Замонавий дунёнинг энг машҳур судьяси — Фрэнк Каприо

21 Август 2023 11:31 1189 Чоп этиш

Иши судга тушганнинг аксари негадир прокурор ёки судяни ёмон кўради. Гарчи иккиси ҳам ҳақиқат тарафдори бўлса-да, стереотиплар шаклланиб бўлган. Лекин америкалик судья Фрэнк Каприони биров ёмонотлиқ қилолмайди. Аксинча, уни “замонавий дунёнинг энг одил судяси” дейишади. Унга бундай юксак баҳо беришларига сабаб нима? Нега миллионлаб мухлиси унинг фаолиятини кузатади? Фақат одиллик, адолатга суянгани учун шуҳрати баландми? Ё ижтимоий тармоқ, телевидениенинг кучи ортидан донг қозонилдими?

“Одам бўламан десанг – ўқи!”

Фрэнк (Франческо) Каприони ўзбекистонликлар ҳам Муҳаммадобид воқеасидан кейин яхшироқ таниди. Судья жиноят, шов-шув қўзғатадиган ёки жанжалли ишларни кўрмайди. Маҳаллий, асосан, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаганлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича қарор чиқаради. Аммо шугина билан ҳам обрўси манаман деган судья, сиёсатдон, депутатдан баланд.

Отам сут ташувчи эди, — деб эслайди у. — Акам (Антонио) иккимизни тонгги тўртда уйғотарди. “Агар келажакдаям шу ишни қилишни хоҳламасангиз, мактабда аълога ўқиб, одам бўлинг!” дерди. Мана шу хотирамга муҳрланган”. 86 ёшни қаршилаган судя болаликда қора меҳнатнинг ҳар турида ишлаб кўрган: сут ташиган, идиш-товоқ ювган, газета тарқатган, ўткинчиларнинг пойабзалини тозалаб, рўзғорга қарашган.

Род Айленд штатидаги италиялик муҳожирлар кварталида туғилган Каприо отасининг асосий ёрдамчиси бўлган. Акаси, кейинчалик укаси ҳам қаторга қўшилгач, уч ўғил оиланинг дастёри, даромадга ҳисса қўшадиган ишчиларга айланади. Камбағалликдан қутулиш ва одамдек яшаш отасининг азалий орзуси эди.

Муҳожир ота саводи ҳаминқадарлиги учун болалари илм олиши, дуруст шароитда ўқишига алоҳида эътибор беради. Дарс пайтигача сутларни ташиб улгурган уч ўғилнинг ўқиб-ўрганишига қаттиқ туради. Назоратни сусайтирмайди.

Аввал коллеж, сўнг университетни тамомлаган Фрэнки ойлиги дуруст, қора меҳнатдан узоқ дея ўқитувчиликни танлайди. Провиденсдаги Ҳоуп мактабида Америка ҳуқуқидан бир муддат дарс беради. Аммо юридик факультетда ўқиш, даромади тузук ишда ишлаш нияти пишиб-етгач,  Бостондаги Саффолк ҳуқуқ мактабига йўл олади. Ўқиш баробари педагогликдан ҳам узилмайди. Кундузи дарс бериб, кечалари маърузаларга қатнашади.

Шаҳар судьялигигача Каприо адвокат, юридик маслаҳатчи, орада бир муддат ҳарбий хизматда омадини синайди. Маълум вақт сиёсат билан ҳам шуғулланади. Аммо таълимдаги ислоҳотлар, талабаларни қўллаб-қувватлаш муҳимроқлиги учун 1985 йилгача олий таълим бўйича Род Айленд бошқарув кенгаши раислигида қолади. Иқтидорли, аммо молиявий кўмакка муҳтож талабаларни қўллаш учун алоҳида стипендиялар таъсис этади.

“Провиденсда тутилган” кўнгилочар шоу эмас

2017 йили АҚШнинг Род Айленд штати Провиденс шаҳрида антиқа кўрсатув намойиши бошланади. Шаҳардаги энг кекса судья бошчилигидаги суд жараёнлари тўғридан тўғри эфирга узатилади. Олдиндан ёзиб олинмайдиган, бари табиий ва ҳаққоний суд жараёни Caught in Providence (“Провиденсда тутилган”) номи билан илк сонияларданоқ мисоли вирусдек тарқалади. Кўрувлар сони ўша кунлари 15 миллионга чиқади. Вақт ўтиб, YouTube, Facebook’да мунтазам узатиладиган дастур сонлари 400 миллионлаб кўрилади.

“Провиденсда тутилган” ҳақиқий кўрсатувга айлангунича фақат YouTube’га қисқа-қисқа видеолар шаклида жойланган. Кейин шаҳардаги ABC6 телеканали дастурнинг муваффақиятини баҳолаб, эфир сеткасидан жой ажратади.

Қайсидир маънода судьянинг элга танилиши ва дунёга чиқишига шу кўрсатув сабабчи. Буни Каприо ҳам интервьюларида таъкидлайди. Унинг айтишича, бошида ишонқирамаган, лекин вақт ўтиб аудиториясини йиққан дастурнинг 2023 йили чиққан айрим видеоларининг кўрувлари сони 2 миллиардга етган.

“Провиденсда тутилган” шунчаки кўнгилочар шоу ёки суд жараёнини ёритувчи кўрсатув эмас. Бу судья аслида қандай бўлиши, адолат мезонларига қандай риоя этиши, ҳукм чиқаришда ҳукмфармо нималарга эътибор бериши ҳақидаги реалитидир. “Бу курсида ўйин-кулги кўрсатиш учун ўтирганим йўқ, — деганди у, — бурчим адолатни юзага чиқариш”.

Кўрсатувни оила аъзолари тайёрлайди. Дастур қисмларини судьянинг укаси Жо суратга олади. Жонинг рафиқаси Ирен эса ижрочи продюсер. Судьянинг ўғиллари Жон, Дэвид ҳам дастур продюсерлари.

Дастур учун алоҳида тайёргарлик кўрилмайди. Ҳаммаси табиий, жараён қандай кечса, шу тариқа кадрга муҳрланади.

“Аввалдан дастурга ҳозирланиш деган гап йўқ, дея тасдиқлаганди буни судьянинг ўзи. — Бир кунда 80 кишининг ишини кўраманми ёки 10 нафариними, аниғини билмайман. Рўпарамда айбдор тураркан, уни тушунишга ҳаракат қиламан. Айниқса, бугунги замонавий дунёда кўпчилик моддиятдан сиқилган бўлади. Ёлғиз ота-оналарнинг даромади ҳаминқадар, болаларимни боқишим керак деган ғам-ўйда яшайди. Ўзимни уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қиламан: бу вазиятда қандай чора кўрардим? Отам-чи, нима қилган бўларди, дейман”.

“Судда инсон борлиги сезилсин!”

Каприо одатда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарима ишларини кўради. Жарималарни камайтириб ёки бутунлай бекор қилиши, инсонларни эшита билгани учун уни “энг одил ҳакам” дейишади. Ҳар бир айбдорнинг дарди, қоида бузганининг сабабини битталаб сўрагачгина якуний қарорини кўпинча тўловчининг фойдасига ҳал этади.

Атрофдагилар эса уни кўнгли бўш, юмшоқликда айблашади. Қаттиқ туриб, жаримани каттароқ солиш судьянинг вазифаси, дея норози бўладиганлар ҳам топилади. Аммо у бундайларга қарата: “Айбдорлар мени алдай олмайди. Ишчи қатламнинг қандайлигини яхши биламан. Ўзим ҳам шулар орасидан чиққанман, — дейди. — Тўғри, гоҳи қилинган жиноятдан енгилроқ жазо тайинлайман. Аммо айбдорга катта жарима солсаму у ҳам индамай тўласа, виждоним қийналади, азобланаман. Мен судьяман, киримларни кўпайтирадиган амалдор эмас”.

Судья ота-оналарга кўпроқ ён босади. Ундан нега бундай қилишини сўрашганида: “Ҳа, биламан, аёл қизил чироқда ўтиб кетибди. Лекин, биласизми, унинг ҳаётида муаммолари шунчалик кўпки, жарима унинг бахтсизлигини янаям оширворади. Болаларини боқолмай қийналиб қолиши ҳам мумкин. Эҳтимол, кимдир “Қонун – бу қонун! Жарима тўласин!”’ дейиши аниқ. Аммо ҳаммаси шунчалик оппа-осон бўлса, унда судьянинг нима кераги бор? Ҳиссиз қўғирчоқни қўйган маъқул-ку: “Айбдор. Айбсиз” деб туриши учун. Судда инсон борлиги сезилсин”, деганди.

Яна бир интервьюсида эса отасидан ўрганганларини суд жараёнида қўллашини келтирганди: “Отам бир умр сут етказиш билан шуғулланган. У ишлаган компаниянинг битта қоидаси бўларди. Агар қарздор икки ҳафтадан кейин қарзини узмаса, сут етказиб бериш шартта тўхтатиларди. Лекин отамнинг бир гапи эсимдан чиқмайди: “Мабодо ўша қарздорнинг болалари бўлса, уларни сутдан ҳечам қисиб қўймайман, етказавераман”. Баъзан чўнтагида бир-икки доллари бўлса, ўшаларга берарди. Отам гапи биланмас, амалда бизга ўрнак эди”.

Каприонинг қизиқ одати бор. Суд залига болалари билан келганларнинг ишини айрича синчковлик билан кўради. Ҳатто болажонларни ёнига чақириб, бирга ҳукм чиқаришни сўрайди. “Бу ўта қўрқинчли тажрибадек кўриниши мумкин, — деганди у. — Болалардан ота-онасига жарима солишда ёрдам беришини бекорга сўрамайман. Улар ўта адолатли бўлади. Ҳатто ота-онасигаям шафқат қилмайди. Одиллик фитратида бўлади. Агар болажон кўз ўнгида чўнтагида ортиқча пули йўқ, даромади ҳаминқадар ота-онага бақириб, нафрат сочиб жарима қўлласам, унинг шуурида бир умрлик чандиқ қолдириб, кейинги ҳаётини заҳарга айлантирган бўламан”.

YouTube фойдаланувчилари ҳам судянинг адолатли ҳукми ва софдиллигидан миннатдор. “Судя Каприо ажойиб инсон. У сабаб болаларимиз қонундан қўрқишни эмас, ҳурмат қилишни ўрганди. Агар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмаларда шундай инсонлар кўпайса ва ишласа, мамлакатимиз қандай ўлкага айланишини кўргим келади”, деб изоҳ қолдиради бир томошабин.

Судьянинг мухлислари талай. Ҳатто Италия, Абу Дабида ҳам миллионлаб томошабин у бошлиқ судларни битта қолдирмай кўради. Судланувчиларга ёрдам бериш ниятида Каприо 2021 йили онаси хотирасига Филомена фондига асос солади.  Жарима тўлашга қурби етмаганларга фонддан пул ажратиб, қўллаб-қувватлайди. Бунга Индианадан болаларини бир ўзи боқаётган ёлғиз онанинг юборган мактуби сабаб бўлади.

Фрэнк Каприо рафиқаси Жойс Каприо билан 50 йилдан бери тотув яшаб келмоқда. Беш бола, етти набира, икки эвараси бор. Судья замон билан ҳамнафас яшашни, ҳаётдан завқланишни яхши кўради. Буни унинг Instagram саҳифасидаги суратлари, оилавий фотолари тасдиқлайди.

Идорамда акам иккимиз тушган сурат бор. Ўнга киргандим, акам эса уч ёшлар катта эди мендан. Бу ўша кунлари, саҳармардонлаб 4 да турган, гўё очликдан териси суякка ёпишиб, афтодаҳол болакай бўлиб юрган пайтларимда олинган. Суратга ҳар куни қарайман ва юрагимдан “мен кимман” деган савол ўтади. Болалик пайтим отам бир тарафдан, онам бошқа томондан берган ўгитларини эслайман. Мен бор-йўғи Фрэнки исмли, Провиденсда Федерал Ҳилл деб аталган, италян муҳожирлари қўним топган масканда туғилган кимсаман – буни ҳеч қачон унутмайман”, дейди у.

Чарос Низомиддинова тайёрлади.

( Манба: hudud24uz)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech