Ҳаммаси қандай тушунишга боғлиқ...

16 Август 2023 18:40 1468 Чоп этиш

“Андижондаги йиғилиш” билан боғлиқ шов-шувнинг ҳали ҳовури босилмай Фарғонада ҳам шунга ўхшашроқ воқеа юз берди.  Бунга сабаб  тармоқларда  “қўлма-қўл” бўлаётган вилоят ҳокими ўринбосарининг “Тезкор хабарномаси”. Унда  вилоят раҳбарияти иштирокида оилавий низолар ва уларнинг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказилиши айтилар экан, иштирокчилар рўйхатида вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисидан то туман ва шаҳар судлари раҳбарларигача  қайд этилади.

Бир қарашда шов-шувга сабаб йўқдай. Йиғилишда жамиятнинг оғриқли муаммосига айланиб бораётган оилавий низолар, уларнинг келиб чиқиши сабаблари танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб,  кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар белгиланиши эътиборидан унга судьялар ҳам таклиф этилиши ажабланарли эмас, балки мутлақо табиий ҳолат. Чунки, оилавий ажримлар билан боғлиқ муаммолар ва низолар, уланинг хусусияти ҳамда ҳуқуқий оқибатларини суд тизими вакиллари чуқурроқ билиши равшан. Чунки, бу борадаги барча низоларга судда қонуний нуқта қўйилади. Демак, бундай машваратларда тизим вакилларининг иштироки, суд амалиётидан келиб чиқиб, мавжуд муаммолар ечими бўйича зарурий тавсиялари хайрли иш йўлидаги уларнинг ҳисса ҳисобланади.

Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқларда “Тезкор хабарнома”да   йиғилишига суд мутасаддиларининг гўёки “ҳисоботга тайёр ҳолда келишлари”ни сўралиши кескин муҳокамага сабаб бўлмоқда. Уларда  маҳаллий ҳокимият йиғилишига судьяларнинг бу тарзда чақирилиши суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига оид конституцион нормаларга  зид экани таъкидланади.

Судьялар олий кенгаши томонидан мазкур ҳолат ўрганилганда  аниқланишича, йиғилишга суд раисларининг таклиф этилиши кун тартибидаги масала муҳокамаси эҳтиёжидан келиб чиққан бўлиб,  бу ҳақда хабарноманинг 3-бандида  бошқа ташкилотлар қатори вилоят судлари раҳбарлари ҳам иштирок этиши (маълумот тариқасида) келтириб ўтилган. Хатдаги “ҳисоботга тайёр ҳолда келиш” масъул ташкилотлар, хусусан, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва унинг  тизимлари мутасаддиларига тааллуқли экани маълум бўлди.

 Ижтимоий тармоқларда суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиши эҳтимолини юзага келтириши мумкин бўлган ҳар бир ҳолат бўйича жамоатчиликнинг фаол қатлами томонидан билдирилаётган муносабатлар эътиборга муносиб, албатта. Бунинг учун самимий  ташаккур айтишга бурчлимиз.

Пировардида, жойлардаги  бошқарув органлари, айрим халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мутасаддиларига Конституцияда давлат ҳокимиятининг ташкил этиш принциплари тартибга солинганини эслатиш ортиқчалик қилмас. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

 Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech