Адолат ахтарган адоватга берилмайди...

20 Июнь 2023 11:18 1068 Чоп этиш

Блогер О. Тухтаназаров норози бўладики, судяларни(нг) қарори... устидан Судялар олий кенгашига мурожаат қилсангиз, “ваколатимизга кирмайди”, деган жавобни оласиз”, деб. Тўппа-тўғри, шундай. Чунки, Кенгаш суд қарорлари ҳуқуқий баҳо берадиган идора эмас. Кенгашнинг вазифаси бошқа: судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.

О. Тухтаназаровни тушуниш мумкин: бир неча йилдан буён ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилганини айтиб, турли инстанцияларга мурожаат қилиб келмоқда, бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари эса ёзган шикоятлари сонидан кўпроқдай. Бунда унинг блогер экани қўл келаётгани  бор гап. Эътирозга жавоб тайёр: сўз эркинлиги! Тўғри, сўз эркинлиги – ҳуқуқ, катта неъмат. Аммо ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам бўладики, бирини пеш қилиб, иккинчисини унутиш уни (сўз эркинлигини) суиистеъмол қилишга олиб келади, холос.

Муҳтарам блогернинг чиқишларида айни шу манзара кузатилаётгани таассуфли. Яъниким, унга кўра, ўзига оид  жиноят иши Наманган вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқиб, шикоятини қаноатлантирмаган судья “заказ”га ишлайди,  ундайлар бор экан, бу тизимга одамларда ишонч сўниб бораверади, унинг иш фаолиятини расмдаги каттаконлар (тармоқдаги чиқишига суд тизими раҳбарларининг суратларини илова қилган?!) “элакдан” ўтказиш керак ва ҳоказо, ҳоказо...

Жиноят иши суднинг апелляция инстанцияда бир эмас, уч нафар  судья томонидан кўриб чиқилиши маълум. Муаллиф эса уларнинг биттасига қайта-қайта урғу бераверадики, бу адоватдан бошқа нарса эмас.

Иккинчидан (асосий саволга жавоб),  жиноят иши бўйича қабул қилинган суд ҳужжати қонуний кучда экан, ишни кўриб чиққан судьяларнинг фаолиятини  (айнан блогерга оид жиноят иши бўйича) “элакдан ўтказиш”га  ҳеч қандай асос йўқ.

Унда нима қилмоқ керак?

Муаллиф гап охирида юқори суд инстанциясида “ҳақиқат қарор топаётганига кўпчилик қатори мен ҳам ишонмоқдаман”, деб ёзибди. Ишонч бор экан, марҳамат – вилоят суди ажримига нисбатан шикоят ёзинг. Буям сизнинг ҳуқуқингиз. Юқори суд инстанциясига қилинадиган мурожаат натижаси ҳақида аввалдан бир нима деб бўлмайди, албатта, аммо айтиш керак бўлган битта гап бор: тартиб шундай, демакки, энг тўғри йўл ҳам шу?! Ижтимоий тармоқдаги ҳиссиёт ва адоватли чиқишлар апелляция ёки кассацияси шикояти ҳисобланмайди ва у судда кўриб чиқилмайди.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech