Судьялар корпуси қандай шакллантирилади?
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар, юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд йўли билан ҳар томонлама ва тўла ҳимоя қилинишини таъминлаш, суд соҳасига ахборот коммуникацион технологияларини кенг жорий қилиш, суд мажлисларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва шу йўл билан фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
2021 йил 28 июль куни янгидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни айни шу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, дейишга барча асослар бор.
Қонун 101 моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан, яъни 2021 йил 29 июлда қонуний кучга кирди.
Қонуннинг судьялар корпусини шакллантиришга бағишланган 5-моддасида судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилиши, кенгашни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши назарда тутилган.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган ва 7 апрелдан қонуний кучга кирган.
Мазкур Қонуннинг 4-боби 8 моддадан иборат бўлиб, судьялар корпусини шакллантириш масалаларини ўз ичига олган.
Судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида амалга оширилади.
Бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқатлилик, етарли ҳаётий тажрибага эгалик, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ёки жисмоний нуқсонларнинг мавжуд эмаслиги биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонларидир.
Судьяларнинг судьялик фаолияти даврида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилиги судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонларидир.
Кенгаш янги ваколат муддатига тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлигини, шунингдек, жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини инобатга олади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонуни суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини суд йўли билан кенг ҳимоя қилиш ва шу орқали шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилгандир.
Асқарали Умматалиев,
Андижон вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси