Ҳолат ўрганилди, натижа кутилганидек...

15 Июль 2023 13:44 1130 Чоп этиш

Ижтимоий тармоқда тарқалган ушбу хабарга  эътибор қаратмаслик ҳам мумкин эди, аслида. Чунки, муаллифи - аноним, қолдирган хабари ҳам ўта мавҳум. Бироқ ундаги айблов залворли: эмишки, жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди раисининг мустақил фикри йўқ, “жилов” шу суднинг девонхона мудири қўлида, унинг айтгани – айтган, дегани – деган...

Бундай даъволарга на далил бор, на инкор этиб бўлмас исбот.

Шунда бўлса-да, кафтдеккина хабарга эътибор қилинди: Наманган вилоят суди раиси киритган тақдимнома  асосида ҳолат вилоят суди судьялари Малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси томонидан ўрганилди.

Натижада кутилганидек: хабардаги даъволар  тасдиғини топмади!

 Нега “кутилганидек”, дейилмоқда?

 Ошпаз пишаётган таомни шогирди ёки ҳайдовчининг ишини – ҳамроҳи, борингки,  журналист ёзаётган мақолани ҳамкасби охиригача (ҳаммуаллиф сифатида) етказиб қўйиши мумкиндир. Бироқ судья кўриб чиқаётган ишни ўзи якунлаши шарт, инчунин, биринчи инстанцияда! Агар ўринли асослар билан иш бошқа судьяга олиб берилганда ҳам  ҳамкасби “дело”ни келган жойидан эмас, балки бир бошидан кўриб чиқиши керак. Тартиб шундай, талаб шунақа ва судьянинг мустақиллиги ҳам шунда. Ҳар бир судья ишнинг “ичига” кириб,  аниқ тасаввур ва хулосага келмай қарор (ҳукм) чиқармоққа шошмас экан,  “дело”ни кўрмаган ва билмаган, кўриши ва билиши мумкин ҳам бўлмаган девонхона мудирининг унга (судьяга) “домла”лик қилишига йўл бўлсин?!  

Иккинчидан,  бугун жамиятда очиқлик, шаффофлик, сўз эркинлиги каби неъматлар тобора ўз аксини топиб бормоқда. Шу баробарида кўп ҳолатларда бундай имкониятлар суиистеъмол қилинмоқда ҳам. Айрим фойдаланувчилар (улар орасида ўзидан блогер “ясаб” олгани қанча?!) “тармоқда судьяни “урсак”,  юқори орган эътибор қаратиб, обориб-олиб келади”, дея фитнага берилаётгани ҳам бор гап. Бунга жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди раисига оид “ахборот” ҳам яққол мисол.

Яратилаётган имконият, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир чиқишга берилаётган эътибордан бировни бадном қилиш мақсадида фойдаланиш, жуда юмшоқ айтганда, яхши одамнинг иши эмас. Танқид асосли бўлса, бош устига: керакли чоралар кўришда муаммо йўқ. Акс бўлса, жавобгарлик масаласи юзага келади. Чунки, ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам мавжуд: шу ёддан кўтарилмаса, бас.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech