Имтиёз бор-у кафолат йўқ!

22 Май 2023 20:49 2092 Чоп этиш

Ижтимоий тармоқларда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига (2023-2024 ўқув йили учун) қабул қилишдаги айрим имтиёзларга нисбатан эътирозли фикрлар айтилмоқда. Эътирозларда, асосан,  “Жиззах, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида туғилган ва шу вилоятларда доимий яшаётган талабгорларга жами кириш синовларида тўплаган баллига  қўшимча 15 балл берилиши”  тенглик тамойилига зидлиги  таъкидланади.

Судьялар олий кенгаши томонидан судьялар корпусини шакллантиришда кадрларга бўлган эҳтиёжлар ҳудудлар кесимида изчил ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Таҳлилларга кўра, юқорида қайд этилган вилоятлар судларида фаолият кўрсатаётган судьялар орасида маҳаллий кадрларнинг улуши 2,2 - 4 фоизни ташкил қилмоқда, холос. Бу ҳол маҳаллий кадрларга эҳтиёж катталигини, ушбу ҳудудларда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг асосий қисмини бошқа вилоятлардан келиб ишлаётганлар ташкил этаётганини яққол кўрсатади. Мавжуд ҳолат Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд таркибини шакллантиришда ҳудудий вакилликни таъминлаш масаласида  ҳам муаммо туғдираётгани инобатга олинса, муаммо кўламини кенгроқ тасаввур  қилиш мумкин.

Жойлардаги маҳаллий кадрларга бўлган  заруриятдан келиб чиқиб, номи қайд этилган вилоятларда туғилган ва доимий яшаётган талабгорларга истисно тариқасида имтиёз бериш масаласи Кенгаш кун тартибига киритилиб,   унинг таркиби томонидан маъқулланди. Шу ўринда кейинги икки йилда Кенгаш томонидан бошқа вилоятларда ишлаб юрган 147 нафар судьялар, ўз хоҳишига кўра, ўзи туғилган ёки доимий яшаган вилоятга қайтариш орқали тизимда иш самарадорлигини оширишга эришилганини  ҳам қайд этиб ўтиш лозим.

Маълумот тариқасида айтиб ўтамиз, мазкур тартиб 2023-2024  ўқув йил  учун жорий этилмоқда.

Судьялар олий кенгаши таъкидлайдики, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига қабул қилишдаги имтиёз ҳеч кимга судьялик лавозимини кафолатламайди. Бунинг учун ҳар бир битирувчи Кенгаш томонидан ўтказиб келинаётган судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича очиқ танловдан муваффақиятли ўтиши шарт.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech