Биринчидан, “номзод” эмас, “талабгор”! Иккинчидан...
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларининг ҳар бир босқичи натижалари Кенгаш ахборот ресурсларида эълон қилиб борилар экан, ижтимоий тармоқларда улар билан боғлиқ турли фикрлар билдирилмоқда.
Хусусан, кириш синовларининг иншо босқичида айрим талабгорлар “0” (ноль) балл олгани турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқдаки, билдирилаётган аксарият фикрларнинг мазмуни шундай: мана, судьяликкка номзодларнинг аҳвол-савияси, эртага шулар инсон тақдирини ҳал қиладими, қонун устуворлигини шулар таъминлайдими?..
Бундай талқин, бундай ёндашув масала моҳиятини англамасдан бонг уриб, жамоатчиликни чалғитишдан бошқа нарса эмас.
Биринчидан, Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига кириш синовларини топшираётганлар, кўпгина хабарларда урғу берилаётгани каби “судьяликка номзод”лар эмас, балки талабгор (янаям ҳижжалаб тушунтирилса – абитуриент!) ҳисобланади.
Талабгорнинг “судьяликка номзод” бўлиши учун:
1.Кириш синовларидан муваффақиятли ўтиб, Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчиси бўлиши;
2.Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсини муваффақиятли битириши шарт(таҳсил давомийлиги 1 йил)!
Яъни, шу босқичлардан ўтган мутахссисгина “судьяликка номзод” бўлиши мумкин. Бироқ шундаям судьялик лавозими кафолатланмайди. Олдинда яна бир довон борки, энди номзод Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиладиган бўш судьялик лавозимлари учун очиқ танловда иштирок этиши керак.
Очиқ танлов муқобиллик асосида ўтказилиб, муносибларгина судьялик лавозимига тайинланаётгани жамоатчиликка маълум.
Энди кириш синовларининг иншо босқичида “0” балл олган талабгорлар масласига изоҳ беришдан аввал мавжуд тартиб ва қоидаларни яна бир марта эсга олсак.
Кириш синовларининг иншо босқичида 50 тадан ортиқ мавзулар ичидан 3 таси талабгорлар томонидан ёпиқ конвертлар орасидан таваккалчилик асосида танлаб олиниши ҳақида илгари ҳам маълумот берилганди. Шунингдек, танлаб олинган мавзулар бўйича ёзилган иншо дафтарларининг муқоваси олиниб, биринчи варағига махсус шифр қўйилган ҳолда (шу тариқа талабгорлар шахссизлантирилади, бундан мақсад холисликни таъминлаш, турли шубҳа ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдир) махсус баҳоловчи комиссияга топширилиши, иншо ёзилган дафтар варақларига (муқовасига эмас) талабгор ўз исми-шарифини ёзиши ёки бирор бир кўзга яққол ташланадиган белги қўйиши мумкин эмаслиги ҳам айтилиб, акс ҳолда, “0” балл қўйилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Бахтга қарши, кириш синовларининг айни шу босқичида 8 нафар талабгорга (уларнинг бир нафари иншо дафтарини топширмай, ўзи билан олиб кетган!), жорий тартибларга риоя қилмагани учун, “0” балл қўйилди.
Алқисса, мазкур балл уларнинг билим-салоҳиятини акс эттирмайди, балки тартиб-қоидаларга риоя этилмаганининг аччиқ ҳосиласи, холос.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати