Ҳуқуқ ҳам, мажбурият ҳам қонун билан тартибга солинади

7 Июнь 2023 19:41 791 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши Қашқадарёда битта сайт ва беш нафар блогер фаолиятини тугатганига оид хабарларни таассуф билан қабул қилади.  Шунингдек, айрим блогерларнинг бундай қарорига гўёки суддаги адолатсизликларни сабаб сифатида кўрсатилаётганига қўшилмаслигини ҳам билдиради.

Фаолиятини тугатишга қарор қилган блогерларнинг уч нафари суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузар деб топилиб, жазога тортилгани бор гап. Бироқ бу – қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ, дегани эмас. Суд қароридан норози тараф белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Шикоят юқори суд инстанциясида кўриб чиқилишида ҳеч қандай муаммо йўқ.

Фаолиятини тугатиш ёки тугатмаслик ҳар кимнинг шахсий қарори, албатта. Аммо қонунда белгиланган тартиб, шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланмай судлар ва судьялар фаолиятига билдирилаётган эътирозлар тизим ҳақида кенг жамоатчиликда нотўғри тасаввур шаклланиши эҳтимолини пайдо қилмоқда. Шу боис бундай фикрларни шошма-шошарлик билан берилган баёнот тариқасида қабул қилиш баробарида суд ҳужжатидан норози тараф юқори суд инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканини такрор эслатишни жоиз, деб биламиз.

 Жамият ҳаётида журналист ва блогерларнинг алоҳида ўрни бор, айниқса, очиқлик ва шаффофликни уларнинг фаол иштирокисиз таъминлаш қийин. Шу боис ҳам Судьялар олий кенгаши оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан изчил конструктив мулоқот ўрнатишга устувор вазифа  сифатида қарайди. Бунинг амалдаги ифодаси сифатида ҳар йили (Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда)  ҳуқуқий мавзуга ихтисослашаётган медиа вакиллари учун бепул ўқув-машғулотлар ташкил этиб келмоқда. Иккита ҳуқуқий қўлланма нашр этиб, улар ҳам бепул тарқатилди. Ўтган йили Кенгаш томонидан  ўтказилган махсус танловда холис ва асосли танқидий чиқишлари билан эътибор қозонган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар ғолиб деб топилгани ҳам жамоатчиликка маълум. Мақсад –  улар фаолиятини, аввало, ҳуқуқий билимларини оширишга амалий кўмак бериш орқали фаол қўллаб-қувватламоқдир, зеро, ҳар соҳа қонунийликни талаб қилади, ҳуқуқ ҳам, мажбурият ҳам қонун билан тартибга солинади.

Пировардида, ушбу муносабатни блогерларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари қонуний экани хусусида Кенгаш хулосаси ёки шикоят келтирилган тақдирда улар (суд қарорлари) юқори суд инстанциясида ўзгартирилиши ёхуд бекор қилинишига  кафолат сифатида талқин этмаслик сўралади.

Такрори ортиқчалик қилмайди: суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech