Мурожаатчининг иддаоси асоссиз, журналист билан боғлиқ ҳолат эса ўрганилади

2 Август 2023 18:38 826 Чоп этиш

“Effekt.uz”нинг YouTube платформасидаги каналида эълон қилинган фуқаро Ж. Қодировнинг мурожаатига оид лавҳага нисбатан бир қарашда эътироз йўқдек кўринади. Журналист муаммо кўтармоқда, ҳиссиётга берилаётгани йўқ, энг муҳими, масала моҳиятини очишда холисликка интилиш бор. Бироқ давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик, унинг хос нуқталарига  етарлича эътибор бермаслик иқтидорли  журналистни бироз чалғитган кўринади.

Гап нимада?

Кўтарилган масаланинг қисқа мазмуни шуки, Бўстонлиқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж. Қодиров ўзининг фойдасига чиқарилган маъмурий суд қарори юқори суд инстанциясида (Тошкент вилоят маъмурий судида) бекор қилиниб, аризасини рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилинганидан норози. Унга кўра, вилоят маъмурий суди судлов ҳайъати ишни бир томонлама кўрган, тақдим этилган ҳужжат ва далилларга етарлича эътибор бермаган, демакки, улар қабул қилган суд ҳужжати ноқонуний. Шу боис у  судлов ҳайъатига, хусусан, Тошкент вилояти суди раисига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш лозим, деб ҳисоблайди. Судьялар олий кенгашига ёзган шикоятидаги асосий талаби  ҳам шу.

  Фуқаро Ж. Қодировнинг мурожаатига Кенгаш томонидан берилган ёзма жавобда ҳам, ўзи билан  юзма-юз мулоқот чоғида ҳам тушунтирилдики, суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди ҳуқуқий баҳо бериши мумкин. Судьялар олий кенгаши бундай ваколатга эга эмас. Токи, у норози бўлаётган суд ҳужжати қонуний кучда экан, судлов ҳайъатига нисбатан хизмати текшируви ўтказиш учун асос йўқлиги сабаби ҳам шунда. Агар суд жараёнида ҳайъат аъзолари Судьялар одоби кодекси талабларига зид хатти-ҳаракат содир этган бўлса ва бунга далил тақдим этилса, ўрганиб чиқишда муаммо йўқ.  Акс ҳолда, суд қароридан норози тарафга юқори суд инстанциясига шикоят қилиш тавися қилинади,  холос, чунки, қонунда бундан бошқа тартиб йўқ.

Шугина тартибни мурожаатчи тушунмаяптими ёки тушунишни хоҳламаяптими – бизга қоронғу, бироқ унинг қайсидир судьяга нисбатан “Кенгашнинг кучи етмаётгани” ёки норозилигига сабаб бўлаётган суд қарори замирида қандайдир манфаат бўлиши мумкинлигига оид ишора-писандлари мутлақо асоссиз. Чунки, такрор айтамиз, хизмат текшируви ўтказиш учун етарли асослар керак. Турли башорат ёхуд тахминлар асосида хизмат текшируви ўтказилмайди. 

Дарвоқе, лавҳада журналист ва суд ходимлари ўртасида унинг очиқ суд мажлисида иштирок этиши билан боғлиқ тортишув акс этган ҳолат ҳам бор. Унда журналист очиқ суд мажлисида муаммосиз иштирок этиши, фақат суд жараёнини тасвирга (суратга тушириш ёки аудио шаклида ёзиб) олишдагина раислик этувчи судьянинг (тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда) рухсати лозимлигини таъкидлайди.

Мазкур ҳолатда журналистнинг очиқ суд мажлисида иштироки билан боғлиқ ҳуқуқи бузилгани эҳтимолидан келиб чиқиб,  Судьялар олий кенгаши томонидан Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссиясига вазиятни ўрганиш тавсия қилинди.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech