Яна “беркинмачоқ”ми?

24 Июль 2023 18:41 1178 Чоп этиш

Аноним экани (ва андижонлик айрим адвокатлар томонидан юритилиши) айтиладиган telegram-каналда исми-шарифи яширилган бир адвокатнинг хабари эълон қилинибди. Унинг иддоаси мазмунига кўра, жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди раиси томонидан апелляция шикояти муддатини тиклаш  ҳақидаги илтимосномасини рад қилди. Устига-устак, илтимосномани кўриб чиқиш муддати ҳам бузилиб, бу билан маҳкумнинг қонуний ҳуқуқларидан ҳам маҳрум қилган ( изоҳ: ўша маҳкум жуда кўп миқдорда ўғрилик жиноятини содир этишда айбор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган).

“Номаълум”адвокат якунда айтадики, бундай қонунбузарликларга нисбатан  ваколатли мутасаддилар тегишли таъсир чоралари кўриши керак, “зеро, маҳкумлар ҳам фуқаро, уларнинг ҳам Конституция билан белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва манфаатлари бор, уларни  паймол қилишга хеч кимни, хатто судья бўлса ҳам ҳаққи йўқ!”.  

Ҳақ гап: бировнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.  Ким қандай қонунбузилишга йўл қўйгани эса тегишли ўрганишлардан сўнг аниқ бўлади.

Мазкур ҳолатда ҳам шундай.

Юқорида адвокатнинг апелляция шикояти бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси Избоскан туман судининг ажрими билан рад қилингани айтилди. Айни пайтда мазкур ажримга нисбатан юқори суд инстанциясига хусусий шикоят берилган. То шикоят кўриб чиқилиб, юқори суд инстанцияси бир тўхтамга келмагунча адвокатнинг важларини на асосли, на асоссиз, дейиш мумкин (буни маҳкумнинг ҳимоячиси билмаслиги мумкин эмас)?!

Унгача, сабр.

Шу билан муносабатга нуқта  қўйилса ҳам бўларди. Бироқ адвокатнинг мазкур чиқишида битта сирли ва битта ошкора кўриниб турган ҳолатлар борки, шулар ҳақдаям икки оғиз гапиришга эҳтиёж бордай.

Ошкора кўриниб тургани шуки, адвокатнинг хусусий шикояти вилоят судида кўриб чиқилиши арафасида.  Шу жараёнда  ижтимоий тармоқ орқали қилинган чиқиш судга озми-кўпми таъсир ўтказишига уринишдан бошқа нарса эмас. Қонунга  кўпам тўғри келмайдиган бундай хатти-ҳаракатдан тийлиш мақсадга мувофиқ эканини, ким-ким -  ҳуқуқшунос билмайди,  деб  бўлмайди.

“Сирли”лиги шундаки,  кулчадек ахборотида бир эмас, икки жойда судьянинг номини тилга олган адвокат ўзига келганда “панага уради”, гўё. Ваҳоланки,суд ажримида ҳам, унга нисбатан берган шикоятида ҳам исми-шарифи “ярқ  этиб” турибди: (қонун изн берса-да, одоб юзасидан унинг шахсини ошкор қилмоқни ўзимизга раво кўрмадик).

Бу нима? Тармоқда навбатдаги “беркинмачоқ”ми?!

Очиқликми?  Келинг,  парда ортидан гаплашмайлик.  Кўндаланг қўйилаётган савол муаллифи ўзини ўзи оммага ҳам билдириб қўйсин,  шунда “юзингни бир кўрай десам,  қўлингни пардалар қилдинг”, демоққа ҳожат қолмайди.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech