Юзма-юз мулоқотга уланган навбатдаги тақдимот
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни суд органларида ҳимоя қилиш, бу борада қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига бағишлаган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари вакиллари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига масъул ташкилотлар ҳам суд тизими вакиллари иштирок этди.
Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда мулкдорлар ва тадбиркорлик субъектларининг қонун олдидаги тенглигини таъминлаш, уларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўл қўйилаётган ҳар бир қонунбузарлик ҳолатларига қатъий чек қўйиш, аниқланган ғов ва тўсиқларни бартараф этиш – тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани таъкид этилди.
Шунингдек, тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар, имтиёзлар ҳамда кафолатлардан эркин ва мустақил фойдаланишлари учун уларнинг ўзи биринчи навбада тегишли қонун ҳужжатларини, фаолияти билан боғлиқ бўлган давлат органларининг ваколатларини, ўзларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, улар бузилган тақдирда, судга мурожаат қилиш тартиб-қоидаларини пухта билишлари лозимлигига ҳам урғу берилди.
Жонли мулоқот, асосан, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг фаолиятига жараёнида учраётган муаммоларнинг ҳуқуқи ечимлари доирасида кечди. Уларнинг қатор саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Тадбирда иштирокчиларга Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган “Тадбиркорлар ҳуқуқи – суд ҳимоясида” амалий қўлланма тақдим этилди.
Айтилдики, мазкур амалий қўлланма тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тартибга солинган қонун ҳужжатлари тўплами эмас. Унда асосий эътибор ўша ҳақ-ҳуқуқлардан қандай фойдаланиш ва уларнинг тартибларига қаратилган.
Мазкур қўлланма тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда судлар фаолиятидаги очиқлик ва шаффофликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.