“Қарздор” бўлган адиб, ўрнини билдирмаган шогирдлар ва фаол тингловчилар...

22 Июнь 2023 19:57 1059 Чоп этиш

 Кеча  хабар берилгандики, эртага Судьялар олий мактаби тингловчилари билан маърифий тадбир бўлиб ўтади, унда, ким-ким, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али шогирди – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, шоир Хумоюн Акбаров билан иштирок этади.

Тадбир белгиланган вақтда бошланди. Аммо атоқли ва ардоқли адибимизнинг иштироки, фавқулодда ва хайрли сафар сабаб, кейинроққа сурилди (“битта учрашувга қарздормиз, узр”). Шундай бўлса-да, шогирд Хумоюн Акбаров тадбирга ёлғиз ташриф буюрмади, балки таниқли адиб  Шойим Бўтаев билан бирга келдики, бу мамнуният билан қарши олинди. Чунки, табиатан камтар ва камсуқум Ш. Бўтаев таниқли ва сермаҳсул адиблар сирасига киради.

Алқисса, маърифат аҳли билан ўтган бу галги учрашув ҳам қизиқарли, жонли, энг муҳими, жуда самимий кечди. Қизиқарли ва самимий кечганики, соатга қаралгани йўқ, натижада тадбир белгиланган вақтдан анча ўтиб ниҳоялади.

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари учун маърифий тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.  Шиддат билан ўзгараётган давр ҳамма соҳа  вакилларига, хусусан, судьялар олдига ҳам янги талаб қўяётгани сир эмас. Бунда судьялар, судьялик лавозимига номзодларнинг маънавиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, маънавий баркамол шахсгина зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилади. Судьялик алоҳида куч, катта билим ва кўникмалар талаб қилади. Чунки, у инсон тақдирини ҳал қилишда ақл кўзи билан кўриладиган адолат тарозисини беғараз ва холисона кўтаришни бенуқсон амалга ошириши керак. Адолат ва маънавият эса, давлат раҳбари таъкидлаганидек, ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир, шу боис ҳам маънавият бўлмаган жойда  адолат бўлмайди.

 Учрашувда таниқли ижодкорлар бўлажак судьялар учун инсон ҳаёти ва фаолиятида маънавиятнинг ўрни, китоб ва китобхонликнинг сир-синоатлари ҳамда аҳамияти ҳақида атрофлича, қизиқарли мисоллар билан гапирдилар. Тингловчилар ҳам бўш келгани йўқ, уларнинг саволлари меҳмонларни гоҳ ўйлантирган бўлса, гоҳ янаям жўшиб-жўшиб гапиришига туртки берди.

Тадбир ниҳоясида шеърхонлик бўлди, меҳмонлар ўз китобларидан совға қилди.

 Мезбонлар ҳам ўз навбатида ташриф учун ташаккур айтиб, яқинлашиб келаётган сана – 27 июнь- Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан қутлаб, эсдалик совғаларини топширдилар.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech