Кенгаш ташаббуси билан муҳим мавзуда халқаро конференция бўлиб ўтмоқда
Бугун Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармасининг (IRZ) “Ўзбекистон суд-ҳуқуқ идоралари ўртасида ҳамкорлик” дастури ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда судья одоби, суд этикаси бўйича умумэътироф этилган меъёрлар ва хорижий давлатлар тажрибаларидан яқинлан танишишдан иборат.
Таъкидландики, одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ омиллар кўп. Жумладан, суд тизим вакилларининг умумэътироф этилган одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиши одил судловни амалга оширишнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис ҳам Ўзбекистон Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2023 йил 16 январь) фармонида судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш устувор вазифа этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, конференцияда судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ хизмат ва хизматдан ташқари вақтда риоя этиши мажбурий бўлган маънавий-ахлоқий талаблар, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар, судьялар одоб-ахлоқига оид халқаро стандартларга асосланган қоидаларининг ташкилий асослари бўйича фикр алмашилди.
Кун тартибидаги мавзу бўйича Германия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари судларининг судьялари ва экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Тадбирда Судьялар олий кенгаши томонидан нашр этилган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” маърифий китобига ҳам эътибор қаратилди. Судьялик институти борасидаги давлат сиёсатидан бошлаб маънавият, адолат борасидаги азалий қарашлар, қозилик мақоми ва масъулияти ҳамда ўтмишда ўтган кўплаб қозиларнинг донишмандона ҳукмлари ҳақида талай ибратли ва қизиқарли воқеалар жамланган мазкур асар судьялик этикаси бўйича чоп этилган илк маънавий-маърифий и тўплам экани алоҳида таъкид этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Судьялар олий кенгаши томонидан тайёрланиб, куни кеча нашрдан чиққан “Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари” қўлланмасининг кичик тақдимоти ҳам ўтказилди.
Халқаро конференция натижаларидан келиб чиқиб, халқаро стандартлар, хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида судьялик этикасига оид қоидаларни янада такомиллаштириш ва самарали механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Халқаро конференцияси эртага ўз ишини якунлайди.