Тақдимот, амалий семинар - судьяларни жам қилган мавзу

10 Сентябрь 2023 18:32 763 Чоп этиш

Бундай тадбир ўтказилишига анчадан буён зарурият бор эди, чунки, судларда давлат божи белгилаш масаласида баҳс-мунозаралар етарли бўлиб, бу, айниқса, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг электрон платформасида яққол кўзга ташланаётганди.

Мавзу юзасидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, бу борадаги суд амалиёти таҳлилидан хулоса қилиндики, давлат божи белгилаш масаласида семинар-машғулотлар ўтказишга, дарҳақиқат, эҳтиёж бор, бироқ аввал ҳуқуқий қўлланма тайёрлаш мақсадга мувофиқроқ. Қўлланма тақдимоти  амалий-семинар билан бирга ўтказилса, шунда самара кўпроқ бўлиши  аниқ.

Шу тариқа Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан фуқаролик ва иқтисодий судларда давлат божини белгилаш ва ундиришга оид ҳуқуқий қўлланмай тайёрлашга киришилди.

Кенгаш аъзолари масъуллигида Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчилар томонидан қисқа вақтда катта ҳажмдаги ишни бажарилиб, ниҳоят, қўлланмалар тайёр бўлди.

Куни кеча, аввалдан мўлжал қилинганидек, “Фуқаролик судларида давлат божини белгилаш ва ундириш тартиби” ва “Иқтисодий судларда давлат божи ундириш тартиби ” қўлланмалар тақдимоти  ва шу мавзуда амалий семинар бўлиб ўтди.

Фуқаролик ва иқтисодий судлар судьялари иштирокида бевосита ва билвосита (онлайн) ўтган тадбир фақат қўлланмалар аҳамияти доирасида  қуруқ маърузалар билан чеклангани йўқ. Аксинча, тадбир давлат божини белгилашда суд амалиётда учраётган ҳолатлар, уларнинг ҳуқуқий ечимлари  бўйича ростмона жонли мулоқот шаклида кечдики, натижада семинар белгиланган вақтдан ўтиброқ ниҳоясига етди. Шундаям мавзу ёпилмади:  жонли мулоқот Судьялар клуби электрон платформасида давом этиши, таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилиши, заруриятга қараб, қўшимча тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши айтилди.

  Мавзу долзарблигининг яна бир муҳим нуқтаси шундаки, бож деганда фақат давлат манфаатларинигина тушуниш тўғри эмас. Одил судловни амалга ошириш муайян молиявий харажатларни келтириб чиқариши маълум. Хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судларда низо  хусусиятидан келиб чиқиб, харажатларнинг маълум қисми тарафлар зиммасига юклатилади.  Бу эса ҳар бир ҳолатда суд харажатларини тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишни тақазо этади. Суд ҳужжатларининг қонуний, асосли ва адолатлилиги эса давлат божини тўғри тақсимлашга ҳам боғлиқ. Суд харажатларини тўғри тақсимлаш эса фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаган ҳолда амалга оширишни, мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди.

Шунингдек, тадбирда давлат божи миқдорини белгилашдан ташқари уни ундириш ёки кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлашга оид тартиблари хусусида кенг жамоатчиликка тушунтиришлар бериш, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи  муҳимлиги ҳам қайд этилиб, тегишли тавиялар берилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech