Очиқ суд мажлиси – карвонсарой дегани эмас!

3 Июль 2023 20:40 2564 Чоп этиш

Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқларда судья ва депутат ўртасидаги  даҳанаки жангга ўхшаброқ кетадиган “мулоқот” акс этган лавҳа айланмоқда. Депутатнинг гапга чечанлиги, ҳар сўзни чертиб-чертиб айтиши, бунга жавобан судьянинг бироз мувозанатдан чиқиб, боз муроса оҳангидаги  сўзларига нисбатан аксарият фойдаланувчилар муносабати-ку, кўриниб турибди: депутат олқишланиб, судья  “вертуал сазойи” қилинмоқда, гўё..

“Можаро” сабаб бўлган ҳолат ким учун оддий, ким учун жиддий: судья (жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди судьяси Т. Абдуллаев) депутатга (Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Ж. Туляганов) суд мажлисига  рухсатисиз уяли телефони билан кирганига эътироз билдиради.

Бунга жавобан депутат бунақа қоида йўқлиги, бўлса ҳам қонундан устун эмаслиги ва  ўзининг дахлсизлик ҳуқуқини пеш қилади. Гап орасида айтадики (мазмуни), ўтган гал суд мажлисида телефон билан киргандим, нима, ҳар сафар сиздан рухсат сўрашим керакми?!

Аввалдан ойдинлик киритиш керак: судья Т. Абдуллаев раислигида судланувчи М. Ю. ва бошқаларга нисбатан ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга оид  жиноят депутат Туляганов тараф ҳисобланмайди. У, бошқалар қатори, очиқ суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун келган. Депутат таъкид этган “ўтган сафарги суд”да эса мазкур иш эмас, балки бошқа судланувчига оид  бошқа жиноят иши кўрилган. Ўша жиноят иши ҳам мазкур судья раислигида кўрилаётган бўлиб,  унинг  рухсати билан суд мажлисига  уяли телефони билан кирган шу депутатнинг ўша кунги хатти-ҳаракатлари иш бўйича айрим тарафларнинг эътирозига сабаб бўлганди...

Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида раислик этувчи бу сафар депутатга уяли телефони билан суд мажлисида иштирок этишига изн бермайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасида (айрим истиснолардан ташқари) барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилиши  қайд этилади.

Бироқ бу – очиқ суд мажлиси -  хоҳлаган одам исталган пайтда кириб, хоҳлаган пайтда чиқиб кетадиган карвонсарой дегани эмас.

 Суд мажлисларининг хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, уларни бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари кўрлиши ҳам қонунда белгилаб қўйилган. Бундан ташқари: “Раислик қилувчи суд мажлиси залида тартибга риоя қилинишини таъминлайди. Унинг фармойишлари тарафлар ва барча ҳозир бўлганлар учун мажбурийдир” (ЖПК, 408-модда).

Мазкур тартиб депутатга ҳам тегишли бўлиб, бу унинг дахлсизлигига таъсир этмайди. Чунки, жиноят ишлари бўйича  Чирчиқ шаҳар суди судьяси депутатнинг уяли телефонини олиб қўйиш ёки кўздан кечириш талабини қўяётгани йўқ. Балки, ундан  рухсатсиз фойдаланмасликни талаб қилмоқда, холос.

Депутат талаб қилаётган қонун шу.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги ПФ-4966-сон “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида “Суд бинолари, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома ишлаб чиқилган бўлиб,  (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 15 мартда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами: 2981) унга кўра, уяли телефон аппарати раислик этувчининг рухсатисиз суд биносига  олиб кириш чекланиши белгиланган.

Йўриқнома қонундан устунми, дейишга шошмай туринг.

Бундай ҳуқуқий ҳужжатлар қонунларни амалиётга самарали тадбир этиш учун ишлаб чиқилади.

Бўлиб ўтган ёқимсиз ҳолат натижасида судьянинг белгиланган суд мажлисини бошқа кунга қолдирганини оқлаб бўлмайди, албатта. Бироқ тортишув натижасида судья тушган ҳолати суд процессига, алал-оқибат қабул қилинадиган суд ҳужжатига таъсири эҳтимоли инобатга олинса, унга тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин.

  Шунингдек, ушбу воқелик судьялар, хусусан, илк бор мазкур лавозимга тайинланганлар учун инқирозли вазиятларни енгиш ва жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилишини ҳам тақазо этади.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech