“Суд” деган сўзнинг имтиёзи йўқ, масъулияти бор

10 Август 2023 13:59 848 Чоп этиш

Аввал тармоқда чиққан хабар мазмуни билан танишсак: “Mangu Koklam” хусусий корхонаси директори канал маъмурларига айтишича, унинг корхонаси ва Ҳакамлик Судлари ассоциациясининг Андижон вилояти филиали ўртасида тузилган шартномага кўра, фалон миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилган экан.  Аммо, “суд деган номи бор ташкилот”,  маҳсулот  пулини “ана-мана”, деб бермай келмоқда. Судни устидан судга бериб, ҳаққини ундиролмаслигига кўзи етмаган тадбиркор канал маъмурларига мурожаат қилибди...

Мазкур хабар ижтимоий тармоқлардаги  йўналиши бошқа каналларда эълон қилинганида тушуниш мумкин эди: ҳаммаям ҳуқуқшунос эмас, судларнинг тоифаси, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва тартибларини билавермайди, деб. Бироқ хабар ким-ким - андижонлик айрим адвокатлар юритиши ишониладиган каналда чиқиши, жуда юмшоқ айтганда, энсани қотиради, рости. Чунки, ҳуқуқий тарғибот, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдек ишга ҳисса қўшишга холис бел боғлаб, “telegram” мессенжерида канал очганлар бундай мазмундаги мурожаатни эълон қилишдан аввал, жилла қурса, қуйидагича тушунтириш беришга ўзини бурчли, деб билиши керак-да.

 Яъни: синглим (мурожаатчининг исми-шарифи  аноним тарзда берилган бўлса-да, хабарга илова сифатида жойлаштирилган айрим ҳужжат нусхаларида  унинг исми-шарифи, ҳатто корнхона манзилигача яққол кўриниб турибди), Ҳакамлик судлари, номида “суд” сўзи бўлса-да, суд тизимига кирмайди. Бундай тузилмалар фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни билан эмас, балки алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат – “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинганининг сабаби ҳам шунда.  Ҳакамлик судлари  фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи муайян низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи маълум тоифадаги иқтисодий низоларни ҳал этиш ваколатига эга бўлган нодавлат орган ҳисобланади. Нодавлат орган бўлгани учун ҳам  бундай судларда ишлар “ҳакамлик битими” асосида кўрилади. “Ҳакамлик битими” – тарафларнинг низони ҳакамлик судига ҳал қилиш учун топшириш ҳақидаги келишувидир. Яъниким, тарафлар келишган ҳолда ҳакамлик судига мурожааат қилади, акс ҳолда, ушбу судда низо кўриб чиқилишига асос  йўқ.  Ҳакамлик судининг яна бир ўзгачалиги шундаки, унда  суд ҳаражатлари (низони кўриб чиқиш билан боғлиқ  чиқимлардан тортиб, то судьянинг ҳаққи – гонораригача!) тарафлар зиммасида бўлади. Чунки, Ҳакамлик суди судьяларига давлат маош тўламайди: такрор айтамиз – у нодавлат орган?!  “Судни устидан судга бериб, ҳаққимни ундиролмасам керак, деб сизларга мурожаат қиляпман”, деяпсиз-а? Эътибор учун ташаккур. Аммо  ижтимоий тармоқдаги канал маъмурлари  (адвокат бўладими, балогерми – фарқ йўқ) судья эмаски, тор хонада ўтирганча муродингизни ҳосил қилса?!  Мурожаатингизни эълон қилдик ҳам дейлик. Кейин-чи? Масала моҳиятини илғамаганлар судларга қарата “виртуал гурзи”ларини ишга солиши аниқ. Аммо қонунчиликнинг паст-баландини билганлар  “ҳо-ой,  азаматлар, суд билан боғлиқ нимаики мурожаат келса, кўзга тўтиё қилгудек бўлиб эълон қилишдан аввал ундаги мазмун ва мантиққа ҳам қаранглар-эй”, дейиши  аниқ... Иккинчидан, “судни судга бериб бўладими?” дея, иккиланманг: агар ушбу масала бўйича судга мурожаат қилсангиз, Ҳакамлик суди, янада тўғрироғи, уни ташкил қилан юридик шахс тараф  бўлади, холос. Бу ўринда  “суд” деган  сўз  тарафга ҳеч қандай имтиёз бермайди... ва ҳоказо, ҳоказо...

Муносабатни оширвояпмизми? Агар шундай туюлаётган бўлса, сабаби юқорида айтилди: даъвоси (“биз ҳақиқат ва адолатни(нг!) ҳимоя қўрғонимиз”)  катталарга шунга монанд гапириш керакдай.

 Қолаверса, шу кичкина хабарда каттагина фитна ҳам кўриниб турибди: унга илова сифатида айрим ҳужжат нусхалари жойлаштирилган бўлиб, улар  қаторига Судлар фаолиятини таъминлаш Департаментининг Андижон вилояти  ҳудудий бўлимига оид маълумотлар ҳам тиркаб қўйилган?!

Бошқа суд, бошқа субъект билан боғлиқ низога бу машмашаларга алоқаси бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин бўлмаган давлат органини тупуклаб ётиштиришми бу?!  Ёки  билатуриб, судни обрўсизлантириш  учун отилган навбатдаги тошми?

Каллани мўлжаллаб отилаётган бунақа “тош”лар салланиям чувалатмайдику-я, аммо жамоатчиликнинг чалғитиши  бор...

 Ўзини ҳурмат қилганлар обуначилари ишончини бу тарзда суиистеъмол қилмайди.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech