чиқилади. Юқори суд фуқаролик ишлари бўйича охирги инстанция ҳисобланади. Баъзи тоифадаги ишлар, масалан, давлатга хиёнат ёки сайловларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича ишлар Юқори судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади. Бундан ташқари, квази-суд органлари, жумладан, адолатли савдо комиссияси, Патент идораси, Олий денгиз Кенгаши ва бошқаларнинг қарорларини қайта кўриб чиқиш ҳам Юқори суд ваколатига киради. Бундай ҳолларда иш уч эмас, балки беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Токио Юқори суди таркибида рақобатга оид ишлар ва интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган махсус бўлинмалар фаолият кўрсатади. Токио Юқори суди таркибидаги интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича бўлим Интеллектуал мулкни ривожлантириш дастурига мувофиқ, 2005 йилда ташкил этилган.
ОЛИЙ СУД (THE SUPREME COURT)
Олий суд Япониянинг энг юқори суд инстанциясидир. Япония Конституциясининг 79-моддасида унинг таркиби ва судьяларни тайинлаш тартиби белгиланган. Конституцияга мувофиқ, Олий суд Вазирлар Маҳкамасининг тавсиясига биноан Император томонидан тайинланадиган Бош судья ва (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ва император томонидан тасдиқланган)14 судьядан иборат.
Олий суд судьяларини тайинлаш «халқ томонидан тасдиқланиши» керак (79-модда). Ушбу меъёрни давлат ҳокимиятининг манбаи бўлган, ҳокимиятнинг ҳар қандай тармоғи, шу жумладан, суд ҳокимияти устидан умумий назоратни амалга ошириши мумкин бўлган халқ суверенитети тўғрисидаги конституциявий қоидаларнинг ривожланиши натижаси сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу тартибга кўра, судья тайинлангандан кейин биринчи парламент сайловларида халқ тасдиғидан ўтиши керак. Судьянинг ҳар ўн йилда қайта тасдиқдан ўтиши талаб қилинади. Агар сайловчиларнинг аксарияти тайинланган судьянинг истеъфосини қўллаб-қувватласа, унинг ваколати муддатидан олдин тугатилади. Шунингдек, Конституция ва “Япония Олий суди тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган Олий суд аъзолари ваколатларини тугатишнинг энг кенг тарқалган усули бу - 70 ёшга тўлгандан кейин нафақага чиқиш ҳисобланади. Олий суднинг аксарият аъзолари тайинланган пайтда 60 ёшдан ошганлиги сабабли, улар асосан ушбу лавозимда ўн йилгача фаолият олиб боради.
“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига кўра, Олий суд судьялари юридик маълумотга эга бўлиши ва камида 40 ёшга тўлган бўлиши шарт. Олий суд судьяларининг камида ўнтаси умумий юрисдикция суд судьяси, прокурор ёки ҳуқуқ профессори сифатида камида йигирма йилдан ортиқ иш тажрибасига эга бўлиши белгиланган (43-модда).
Олий судда ишлар бешта судьядан иборат кичик ёки барча аъзолардан иборат тўлиқ таркибда кўриб чиқилади. Ҳар қандай иш дастлаб, кичик таркибда кўриб чиқилиши керак.
1945 йилга қадар судлар фаолиятини ташкил этиш Адлия вазирлиги зиммасида бўлган, бу эса судларнинг мустақиллигига жиддий таҳдид солган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Конституция ислоҳ қилинди, натижада суд ҳокимияти мустақиллиги мустаҳкамланди. Амалдаги Конституцияга мувофиқ, Олий суд ишларни юритиш тартиб-қоидалари ва суд ишларини бошқариш қоидаларини белгилаш ҳуқуқига эга. Прокурорлар Олий суд томонидан белгиланган қоидаларга амал қилишлари шарт. Олий суд қуйи судларга ўз иш қоидаларини белгилаш ҳуқуқини бериши мумкин.
КВАЗИ-СУД ОРГАНЛАРИ
Японияда ваколатли судлар билан бир қаторда маъмурий комиссиялар ҳам фаолият кўрсатади. Японияда маъмурий органларнинг чиқарган дастлабки актига нисбатан шикоят бериш тизими йўлга қўйилган. Шунга кўра, юқори турувчи органлар ҳузурида бундай шикоятларни кўриб чиқувчи маъмурий комиссиялар тузилган. Комиссияларнинг қарорлари ваколатли суд томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Умид ЖУМАЕВ,
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби тингловчиси