Тармоқдаги жазава: кимга зарар, кимга наф?
Фарғоналик Х. Тошпўлатов ижтимоий тармоқлар биринчи марта чиқиш қилаётгани йўқ. Бундан аввал ҳам (маҳаллий блогер ёрдамида) фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судидан (ҳали ниҳоясига етмаган иш бўйича!) норозилигини ҳиссиёт билан баён қилган, унда одоб ва тартиб чегарасидан чиқилгани сабаб баёнот шаклида муносабат билдиришга тўғри келганди.
Кенгаш муносабатига нисбатан (яна ўша маҳаллий блогер ёрдамида) “ана баёнотингга жавоб-мана баёнотингга жавоб” қабилидаги кейинги чиқиши очиқ қолдирилганининг сабаби бошқа. Яъниким, судга иши тушганларнинг аксарияти ўзини ҳақ деб билади, шунга қарамай уларда ишонч-у умиддан ташқари хавотир, ҳаяжон ва ҳатто асабийлик кузатилиши ҳам бор гап. Натижада айримлар шошқалоқлик қилиб, баъзилар мавжуд тартиб-қоидалардан бехабар ҳолда барвақт ижтимоий тармоқларда бонг уришга тушадики, шу ва бу каби ҳолатларга тушуниш билан муносабатда бўлинаётганлиги туфайли ҳуқуқий чоралар кўришдан кўра мавжуд қонун ва қоидаларни эслатиш билан чекланмоқда.
Бироқ, бу - андишанинг оти қўрқоқ, дегани эмас.
Фуқаро Х. Тошпўлатов бу сафар гўёки ижтимоий тармоқларни зирриллатиб, Фарғона туманлараро маъмурий суди судьясига (аёл) ёпишибди. Унингча, судьяча (?) – овсар (!), (унинг аризасини рад этиб) “етти ухлаб тушга кирмаган амалиётни” қўллабди, агар у юқорироқ судга ишга ўтиб қолса, фуқаролар ҳолига маймунлар йиғлайди, шундай чаласавод судья “сизнинг мактабингиз мевасими”, Фалончиев? Ва ҳоказо, ҳоказо...
Биринчи инстанция судидан норози тарафнинг шикоят қилиш ҳуқуқи қонунда кафолатланган. Бир эмас, бир неча поғонадан иборат суд инстанцияларига мурожаат қилиш имконияти бўлатуриб, тармоқларда “ўзидан қаҳрамон ясаш” фойдадан кўра, зарар келтириши мумкин. Суд ҳужжатларининг қонунийлигига юқори инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилади, номида “судьялар” сўзи бўлгани билан Кенгашга бундай ваколат берилмаган.
Судьялар хато ва камчиликларга йўл қўйса-чи? Мана бу Судьялар олий кенгаши ваколатига доир масала. Бироқ бунга тармоқлардаги асоссиз ва ҳақоратомуз чиқишлар асос бўлаолмайди. “Оғзи полвон” мурожаатчининг норозилигига сабаб бўлаётган суд қарори ҳали юқори инстанцияда кўрилгани йўқ: унинг ҳуқуқий қуввати қандай, судья хато-камчиликка йўл қўйганми-йўқми - аввалдан бир нима дейиш - туғилмаган чақалоққа исм қўйишдек гап. Ҳозир айтиш керак бўлгани шуки, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат жавобгарлик келтириб чиқариши мумкин. Бу борада керакли чоралар кўриш эса, қонунга кўра, Кенгаш ваколатига тааллуқли масаладир.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати