Тушунинг: бу савол бизга эмас, бироқ...

20 Май 2023 17:28 1285 Чоп этиш

 Ижтимоий тармоқ орқали эътиборли чиқишлари билан обуначи ва шинавандаларини кўпа-да зериктирмайдиган “Эзгулик” жамияти раиси А. Ташанов  яна бонг уриб чиқди. Бу галги чиқишининг қисқа мазмуни шуки, жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди судьяси мени (ўзи раислик қилаётган) ишда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этишимни рад қилди, ваҳоланки, ташкилотимиз уставида ушбу тартиб (судларда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиш) бор, камига, мана, қонун (ЖПК 42-модда)! Бироқ  судьялар ҳеч бизни ёқтирмади-ёқтирмади-да, талабда янглишаётган бўлсак, фалон-фалон ташкилотлар, хоссатан,”Судьялар олий кенгашининг тили заҳаргина “воизи”   ҳолатга изоҳ берса...

Муҳтарам ҳуқуқ фаолининг туман судида кўрилаётган ишда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштироки рад этилиб, бу ҳақда тегишли ажрим чиқарилганлиги – судьянинг аниқ ишлар бўйича процессуал ҳаракати ҳисобланади. Қонунга кўра, судьянинг процессул ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш Кенгаш ваколатларига кирмайди. Ёйиброқ тушунтирилса, судьяларнинг процессуал хатти-ҳаракатлари қонунийлиги ёки ишни кўришда моддий ва процессуал қонун нормалари талабларига риоя қилинган-қилинмаганлиги ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш юқори турувчи судлар ваколатига тааллуқлидир.

Изоҳимиз шу.

Қўшимча қилиш мумкинки, “Эзгулик” раисининг мурожаати суд томонидан рад этилгани – унга нисбатан ушбу даргоҳ эшиклари тақа-тақ ёпилганини билдирмайди: очиқ суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этишида ҳеч қандай монелик йўқ.

Дарвоқе, муаллиф ўз чиқишида ҳамманиям адвокат ёллашга қурби етмаслиги, уларга холис ёрдам кўрсатиш ниятидаги жамоатчи ҳимоячиларга нисбатан судларда қўйилаётган тўсиқлар қўшимча муаммо туғдираётганини ҳам қайд этиб ўтади. Судларда  “Эзгулик” вакилларининг жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этиш ваколати бор-йўқлиги, бу борадаги ҳуқуқий тартиблар хусусида ваколатли орган шарҳ ёки тушунтириш берар, эҳтимол.

Биз эса  якунда иккита маълумотни жамоатчиликка етказиб қўйишни лозим, деб билдик:

  1. Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судида кўрилаётган ишда судланувчиларнинг ҳимояси масаласида муаммо йўқ. Айрим судланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини битта эмас, бир неча нафар адвокатлар ҳимоя қилмоқда...
  2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 741-сон қарорига асосан “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилиб, жойлар унинг бюролари фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш ушбу ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech