Германиялик судья ўзбекистонлик ҳамкасблари билан семинар ўтказди, сўнг Кенгаш раиси билан суҳбатда бўлди

10 Июнь 2023 16:45 461 Чоп этиш

Германиянинг Олденбург шаҳри биринчи инстанцияси суди раиси Хорст Фреелс  ўзбекистонлик ҳамкасблари билан семинар ўтказди.

 Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Германия халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти ташкилоти (GIZ)  ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари иштирок этди.

Ҳар бир давлат суд тизимининг ўзига хосликлари бор. Жумладан, Германия суд ҳокимияти ҳам хос тартиблари билан ажратилиб туради. Айниқса, фуқаролик судларидаги амалиёт, кўриладиган ишлар мазмуни, судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлашда катта тажриба ва ютуқлари борки, уларни ўрганиш ҳеч қачон фойдадан холи бўлмаган.

Судьялар олий кенгаши ва Германия халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти ташкилоти (GIZ) ўртасидаги ҳамкорликда айни шу масалалар алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Амалий ҳамкорлик эса Кенгаш ва ушбу ташкилотнинг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни илгари суриш” дастури доирасида имзоланган  меморандум (2023 йил 17 февраль)  сўнг  янги босқичга кўтарилди. Бунинг  амалдаги ифодаси сифатида ўтказилган ушбу семинарда меҳмон Германиянинг фуқаролик ишларини юритиш соҳасидаги суд амалиёти, ушбу ихтисослик бўйича судьяликка номзодларга реляцион техника, рақамли мерос (марҳумнинг ижтимоий тармоқлардаги ёзувлари ва улардан меросхўрлар фойдаланиш ҳуқуқлари), ўлимдан кейин шахсий ҳуқуқларнинг бузилиши ва васийликка оид даъволар, уларнинг ҳуқуқий ечимлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берди. Ўртага ташланган саволларга эса бажонидил ва  атрофлича жавоб қайтарди.

Семинардан сўнг Хорст Фреелс Судьялар олий кенгашига ташриф буюриб, Кенгаш раиси Холмўмин  Ёдгоров билан мулоқот қилди.

Суҳбатда судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг инновацион тизими, судья кадрлар тайёрлаш ва одил судловни амалга оширишда уларнинг мустақиллиги ҳамда дахлсизлигини самарали таъминлашнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатлари ҳақида сўз юритилиб, ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech