Очиқ мулоқотда очиқчасига гаплашиб олинди

9 Сентябрь 2023 19:26 673 Чоп этиш

 Судьялар олий кенгаши мутасаддиларининг Кенгаш ҳузуридаги  Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Судьялар олий мактабига яқинда қабул қилинган тингловчилар билан кейинги бир ҳафтадаги иккинчи учрашувдир.

 Илк учрашув янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир бўлиб, унинг йўриғи бошқа: унда табрик ва тилаклардан бошқа гаплар айтилмайди ҳисоб.  Шундай бўлиши ҳам керак: кириш синовларидаги катта рақобат, беором ўтган тунлари-у кунлар, ҳар бир босқич натижаларини хавотир ва умид билан кутишлар... ниҳоят, ҳар бир йўналиш бўйича юзлаб талабгорлардан фақат саноқлиларигагина тингловчи бўлиш  насиб этадики, уларнинг қувончига шерик бўлиш  дарсхонага бирга кириб, илк сабоқни тизимда катта ҳурматга эга устоз-судьялар ўтиб беришлари чиройли анъана, ёш мутахассисларга қўшимча маънавий рағбатдир.

Шундай саодат насиб қилганларнинг олдида  навбатдаги довон турибди: Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсида қунт билан ўқиб, уни муваффақиятли битирмоқдир.

Шундан келиб чиқиб, тадбирда айтилдики, Судьялар олий мактаби тингловчиси бўлмоқ  яқин келажакда судьялик нақд дегани эмас. Қолаверса, курс тингловчиларини ўрта мактабни битириб, олий ўқувга юртига кирган талабадан фарқи  ҳам катта. Талаба катта ҳаётга энди қадам ташлаётган навқирон ўсмирлар бўлса, мазкур даргоҳ тингловчиси аллақачон олий маълумотли юрист шаҳодатини олиб, ҳуқуқ соҳасида камида етти йил тажрибага эга мутахассислар ҳисобланади. Демак, талаб ҳам шунга монанд бўлиши аён: бу наинки  астойдил таҳсил олиш, балки юриш-туришдан тортиб, бошқалар билан муносабатларни ҳам ўз ичига олади. Зеро, судьялик лавозими маълум чекловлар талаб қилади: иш жараёнида ҳам, ишдан кейинги пайтларда ҳам.  Бундан кўринадики, Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилиги  ҳар бир тингловчи ҳаётидаги янги очилган саҳифадир.  Унинг соф ва тоза бўлиши  нафақат профессионал салоҳият, балки кишининг (тингловчининг) маънавий-ахлоқий жиҳатларига ҳам боғлиқдир. Чунки,  одил судловни амалга оширишдек масъулиятли лавозим лаёқатдан ташқари  бенуқсон обрў-эътибор ва ҳалолликни ҳам талаб қилади.

Очиқ мулоқотда ўқув-дастурларни янада такомиллаштириш, таҳсилнинг таъсирчан усуллари самарали жорий этиш, бу жараёнда тингловчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниши ҳам таъкид этилди.

Якунда Судьялар олий кенгашининг аёл судьялари Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсининг хотин-қизлари билан алоҳида гаплашиб олдилар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech