“Граф Монте-Кристо”ни ўқидим, чунки бу асар...”

19 Сентябрь 2023 18:16 750 Чоп этиш

“Куч - Адолатда” газетаси таҳририяти  “Мутолаа эҳтиёжи” рукни остида судьяларнинг китоб ва китобхонликка оид фикр-мулоҳазаларини  ёритиб боришда давом этмоқда.

Аввалига тажрибалари судьяларга  минбар берган таҳририят бу гал уларнинг сафар ёш, умидли  ҳамкасбларнинг  фикри билан қизиқди.

Қуйида мавзу юзасидан  Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий судининг судьяси Элдор Қурбонов мулоҳазалари билан танишасиз.

***

“Китоб мутолааси” ибораси жамиятимизда кам ишлатиладиган сўзга айланиб бораётгандек гўё. Чунки ҳозирда технологияларнинг жадал ривожланиши ортидан ахборот олиш тезлиги ошгани ва кўламининг жуда ҳам кенглиги сабабли аксарият инсонлар вертуал оламдаги янгиликлар билан танишишга кўпроқ вақт сарфламоқда. Натижада инсоннинг энг яқин дўсти бўлган китоб бироз бегоналашмоқда. Бироқ бу вақтинчалик ҳолат бўлиб, китобнинг аҳамиятини асло камайтирмайди.

Давлатимиз раҳбари жамиятда китоб мутолаасини ривожлантириш, ёш китобхонларни рағбатлантириш ва бу йўналишда турли танловлар ўтказишига катта эътибор қаратаётгани замирида ёш авлод ақл-заковатини юксалтириш мақсади мужассамдир.

Китоб мутолааси нафақат судья, балки жамиятда ўз ўрнини топмоқчи бўлган ҳар бир инсон учун зарур. Судьялик машаққатли ва масъулиятли касб экани барчага аён. Судга мурожаат қилинган низо юзасидан ҳар томонлама асосли, қонуний ва адолатли қарор қабул қилиш судьянинг зиммасидаги бурч ҳисобланади. Доимий мутолаа фикрлаш тезлиги, қийин вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва суд ҳужжатини равон ёзишда жуда ҳам асқотади.

Маълумки, суд процесси якунида судья ўзи қабул қилган қарорнинг мазмун-моҳиятини тарафларга тушунтириб беради. Бу жараёнда доимий равишда китоб мутолаа қилиб юрган судьянинг иши осон кечади. Бошқача айтганда, китобга ошно бўлган судья қарор мазмунини тарафларга оддий, содда ва равон тилда тушунтириб беради. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу кунларда қайси китобни ўқияпман?

Яқинда Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо” асарини такроран ўқиб чиқдим. Бу асарни олдин ҳам бир неча маротаба ўқиганман. Аммо уни ҳар гал мутолаа қилганимда ўзгача ва завқ оламан. Асар бош қаҳрамони таъкидлаганидек, “Кутмоқ ва умид қилмоқ керак” ғояси ҳар бир инсон ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга. Асарни бадиий фильм тарзида ҳам кўп маротаба томоша қилганман. Бадиий фильмда асар қаҳрамонларининг кечинмалари тўлиқлигича очиб берилмаган. Аслида асар жуда ҳам кенг мазмунли. Унда инсон сабр­иродаси, ўз мақсадига эришиш, ўзини ўзи тарбиялаш, жазо ҳам, мукофот ҳам инсоннинг ўз ҳаракати натижаси экани ёрқин ифодаланган.

Шу боис  ушбу асарни ҳамкасбларимга ушбу асарни ўқиб чиқишни тавсия этаман.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech