Тадбир, тақдимот ва Кенгашнинг яна бир ташаббуси
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Устоз ва мураббийлар куни арафасида хос тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида, анъанага кўра, суд тизимида узоқ йиллар намунали фаолият кўрсатган устоз ва мураббийлар табрикланди, уларнинг шаънига илиқ ва самимий тилаклар айтилди. Таъкидландики, уларнинг ҳамон камарбасталиги, хайрихоҳлиги ва маънан қўллаб-қувватлаб келаётгани учун тизимда ким қандай муваффақиятга эришаётган бўлса, азиз устозларнинг ҳиссаси улкан, буни доим эътироф этмоқ шогирдлик бурч ҳисобланади.
Маълумки, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суд тизимида узоқ йиллар намунали фаолият юритган устозларнинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Ибрат мактаби” туркумида китоблар нашр қилиб келинмоқда.
Устоз ва мураббийлар куни арафасида бу йил тўқон икки баҳорни қарши олган фахрий судья, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Умсун Астанованинг машаққатли ва шарафли ҳаёти ҳамда фаолияти ҳақидаги “Матонали аёл қиссаси” (муаллифи Арслон Эшмуродов) китоби нашрдан чиқди.
Тадбирга китоб тақдимоти ҳам уланиб кетди. Умсун Астановадай фахрийларнинг ҳаёт йўқли ёш ҳамкасбларига ибрат бўлиши таъкид этилди. Тақдимотда китоб қаҳрамонининг шахсан иштироки эса тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги фармони билан суд тизимида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган фахрийларини “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб келинмоқда. Тадбирда бир гуруҳ фахрийларга “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Тадбирдаги яна бир эътибор ҳолат: Кенгашнинг навбатдаги ташаббуси билан устозлар йўлидан оғишмай бориб, намунали фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ судьяларнинг устозлари ва ота-оналари ҳам рағбатлантирилди.
Уларга Судьялар олий кенгашининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди. Зеро, ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги биринчи устозимиз ота-онамиздир. Рағбатнинг бундай шакли ота-оналарга ажойиб мамнунлик бахш этса, судьяларнинг ўзларига қўшимча иштиёқ беради.