Ўринсиз таъна, асоссиз иддаолар
Ажаб, “Мум тишлаган Кенгаш” муаллифи ростанам адвокат ва блогер Баҳодир Аҳмедовми ёки шу исм-шарифли бошқа биров ҳам борми? Ундаги таъна-ю иддаолар ўз йўлига, бироқ мавжуд ҳуқуқий ҳужжатлардан бехабарлик, бор нарсани инкор этишлар... буни ҳуқуқий саводи хаминкадар блогер ёки ҳаваскор мухбир ёзса, тушуниш мумкин эди, илло биз ҳурмат қилган адвокат(ва блогер)дан кутилмаган иш бўлибди.
Муаллифнинг Судьялар олий кенгаши фаолияти хусусида қандай фикрда экани – ўзига тан. Бироқ Кенгаш етарлича ишламаяпти, дея асос сифатида кўрсатаётган мисоли, шундан келиб чиқиб, “мум тишлашда” айблаши мутлақо асоссиз. Асоссизлиги шуки, унинг фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси ўзи қабул қилган суд ҳужжатини қонунда белгиланган фурсатда тарафларга бермаётгани ҳақидаги мурожаати бўйича ўз вақтида Кенгаш баёнот берган. Унда ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилгани ва мурожаатдаги важлар тасдиқлангани қайд этилиб, судьяга нисбатан интизомий жазо қўллаш масаласи Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъати томонидан кўриб чиқилиши билдирилганди. Бундан Б. Аҳмедовнинг ўзи ҳам, унга қўшиб кенг жамоатчилик ҳам хабардор этилганига қарамай Кенгашни “мум тишлаш”да айблаш, жуда юмшоқ айтганда, инсофдан эмас.
Агар муаллиф судьяга нисбатан қандай чора кўрилганини назар тутаётган бўлса, аввал малака ҳайъати қарори чиқсин, унгача, сабр. Чунки, судьялар малака ҳайъати йиғилишида битта эмас, бир неча масалалар муҳокама қилинади, шу сабаб ҳам кунда-шунда ўтказиладиган машварат ҳисобланмайди. Бунда ўзига яраша тартиблар борки, бу энди – алоҳида мавзу.
Муҳими, муаллифнинг мурожаати бежавоб ва натижасиз қолгани йўқ.
Шу жойда савол туғилиши мумкин: “Хизмат текширувида ҳолат тасдиқланган экан, судьяга нисбатан тегишли чорани Кенгашнинг ўзи кўриб қўйса бўлмайдими?”. Жавоб: йўқ-да, йўқ: негаки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 74-моддасида судья фақат тегишли судьялар малака ҳайъати қарорига биноан интизомий жавобгарликка тортилиши кўрсатилган. Яъниким, ушбу ваколат вилоят (ва унга тенглаштирилган) судлар судьялари малака ҳайъатлари ва Судьялар олий малака ҳайъатига тааллуқли. Судьялар олий кенгаши фаолиятига оид қонунда Кенгаш судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши кўрсатилган, бироқ шундаям қарор қабул қилиш учун материаллар тегишли малака ҳайъатларига юборилади. Жойлардаги малака ҳайъатлари қарорига нисбатан Судьялар олий малака ҳайъатига шикоят бериш мумкин. Кенгашда эса Судьялар олий малака ҳайъати қарорларига нисбатан берилган шикоятлар кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади.
Муаллиф Кенгашни судьялар устидан йўлланган арзи-ҳолларни “судьяларнинг ўзларидан иборат бўлган Малака ҳайъатларига йўллаш амалиётини ушлаб олган”ликда ҳам айблаб, шундай таъналар ёғдирибдики, мана, улар: “...унда бизга Кенгаш(нинг) нима кераги бор? Қарға кўзини қарға чўқирмикин? Шикоятни мустақил орган кўриб чиқиши керак эмасми? Бўйнини қумга тиқиб олаверса, масъулиятни бўйнига олиб чиқадиган топилмаса, судья нима қилса қилаверади-да...”.
Ушбу жумлаларни ўқиб, олий маълумотли ҳуқуқшунос, боз фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиб юрган адвокатнинг Кенгаш фаолияти тартибга солинган қонун ва Судьялар малака ҳайъатлари тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бехабарлигидан ҳайратдамиз
Мана, “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низом (мазкур Низом Кенгаш ёки Олий суд раёсати қарори билан эмас, балки алоҳида қонун билан тасдиқланган!). Унга кўра, мазкур тузилма Судьялар олий кенгашига унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашади (2-модда).
Энди “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга қарайлик. Унда Кенгаш ваколатига доир масалалар қаторида “Судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириши, уларнинг фаолиятини текшириши” ҳам қайд этилган (7-модда).
Мазкур икки норманинг ўзи Кенгаш ва Судьялар малака ҳайъатлари фаолияти бир-бирига боғлиқ эканини кўрсатиб турибди. Шундай экан, Судьялар олий кенгашига нисбатан айтилаётган судьялар устидан йўлланган арзи-ҳолларни “судьяларнинг ўзларидан иборат бўлган малака ҳайъатларига йўллаш амалиётини ушлаб олган” таъна, айтинг, нечоғли тўғри?
Қолаверса, “судьяларнинг ўзларидан иборат бўлган малака ҳайъатлари” судьяларнинг қўлтиғига сув пуркаб ўтирадиган тузилма эмаслиги, уларнинг фаолияти Кенгаш томонидан текширилиши, бунга малака ҳайъатлари раислари эса (Кенгашга) ҳисобдорлигини ҳам қўшсак, “қарға кўзини қарға чўқирмикин?” иддао асоссизлигидан ташқари унда ҳақорат оҳанглари ҳам борлиги кўринади. Шунингдек, ушбу нормалардан “Шикоятни мустақил орган кўриб чиқиши керак эмасми?” деган саволга жавоб топиш ҳам мумкин.
Кенгашнинг жорий йил ўтган олти ойига фаолияти сарҳисобида 128 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилгани, бундан ташқари 12 нафар судья одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузгани ва Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмагани, 11 нафари ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилгани ҳақида очиқ ахборот берди. Мазкур рақамларни муаллиф “..бўйнини қумга тиқиб олаверса, масъулиятни бўйнига олиб чиқадиган топилмаса, судья нима қилса қилаверади-да...” қабилидаги таги пуч писандаларига жавоб сифатида қабул қиладими-йўқми – буям ўзига тан.
Энди “Унда бизга Кенгаш нима кераги бор?” деган иддаога келсак.
Янгиланган Конституцияга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди Яъниким, фуқаролик жамиятининг муҳим талабларидан бири мустақил суд ҳокимиятидир, демак, унинг конституциявий принципларига риоя этилиши таъминланиши шарт. Шу боис ҳам ушбу масалага масъул бўлган Судьялар олий кенгаши ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади.
Қонунда (“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун, 4-модда) акс этган ушбу нормани шарҳлаш шарт эмас. Биринчидан, шундоғам тушунарли. Иккинчидан, талабаларга ҳуқуқий қўлланма ёзилаётгани йўқ ҳозир, аксинча, блогер ва адвокатнинг тармоқдаги чиқишига раддия билдирилмоқда. Раддияга эса охирги нуқта қўйишнинг фурсати етди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати