Судьялик масъулияти – мунтазам ўқиш, мунтазам изланиш...
Шубҳасиз, судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш электрон рейтинг тизими жорий этилиши – соҳада катта янгилик. Ҳар қандай янгилик, то натижаси кўринмагунча, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши табиий. Шу маънода аввалига электрон рейтинг тизимини барча бирдек қабул қилмагани рост. Бироқ ўтган қисқа вақт турли иштибоҳу шубҳаларга ўрин қолдирмади. Шунингдек, билдирилган таклиф-мулоҳазалардан келиб чиқиб, баҳолаш мезонларига маълум ўзгартиришлар киритилдики, натижада мезонлар янада такомиллашиб, электрон рейинг тизими барча судьялар фаолиятини яққол кўрсатувчи кўзгуга айланди. Фақат бу кўзгуга кўз ташлайдиганлар сони чекланган, зеро, ҳар бир тизимнинг хос талаблари бор: ҳамма нарсаям дастурхон қилинавермайди. Бироқ натижа албатта оммага маълум қилинади. Инсон омили аралашмайдиган ушбу амалиёт натижалари оммага эълон қилиниб бормоқда:энг юқори рейтинг баллига эга судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиши яхши анъанага айланиб улгурди. (Дарвоқе, ўрни келган экан, айтиб ўтишни маъқул, деб билдик: яқинда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, шунингдек, Сербия ва Молдова давлатлари судьяларидан иборат меҳмонлар Судьялар олий кенгашида бўлиб, жорий этилган электрон рейтинг тизими, психологик тест ва Судьялар клуби фаолияти билан танишиб, юқори баҳо бердилар ва ўзлари вакил бўлган мамлакат суд тизимига тадбиқ этиш фойдадан холи бўлмаслигини билдирдилар.)
Хўп, юқори рейтинг баллга эга судьялар сийланяпти экан, паст кўрсатгичларга эгалар-чи?
Тилсиз дастур (программа) айрим судьялар фаолияти самарадорлигини қониқарсиз, деб турар экан, кўплар “улар лавозимидан озод этилиши керак!” деган ўйга бориши аниқ. Бироқ Судьялар олий кенгаши бундай кескин чора қўллашга шошилаётгани йўқ. Аксинча, уларнинг малакасини ошириш бўйича зарур чоралар кўраётир.
Нега?
Мазкур савол кенгроқ жавоб талаб қилади.
Барча касб эгаларига ҳурмат бажо келтирган ҳолда айтсак, судьялик - олий таҳсил шаҳодати қўлга тегиши биланоқ эгалланадиган лавозим эмас. Ушбу лавозимни эгаллаш учун қонун билан ёш масаласи (судья бўлиш учун шахс 35 ёшдан кичик бўлмаслиги керак) белгилаб қўйилганининг ўзи судьянинг зиммасидаги масъулиятини англатиб турибди. Йилт этган ҳар нарса тилло бўлмаганидек, ҳуқуқшунос шаҳодатига эга ҳаммаям судья бўлмоғи маҳол. Ушбу лавозимга муносиб кўрилмоқ учун озмунча чиғириқдан ўтилмайди-да. Олий таҳсилдан сўнг етти йил ҳуқуқ тизимида нуқсонсиз ишлаш, сўнг тобора кенгайиб-мураккаблашиб бораётган рақобатдан ўтиб, Судьялар олий мактабига ўқишга кириш – озмунча риёзат талаб қилмайди. Уни муваффақиятли битирмоқ шунчаки айтиладиган гапмас. Барча босқичдан сўнг олдинда яна битта синов туради: номзод, муқобиллик асосида, судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича очиқ танловда муваффақиятли иштирок этиши лозим... “Шунинг учун ҳам фаолияти қониқарсиз баҳоланган судьяга ҳадеганда чора кўрилавермас экан-да?!” дея хулоса чиқаришга шошманг. Қўпол хатога йўл қўйган, судьялик қасамёди ёки Судьялар одоби кодекси талабларини бузганларга нисбатан муроса қилинаётгани йўқ: қанча судья нима сабабдан лавозимидан озод этилгани ҳақида Кенгаш матбуот хизмати томонидан мунтазам эълон қилиб борилаётган очиқ ахборотлар бунга яққол мисол...
Жорий йилда рейтинг кўрсаткичлари қониқарсиз 23 нафар судья Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг малака ошириш курсларида қўшимча таҳсил олди. Уларнинг 6 нафари жиноят, 11 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 3 нафари иқтисодий ва яна шунчаси маъмурий судлари судьялари бўлиб, аксарияти илк бор лавозимига тайинланганлар сирасига киради.
Рақамлар уларнинг тажрибасизроқ эканини кўрсатиб турибди. Мазкур омил уларни оқлаш ёки хаспўшлашга асос бўлмайдику-я, аммо иш жараёнида тажриба барибир ўз сўзини айтади.
Рейтинг кўрсатгичлари пастроқ судьялар фаолияти ўрганилганда улар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари, асосан, процессуал қонун талабларини бажарилишидаги ва моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашдаги камчиликлар сабаб юқори суд инстанциясида ўзгартирилгани ёки бекор қилингани маълум бўлди. Умуман, муайян низолар бўйича қонун нормаларини қўллашнинг хос мураккабликлари бор. Дейлик, фуқаролик ишлари бўйича судларда мулк, мерос, етказилган моддий ва маънавий зарарлар ундиришга оид ишларда, иқтисодий судларда давлат божи ва суд харажатлари масалалари ҳамда шартномавий муносабатларга оид низолар бўйича қарор қабул қилишдаги мураккабликлар аниқ ҳуқуқий тушунтиришларга эҳтиёж туғдираётгани сир эмас Бундай вазиятларга маъмурий судлар судьялари маҳаллий ҳокимлик, солиқ идоралари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ер билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш жараёнида, жиноят ишлари бўйича судларда эса айрим турдаги жиноятларни малакалаш, жазо тайинлашда колония турини белгилаш, айниқса, маъмурий назорат масалаларида кўпроқ дуч келинаётганини кўриш мумкин (қайд этилган масалалар Судьялар клубининг электрон платформасида ҳам кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда). Шу ва шу каби ҳолатлар амалиётда учраши эҳтимоли борлиги учун ҳам қонунда суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи (агар судья атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса!) судьянинг жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги белгилаб қўйилган.
Бироқ мазкур норма дахлсизлик кафолатларидан бири бўлиб, судьяга имтиёздан кўра кўпроқ масъулият юклайди, аслида. Масъулият экани боис “Судлар тўғрисида”ги қонунда ҳам, Судьялар одоби кодексида ҳам судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши шартлиги алоҳида қайд этилган. Бу борада зарур чоралар кўриш эса Судьялар олий кенгаши фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Қолаверса, Судьялар одоби кодексида тажрибалари судьялар “устоз-шогирд” анъаналарига таянган ҳолда ўз тажриба ва билимларини ёш ҳамкасбларига ўргатишлари лозимлиги ҳам қайд этилган.
Мазкур тартиблар рейтинг кўрсатгичлари пастроқ судьялар учун мўлланжалланган ўқув дастури ва дарслар жадвалида ўз аксини топмоқда. Яъниким, малака оширишга жалб этилган судьяларга фақат қуруқ маъруза ўқилиб, конспектига баҳо қўйилмайди. Балки бекор бўлган ёки ўзгартирилган суд қарорлари таҳлилидан келиб чиқиб, зарур назарий машғулот ўтишдан ташқари (ўқув-машғулотлари Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва ҳудудий судларнинг тажрибали судьялари ҳамда Олий мактаб профессор ўқитувчилари томонидан ўтилмоқда) уларнинг ҳар бирига тажрибали судьялар - устозлар бириктирилади. Ўқув-машғулотларнинг қолгани амалиётда (бириктирлган устоз раҳбарлиги ва раҳнамолигида) давом этади.
Яқинда рейтинг балли пастроқ 23 нафар судья учун қўшимча малака курслари ниҳоясига етди.
Икки ҳафта давом этган ўқув-машғулотлари уларнинг кейинги фаолияти қандай акс этади – вақт ҳукмидаги масала. Судьялар олий кенгаши мавжуд ҳуқуқий тартиблардан келиб чиқиб, уларга имконият ҳавола этди, буни ғанимат билиб, ким унумли фойдаланган бўлса, юзи ёруғ бўлгуси, насиб. Акс ҳолда, “...кўзгудан ўпкалама” ҳикматини эслатишга мажбур бўлинади барибир.
Нодира Бобохонова,
Судьялар олий кенгаши шўъба раҳбари