Муносабат эмас, изоҳ лозим

21 Июнь 2023 09:34 1412 Чоп этиш

 Термиз шаҳрида жойлашган "Сурхондарёсавдо" (АК) МЧЖ  раҳбарининг ижтимоий тармоқдаги чиқишига муносабатдан кўра, изоҳ бермоқ лозимдай. Чунки, ҳолат шуни тақазо қилади, қолаверса, изоҳни муносабат ўрнида қабул қилиш ҳам мумкин.

 Муаллиф иддаоси мазмунига кўра, корхонасига оид суд қарорлари ноқонуний ва асоссиз, ишни кўриб чиққан судья эса  Судьялар олий кенгашига “кўтарилиб кетган”, шу адолатданми?!

 “Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи судьянинг (агар у суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги кўрсатилган.

"Сурхондарёсавдо" (АК) МЧЖга оид иқтисодий низо бўйича чиқарилган суд қарори юқори инстанцияда бекор қилинмаган, яъниким, ҳозирда қонуний кучда. Суд қарори ўзгартирилиши ёки бекор қилинишининг ўзи (атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) судьянинг жавобгар бўлишига сабаб бўлмас экан, қабул қилган қарори қонуний кучда бўлган судьяга нисбатан  бирор чора кўллашга асос йўқлиги ўз-ўзидан равшан. Агар тарафларда суд қарорига нисбатан эътироз бўлса, юқори суд инстанциясига мурожаат қилишлари мумкин. Қонунда бундан бошқа тартиб йўқ.

 Энди “кўтарилиб кетган” судья ҳақида. Судьялар олий кенгаши аъзолиги (судьялиги) қисқа суҳбат ва  битта ариза билан иш бошлайдиган лавозим эмас. Қонунга кўра, Кенгашнинг йигирма бир нафар аъзодан иборат таркиби судьялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. Уларнинг ўн бир нафари аввал Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланган бўлса,  янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, энди улар беш йил муддатга Олий Мажлис Сенати томонидан сайланади.

Бундай тартиб ва танловлар Кенгаш аъзолигига лойиқ кўрилган судьяларнинг аввалги фаолиятига берилган баҳо бўлиши билан бирга уларнинг зиммасидаги масъулият  катта эканини ҳам англатади. Шундай экан, айни пайтда Кенгаш аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган шахснинг бир неча йил аввал чиқарган ва ҳозирда ҳам қонуний кучда бўлган қарорини ошкора ноқонуний деб, камига суратини ҳам тармоққа жойлаб бонг уриш судьяга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бундай хатти-ҳаракат жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech