Хулосага шошмайлик-да?!

27 Сентябрь 2023 14:43 1077 Чоп этиш

 Изтеҳзо-ю писандани тушуниш мумкин (гап фуқаронинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши ва ундаги иддаолар ҳақида кетяпти), дарҳақиқат, бир қарашда Судьялар олий малака ҳайъати аъзоси Дж. Чориев йўллаган жавоб хатида мантиқсизлик бордай кўринади. Яъниким, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Судьялар олий малака ҳайъатига йўлланган мурожаатга жавоб қайтарилмоқдаки, важларингиз судьяга нисбатан Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилганда тасдиғини топмаган, норози бўлсангиз, (Судьялар олий малака ҳайъатига) мурожаат қилишингиз мумкин, деб. Фуқаро ҳайрон: Судьялар олий малака ҳайъатига мурожаат  қилдим-ку, жавоб шу бўлса, яна такрор мурожаат қилишда  мантиқ қани?

 Фуқаронинг эътирози мазмуни “пардозлаб” баён қилинмоқда, асли эса бошқачароқ: "Бу хатти- ҳаракатларингизни мен саводсизликка йўймайман ва асло техник хато деб ҳам ўйламайман. Бу қасддан атай бажарилган пасткашларча ҳаракатингиз деб баҳолайман. Мурожаатчининг устидан пасткашларча кулиш!”

Иддао жудаям ошиб кетибди.

Аслида-чи?

Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро суди судьяси хатти-ҳаракатидан шикоят тушгани бор гап. Шу  асосда Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, важлар тасдиғини топмаганлиги ҳақида хулоса қилинади. Бу орада ўша судьянинг устидан Судьялар олий малака ҳайъати ҳам шикоят ёзилади.

 Шикоят Судьялар олий малака ҳайъатида ўрганилганда фуқаро Қашқадарё вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган хизмат текширувидан бехабар экани ойдинлашади. Шундан келиб чиқиб, жавоб берилмоқдаки, аввал хизмат текшируви натижаси билан танишинг, унга (хизмат текширув хулосасига) эътирозингиз бўлса, марҳамат - мурожаат қилишингиз мумкин. Бунда наинки важларингиз, унга қўшиб, хизмат текшируви холис ва ҳаққоний ўтган-ўртмагани ҳам ўрганилади...

Бор гап шу.

Тўғри, қонуннинг қаттиқ тилини ҳаммаям бирдек тушунавермайди. Шу сабаб баъзан тушунмовчиликлар ҳам юзага келади. Аммо бу - билиб-билмай тармоқда оғизга келган гапни қайтармай гапиравериш мумкин, дегани эмас.  Бир ҳикматда таъкид этилганидек, айтилмаган гапга хўжайин - ўзинг, гап оғиздан чиқдими, энди  у  сенинг хўжайинингга айланади.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech