Аёл судьялар кўришиб, кенгашиб олди

1 Август 2023 16:05 716 Чоп этиш

Кеча мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган аёл судьялар кўришиб-кенгашиб (пойтахтда фаолият кўрсатаётганлар бевосита, жойлардагилар масофадан туриб) олди. Давра суҳбати шаклида ўтган тадбир Судьялар олий кенгаши, Олий суд, USAID Миссиясининг Демократия ва бошқарув офиси, East-West Management Institute билан ҳамкорликда ташкил этилдки, мавзу  ҳар икки йилда бир марта бўлиб ўтадиган Аёл судьялар халқаро ассоциациясининг охирги конференциясида кўтарилган масалаларга оид эди. Маълумингизким, мазкур ассоциациянинг  16-конференцияси шу йилнинг  май ойида Марокашда бўлиб ўтди. Халқаро анжуманда илк бор Ўзбекистон аёл судьяларини тамсил қилган вакилаларимиз тадбир тўрида бўлиб,   конференциядаги иштироклари, муҳокама этилган мавзулар ва уларнинг аҳамияти ҳақида ҳамкасабаларига  атрофлича маълумот бердилар.

Айтилдики, халқаро анжуман одил судловни яхшилаш борасида ўзига хос мулоқот, тажриба ва ахборот алмашиш майдони бўлиб, жамият учун муҳим  масалаларни ҳал этишда аёл-судьяларнинг ташаббускорлигини янада қўллаб-қувватлашга қаратилди.  Иштирокчи давлатларнинг маданий, тарихий, суд тизимларидаги тафовут катта бўлса-да, умумий мақсад ва вазифалар битта: жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдир.

Одил судловни амалга оширишда хотин-қизларнинг иштироки муҳимлигидан келиб чиқиб,  кўплаб давлатларда  жорий этилган квоталар сабаб аёл судьяларнинг сони ортиб бораётгани ҳам тадбирда алоҳида қайд этилди.  Бундан чора-тадбирлар суд тизимини такомиллаштириш, шунингдек, аёлларга тааллуқли масалаларни яхшироқ тушуниш билан бир қаторда, адолатли қарорлар қабул қилинишига,  хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва камситишларнинг олдини олиш ва гендер тенгликни таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари иштирокчилар хотин-қизларга нисбатан кибержиноятчилик ва уларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий-ижтимоий масалалар, инклюзив одил судловни яратиш, бунда ногиронлар, ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қийналаётган қатламнинг манфаатлари, одам савдоси ва унинг салбий оқибатлари ҳақида хорижий давлатларда тажрибаларини ўрганиш бўйича  ҳам таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, Cудьялар олий кенгашининг 2023 йилда  JSSA лойиҳаси билан ҳамкорлиги таҳлили, «Аёллар-тинчлик судьялари: ютуқлар ва муаммолар», «Аёл судьялар уюшмаларининг фаолияти бўйича халқаро тажрибанинг таҳлили» билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди.

 Маълумот учун: Халқаро аёл-судьялар ассоциацияси 1991 йил ташкил топган бўлиб, ҳозирги кунда 143 та мамлакатдан 10400 нафардан кўп аъзолари бор. Мазкур Ассоциация ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 75/274 сонли (2021 йил 28 апрели)  резолюция қабул қилиниб, унга кўра , ҳар йилнинг  10 март  санаси "Халқаро аёл-судьялар куни” сифатида белгиланган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech