РАСМИЙ БАЁНОТ

17 Август 2023 19:52 2361 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ижтимоий тармоқдаги YouTube  платформасидаги “Нaqiqat ovozi” каналида эълон қилинган “Қачонгача судьялар шаффоф судга норози бўлишади?” (муаллиф: блогер Шуҳрат Шон) видеоматериалига нисбатан жиддий эътироз билдиради.

  Тасвирлардан кўриниб турибдики,  ўзини блогер деб таништирган (аммо шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этолмаган) шахс сайёр суд мажлисига қўл телефони камерасини ёққан ҳолда тўғридан-тўғри бостириб кириб, судьяни саволга тутади.  Рухсатсиз сайёр суд мажлисига кириб, жараённи видеотасвирга олаётганига нисбатан  судья билдирган эътирози ва мавжуд талабларни тушунтиришига жавобан блогер турли важлар билан унинг ўзига босим ўтказади. Блогерга мавжуд тартиб ва қоидаларни тушунтириш, хатти-ҳаркатларини тўхтатишга чақириш натижа бермагани оқибатида судья сайёр суд мажлисини тўхтатишга мажбур бўлади.

 Блогер эса судьянинг ортидан тасвирга олиш ишларини давом эттираркан, уни барча иштирокчилар олдида “шаффофликни таъминламаслик”да  айблайди, сўнг бошқа иштирокчиларни суҳбатга тортган ҳолда воқеликка ўзгача тус беришга тушади ва ҳоказо, ҳоказо...

Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди судьясининг мурожаатига кўра, Судьялар олий кенгаши томонидан ҳолат ўрганилганда воқелик 2023 йилнинг 14 август куни соат 12.00. чамасида туманнинг Янгиқўрғон маҳалласида юз бергани маълум бўлди.  Шу куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида мазмунан кўриб чиқилаётган А. Т.га оид жиноят иши доирасида судга оид ер экспертизаси тайинланганлиги сабабли ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани айтилаётган ер майдонини кўздан кечириш учун  сайёр суд мажлиси ўтказилаётган бўлган.

Сайёр суд мажлиси бошқа суд мажлислари каби тегишли процессуал тартиблар асосида ўтказилади. Унда ишдаги тарафлар ва бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган бўлиб, ҳамма, жумладан, суд жараёнини ёритиш учун  келган блогер ҳам риоя этиши шарт.  Яъни, “сайёр”  деган сўз бундай суд мажлисига тўғридан-тўғри бостириб кириб, ўз билганича жараённи тасвирга олиш, судьяни саволга тутиш мумкинлигини англатмайди.

Видеоматериалдан “блогер Шуҳрат Шон” ўз хатти-ҳаракатлари билан судга нисбатан ҳурматсизлик ва суд мажлиси тартибини бузганлигини  кўринади.

 Бунинг учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.

             Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech