РАСМИЙ МУНОСАБАТ

14 Август 2023 19:13 2684 Чоп этиш

Ижтимоий тармоқларда жиноятчиликни жиловлаш ва унинг барвақт олдини олиш  масалалари бўйича Андижонда бўлиб ўтган йиғилишда  гўёки судлар фаолияти муҳокама қилиниб, улар томонидан судланувчиларга нисбатан енгил жазо тайинланаётгани важи билан мутасаддиларга қаттиқ танбеҳ берилганига оид хабарлар тарқалмоқда.

 Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганиш натижаларига кўра, қайд этилган йиғилишда суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига таъсир кўрсатувчи  ёки судларга қонунга зид равишда бирор-бир кўрсатма берилганига оид ҳолатлар аниқланмади. Тарқалаётган хабарларнинг аксарияти воқеликни бўрттириш, бир томонлама ва бузиб талқин қилинишининг натижаси бўлиб, айрим суд ҳужжатлари прокурор протестига асосан ўзгартирилгани (бу табиий жараён) тилга олинганини айтмаса, “енгил жазо тайинланганлиги важи билан вилоят суди мутасаддиларига танбеҳ берилгани”га оид гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Гарчи шундай бўлса-да, хабарлар мазмунидан келиб чиқиб, суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги масаласида ўзининг қатъий позициясини билдирган ижтимоий  тармоқларнинг фаол фойдаланувчиларига миннатдорлик билдирамиз.

Судьялар олий кенгаши таъкидлайдики, Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади. Шу боис ҳам судьялар мустақиллиги, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги Бош қомусимизнинг ўзида кафолатланган.

 Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи  сифатида суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларга қарши курашиш бўйича изчил фаолият олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойида суд ишларига аралашиш ҳолатлари бўйича Кенгаш раисининг Бош прокуратурага киритган тақдимномалари натижасида 1 та жиноят иши қўзғатилди, яна 2 та ҳолат ўрганилмоқда.  2022 йилда 2 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганидан ташқари халқ депутатлари маҳаллий кенгашларнинг  судлар ваколатига зид турли вазифалар юклаш ҳақидаги 14 та қарори бекор қилинган.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech