ИМКОНИЯТЛАР КАЛИТИ

19 Август 2023 13:30 852 Чоп этиш

Китоб — одамзоднинг энг буюк кашфиётларидан бири. Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти китобхонлик даражаси билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, мутолаа сув ва ҳаводек зарур бўлган энг муҳим ҳаётий эҳтиёждир. У муваффақият ва саодат эшикларини очувчи имкониятлар калити ҳисобланади. Бунга ҳаётдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин.

Судьялик фаолиятида ҳам китоб мутолааси ўта муҳим ўрин тутади. Судья доимий равишда китоб мутолаа қилиши зарур. Хўш, ҳозирда судья­лар қандай китобларни ўқимоқда? Уларнинг китобхонлик, мутолаага муносабати қандай? Бўлғуси ва ёш ҳамкасбларига қайси китобларни ўқишни тавсия қилади? «Куч-адолатда» газетасида бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Мутолаа эҳтиёжи” деб номланган янги рукн ташкил қилди. Унда судьяларнинг китоблар ва китобхонликка оид фикр-мулоҳазалари, таклиф ҳамда тавсиялари эълон қилиб борилади. Қуйида уларнинг дастлабкиси билан танишасиз.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар қандай низони ҳал қилиш, адолатли ҳукм чиқариш судьядан аввало катта билим, таж­риба ва юксак маънавиятни талаб этади. Фақатгина қонунларни ўқиш ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш ва вазиятни тўғри баҳолаш учун кифоя эмас. Судьянинг китобхонлиги аввало унинг фикрлаш доирасини кенгайтиради, муаммо ечимини топишда тўғри йўл тутиши, ўз касбига ҳалоллик ва поклик билан ёндашишига ёрдам беради. Китоб мутолааси судьянинг маданиятли, маънавиятли инсон бўлиб шаклланиши гаровидир. Чунки судьялик маданияти касбий маҳорат билан ахлоқий сифатларнинг ўзаро уйғунлашуви маҳсули ҳисобланади.

Судьялар одоби кодексининг 10-моддасида судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини янада такомиллаштириши шартлиги, шу мақсадда судья мустақил таълим олиш имкониятларидан фойдаланиши ва мунтазам равишда давлат малака ошириш тизимида қайта тайёргарликдан ўтиши кераклигига оид қоидалар белгилаб қўйилган. Зотан, судьянинг китоб мутолаа қилиб туриши унинг нафақат профессионал касбий маҳоратини, балки жамиятдаги мавқеининг ортиши, фуқаролар билан муомала маданиятини юксалиши, нутқ маданияти ва сўз бойлигини кенгайтиришга ёрдам беради.

Шу кунларда мен ёзувчи Набижон Боқийнинг “Қизил тош­бўрон” ҳужжатли романини ўқияпман. Ушбу асар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган. Маълумки, Ҳамза Ҳакимзода ҳақида жамаотчиликда турли тасаввурлар шаклланган: кимдир уни қизил империяга хизмат қилган шахс, бошқалар фидоий маърифатпарвар сифатида эътироф этади. “Қизил тошбўрон” романида архив ҳужжатлари асосида зиддиятли шахс ҳақидаги ҳақиқатлар бадиий усулда баён этилган. Асар тили равон, ўқувчини зериктирмайди, завқ билан ўқилгани учун ҳамкасбларимга уни ўқиб чиқишни тавсия қиламан.

Жамол Чориев,

Олий суд судьяси, Ўзбекистон Судьялар клуби бошқарувчиси

 

(“Куч – адолатда” газетасининг 2023 йил, 18 август, 37-сонидан олинди)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech